Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 201-сонли Қарорига асосан Қашқадарё вилоятини 2022-2026 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Қашқадарё вилоятида 2022-2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажмини 1,5 бараварга, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,5 бараварга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,2 бараварга, хизматлар ҳажмини 2,9 бараварга ҳамда қурилиш ишлари ҳажмини 1,2 бараварга ошириш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилади. Натижада, жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажми 13,9 млн сўмдан 22,1 млн сўмга ошади.
Тегишли соҳаларни ривожлантириш орқали вилоятнинг бюджет тушумлари ҳажми 3 483 млрд сўмдан 5 528 млрд сўмга (1,6 баравар ўсиш) етказилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган тадбирлар натижасида келгуси беш йилда жами 51 585 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилади. 438,4 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш орқали вилоятда ишсизлик даражаси 9,2%дан 7,6%га, камбағаллик даражаси 50% га қисқартирилади.
3 872 та лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 579,2 млн долларлик инвестиция лойиҳалари ишга туширилади ва инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича янгидан 72 та кичик саноат зоналари ташкил этилади.
Ҳудудий экпорт ҳажми 1,6 бараварга оширилган ҳолда, жами 1,6 млрд долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти йўлга қўйилади.
Келгуси беш йилликда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 43,4%дан 68,4%га, оқова сув тизими билан қамров даражасини 6,3%дан 14,2%га ошириш кўзда тутилган. Шу билан бир қаторда электр тармоғини яхшилаш мақсадида умумий узунлиги 61 99,1 км бўлган электр тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 1 673 та трансформаторларни ўрнатиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Вилоятнинг йўл инфратузилма салоҳиятини яхшилаш мақсадида умумий узунлиги 814,9 км бўлган умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини асфальтлаш ҳамда 3 554,3 км ички хўжалик йўлларини яхшилаш, 125 та кўприкларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шу билан бир қаторда, умумий қиймати 455,1 млрд сўмлик 275 та иссиқлик таъминоти тизими объектларини янгидан қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш кўзда тутилган.
Келгуси беш йиллик истиқболда вилоятда мактабгача таълим билан қамров даражаси 52,1%дан 62%га оширилади, бу борада хусусий сектор томонидан 57 346 ўринли 2 029 та нодавлат ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш чоралари кўрилади. 744 та умумтаълим мактабларида қурилиш реконструкция ишлари олиб борилади. Жумладан, 24 та янги умумтаълим мактаблари қурилади, 548 та умумтаълим мактабларида реконструкция, 172 та умумтаълим мактабларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Вилоят ҳудудларида 15 та янги спорт объектлари қурилади 14 та спорт объектларида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Элдор Зайниддинов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Қашқадарё вилоят филиали бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш