Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга жўнаб кетди.
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари кўриб чиқилади.
Кўп қиррали шерикликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни белгилаш ҳамда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.
Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб оладиган жами 30 дан зиёд ҳужжат қабул қилиниши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ташриф доирасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган тижорат шартномалари ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Ташриф дастуридан Душанбе шаҳрида маданий тадбирларда иштирок этиш, Сўғд вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашиш, саноат объектлари билан танишиш ҳам ўрин олган.
Мавзуга оид материллар:
Изоҳ қолдириш