Шифокорларнинг ойлиги ошади, уй-жой олишлари учун харажатларининг 50 фоизгача қисми давлат томонидан тўлаб берилади

Шифокорларнинг ойлиги ошади, уй-жой олишлари учун харажатларининг 50 фоизгача қисми давлат томонидан тўлаб берилади

Халқаро форумлар саройида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" мавзусидаги очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда.

Учрашувда давлат раҳбари аҳолига тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриб, кенг кўламли вазифаларни белгилаб беради.

“Ҳамма соҳаларда бўлгани каби, тиббиётда ҳам барча масалаларни малакали кадрлар ҳал қилади.

Бу борада, буюк олим Гиппократнинг: “Табобат – барча илм ва ҳунарлар ичида энг қийини ва шараф́лиси”, деган сўзлари айни ҳақиқатдир.

Шу боис, бугун тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, уларда чуқур билим ва малакага эга кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор бераяпмиз.

Мисол учун, сўнгги беш йилда 6 та янги тиббиёт олийгоҳи ташкил этилиб, уларнинг сони 14 тага етказилди, қабул квотаси эса 4 баробарга ошди", деди Президент.

Ҳудудларни малакали мутахассислар билан кафолатли таъминлаш мақсадида:

- вилоятлар буюртмасига асосан манзилли ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди;

- олис ва чекка қишлоқларга ишга борадиган битирувчилар учун, “Қишлоқ шифокори” дастурини амалга ошириш бошланди.

Шунингдек, 1,5 минг нафар шифокор нуфузли хорижий клиника ва университетларда малакасини оширди.

Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, амалий ёрдам бериб келаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия тараққиёт банки, UNICEF, ISAID, COVAX, JICA, TIKA, KOICA, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия ривожлантириш жамғармаси ва кўплаб бошқа ҳамкор ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирди.

“Биз бугунги мулоқотни ўтказишга узоқ тайёргарлик қилдик, ҳам шифокор, ҳам беморларнинг фикрларини эшитдик. Кенг жамоатчиликдан, халқаро экспертлардан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар олдик. Ташкил этилган “колл марказ”га 25 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди.

Улар орасида алоҳида аҳамиятга молик бўлган яна бир муҳим масала кўтарилган бўлиб, ижозатингиз билан, аввало шу ҳақда тўхталиб ўтмоқчиман", деди давлатимиз раҳбари.

"Бу масала соғлиқни сақлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, миллатимиз, халқимизнинг генофондини сақлашни конституциявий асосда алоҳида ҳимоя қилинадиган соҳага айлантириш билан боғлиқ.

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда инсон ва унинг қонуний манфаатлари ҳамда конституциявий ҳуқуқлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг марказига қўйилмоқда.

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари жамиятимизда олий қадрият ҳисобланади”.

Шавкат Мирзиёев Конституцияга тиббиётга оид ўзгартиришларни киритиш ташаббусини берди:

“...Амалдаги Конституциямизнинг 40-моддасида “Ҳар бир киши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган.

Ишончим комил, биз халқимиз соғлиғини сақлаш соҳасида улкан мақсад ва вазифаларни олдимизга қўяётган ҳозирги шароитда, ушбу конституциявий модданинг ўзи етарли эмас.

Бугун замон биздан тиббиёт тизимимизнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлашни талаб этмоқда.

Шунинг учун Асосий қонунимизда миллий соғлиқни сақлаш тизимини аҳоли саломатлигини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қиладиган юксак малакали замонавий соҳага айлантириш масаласи ҳам, ҳеч шубҳасиз, тўғридан-тўғри амал қиладиган конституциявий қоида сифатида ўз ифодасини топиши зарур.

Аминманки, Ўзбекистон фуқаролари қонунда, энг аввало, Конституциямизда белгилаб қўйилган кафолатли тиббий ёрдам турларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Шу мақсадда, биз турли тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш учун конституциявий асос яратишимиз керак.”

Шавкат Мирзиёев учрашувда Оролбўйи минтақасига ҳам тўхталди:

Давлат ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги улкан масъулиятни англаган ҳолда атроф-муҳитни асрашга қаратилган самарали чора-тадбирларни амалга ошириши шарт.

Чунки соф ва тоза экологиясиз аҳоли соғлиғи ва миллат генофондини сақлаш ҳақида сўз юритишдан маъно йўқ. Бу ҳақда гапирганда, мен аввало, бугунги кунда салбий экологик таъсирдан зарар кўраётган Оролбўйи минтақаси ҳақида ўйлайман.

Айни вақтда экология соҳасидаги ҳуқуқ бузилишлари оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши керак. Бу ҳам Бош қомусимизда аниқ-равшан белгиланиши зарур.

Шу билан бирга, Конституциямизда тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлайдиган қоидани ҳам муҳрлаб қўйишимиз лозим.

Давлат раҳбари соҳани ривожлантириш учун 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Тиббиёт ходимлари ва аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 68 фоизи (17 мингта) тизимли масалалар ҳисобланади.

"Айрим тиббиёт муассасалари аҳоли учун узоқ ва ноқулай жойлашган. 3 мингдан ортиқ маҳалла аҳолиси оилавий шифокорлик пунктига бориш учун 10 километрдан 75 километргача йўл босишга мажбур бўлмоқда.

- тиббий хизматлар аҳоли эҳтиёжига ҳудудлардаги одамларнинг турмуш тарзига, маълум бир касалликларнинг кўпайишига қараб белгиланмаган.

- бирламчи бўғинда 70 фоиз тиббий асбоб-ускуналар эскиргани туфайли кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати пастлигича қолмоқда;

- шифокорларнинг ойлик маоши иш натижасига қараб эмас, лавозим тариф сеткасига кўра белгиланган;

- таълим ва амалиёт бир-биридан узилиб қолган, тиббиёт олийгоҳларида битирувчиларнинг аксариятида иш фаолияти учун зарур амалий кўникма йўқ.

Мана шундай камчилик ва нуқсонлар сабабли аҳоли тиббиёт тизимидан ҳали тўлиқ рози эмас. Юмшоқроқ қилиб ёздим, рози эмас. Бу - ҳақиқат.

Узоқ қишлоқ ҳам Ўзбекистон. У ернинг ҳам нафаси бор. Қанийди шифокорларимиз ўша ерда яшаб қолса.

2021 йилдан бошлаб, бошқа жойдан олис ва чекка ҳудудларга камида уч йил ишлаб бериш учун келган шифокорларга 30 миллион сўм миқдорида бир марталик рағбат пули тўлаш, уларни хизмат уйи билан таъминлаш ёки ижара тўловини (ойига 540 минг сўм) бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этган эдик”, деди Шавкат Мирзиёев.

“Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилади ва 2022 йил 1 майдан бошлаб:

- олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади;

- ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади;

- бундан буён олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар