Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг 15-саммитида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ИҲТ ўтган давр мобайнида улкан иқтисодий салоҳиятга эга йирик минтақавий тузилмага айлангани, унинг халқаро майдондаги ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистон ташкилот доирасида кенг қамровли алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори ҳамда бўлажак раислик вазифасини самарали амалга ошириш ниятида экани таъкидланди.
«Давом этаётган пандемия таъсирида жаҳон иқтисодиёти ривожида қандай тенденциялар кузатилади, халқаро ҳамжамият яна қандай янги хавф-хатарларга дуч келади, деган саволларга ҳамон аниқ жавоб йўқ. Бундай ўзгарувчан шароитда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича умумий саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент биринчи йўналиш сифатида 500 млн дан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Қабул қилинган «Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти истиқболлари — 2025″ концептуал дастури асосида мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш ва энг муҳими, амалий натижадорликка эришиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур ҳужжатда савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш, ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг тадбиқ этиш масалалари ўз ифодасини топиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган Қўшма ҳаракатлар дастурини («Йўл харитаси»ни) қабул қилиш бугунги кун талаби эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жаҳон бозорида умумий рақобат-бардошликни кучайтириш лозимлигига урғу берилди.
«Шу мақсадда БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти ЮНИДО ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун СПЕКА Махсус дастури билан ҳамкорликда Ташкилотимиз доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Иккинчи йўналиш — минтақадаги мавжуд ва янги транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш. Бу борада:
- минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш;
- замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш;
- транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш;
- халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш;
- транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топиш зарурлиги қайд этилди.
«Бу режаларни рўёбга чиқариш учун мамлакатларимизнинг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир», — деди президент.
Учинчи йўналиш — «яшил тараққиёт»га эришиш учун амалий саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш.
Экологик муаммолар ва иқлим ўзгариши кескин тус олаётган ҳозирги даврда:
- давлатларда тўпланган ва хорижий илғор тажрибадан самарали фойдаланиш;
- «яшил иқтисодиёт»ни биргаликда фаол ривожлантириш;
- саноат тармоқларига ресурстежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш;
- углерод нейтраллигига эришиш.
Шавкат Мирзиёев бунинг учун халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги (экология вазирлари) доимий Мулоқот кенгашини тузишни таклиф этди.
Тўртинчи йўналиш — сайёҳлик алмашувларини қайта тиклаш.
Бухоро шаҳрида 2022 йили бўлиб ўтадиган туризм вазирларининг навбатдаги учрашувида пандемиядан кейинги даврда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилиш ташаббуси билдирилди.
«Шу асосда „зиёрат туризми“ ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилган бўлар эди», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев ИҲТ аъзоси бўлган Афғонистондаги бугунги мураккаб вазият ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:
«Ушбу мамлакат кун сайин оғир гуманитар инқирозга кириб бормоқда. Халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар ёрдамисиз афғон халқи якка ҳолда бу қийин синовлардан ўта олмайди. Шу боис афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак», — деди у.
Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистон билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш тарафдори эканини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг халқаро нуфузи ва обрўсини ошириш бўйича ҳам ўз таклифларини илгари сурди. Жумладан:
- бошқа минтақавий ташкилотлардан фарқ қиладиган ва ўзига хос кун тартибига эга бўлиш;
- етакчи халқаро тузилмалар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш;
- ҳамкорликнинг институционал механизмларини ривожлантириш;
- ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини тузиш;
- ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва долзарб вазифалардан келиб чиқиб, ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ИҲТга раислик қиладиган даврда мамлакатларда Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.
«Биз бугунги тадбиримизнинг якуний ҳужжати — Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси қабул қилинишини ҳам қўллаб-қувватлаймиз», — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, давлат раҳбари ташкилотнинг янги бош котиби Хусрав Нозирийни «масъулиятли фаолияти бошланиши муносабати билан самимий табриклаб», келгуси ишларида ютуқ ва омадлар тилади.
Президент сўзини якунлар экан, йиғилганларни навбатдаги саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.
Изоҳ қолдириш