Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтди

Муҳтарам ватандошлар!

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимиз буюк ўзгаришлар арафасида турибди. Дунё миқёсида глобал тинчлик ва барқарорликка, инсоният томонидан неча минг йиллар давомида яратилган қадрият ва анъаналарга қарши таҳдид ва хатарлар кучайиб, турли давлатлар ўртасида рақобат тобора шафқатсиз тус олаётган, мамлакатимиз ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичига қадам қўяётган ҳозирги ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда ўз олдимизга аниқ стратегик мақсадлар қўйиб, истиқ- бол режаларини белгилаб олиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Биз шу мақсадда Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик. Шу йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ана шу Стратегияни халқимиз муҳока- масидан ўтказиш, янги фикр ва ғоялар билан бойитиш ва муваффақиятли амалга ошириш учун энг катта имконият, деб биламиз.

Ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизни 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган беш йилда яратилган, давлатимизнинг инсон учун, халқ учун очилиши, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш,

унинг муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилган мутлақо янги сиёсий-ижтимоий тизим биз учун бу йўлда мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Биз бу жараёнда қуйидаги ички ва ташқи омил- ларни ҳисобга олиш албатта шарт ва зарур, деб ҳисоблаймиз:

биринчидан, 2026 йилга бориб мамлакатимиз аҳолиси сони 38 миллиондан ошиши кутилмоқда;

иккинчидан, аҳолимизнинг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этмоқда ва ҳар йили меҳнат бозорига камида 600 минг ёшлар кириб келмоқда;

учинчидан, дунё миқёсида иқтисодиётнинг таркиби кескин ўзгариб, рақамли ва биотехнологиялар, сунъий интеллект каби соҳалар шиддат билан ҳаётимиздан ўрин эгалламоқда, иқтисодиёт ривожини ускуналар эмас, балки замонавий билим ва инновациялар белгиламоқда;

тўртинчидан, кескин иқлим ўзгаришлари юз бериб, сув ресурслари камайиб бормоқда, бу эса дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва даромадларига жиддий хавф солмоқда;

бешинчидан, халқаро майдондаги ва минтақамиздаги зиддиятлар, радикализм, экстремизм ва терроризм каби хавф-хатарлар кўлами кенгайиб бормоқда.

Ана шундай кескин вазиятда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутаётганини ўзимизга яхши тасаввур этамиз. Шунинг учун халқимизнинг ишончи ва орзу-ниятлари, эзгу умидларини рўёбга чиқариш мақсадида:

юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш;

фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш; халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтириш;

Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш;

камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш;

мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини ошириш биз учун энг муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади.

Эл-юртимизнинг туб манфаатларини ифода этадиган ана шундай вазифаларни самарали ҳал этиш учун биз Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик ва уни бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз.

I. ИЛМ ВА ИННОВАЦИЯЛАРГА АСОСЛАНГАН ЯНГИ ИҚТИСОДИЁТНИ БАРПО ЭТИШ

Келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди. 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилади ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратилади.

Биринчидан, келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,4 баробар ва меҳнат унумдорлигини камида 2 марта ошириш учун шароит яратамиз. “Драйвер” соҳаларда “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида саноат кластерлари тизими ривожлантирилади. Жумладан, мис саноати кластерини ташкил этиш орқали келгуси беш йилда мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 марта кўпаяди ҳамда 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади.

Навоий, Олмалиқ ва Бекобод металлургия корхоналарида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилади ва қўшимча 10 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш таъминланади.

Табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга етказиш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 5 та кимё технологияси кластерлари ташкил этилади ва уларда қарийб 7 миллиард долларлик 40 дан зиёд истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.

Илм-фанни ривожлантириш асосида саноат тармоқларига энг замонавий технологияларни кенг жорий этиш дастурлари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади.

Геология-қидирув ишлари ҳажми кескин оширилади, ерости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари пасайтирилиб, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компаниялар кенг жалб қилинади.

Иккинчидан, рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер” соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни олиб борамиз.

Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажми 5 марта, уларнинг экспорти эса 10 марта оширилиб, 500 миллион долларга етказилади.

Ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархларда юқори тезликдаги Интернетга уланади, магистрал автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль

алоқа ва Интернет билан қамраб олинади. Халқаро магистрал Интернет тезлиги – 5 баробар, туманлар- аро тармоқлар тезлиги – 8 баробар оширилади.

2022 йил якунига қадар “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида барча давлат органларида иш юритиш ва аҳоли билан ҳуж- жат алмашиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.

Электрон шаклдаги давлат хизматларининг улуши 100 фоизга етказилади. Жумладан, 700 дан ортиқ давлат хизматларидан 100 таси хусусий секторга ўтказилади.

Учинчидан, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади.

2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

2022 йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджети- нинг камида 5 фоизи ёки 1,5–2 триллион сўм маблағ “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфланади.

Мамлакатимизга янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслиги таъминланади.

Юртимизга капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай шароитлар яратилади ва фонд бозори ҳажми 7 миллиард долларга етказилади.

Тўртинчидан, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш Стратегияси қабул қилиниб, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш чоралари кўрилади.

Давлат-хусусий шериклик асосида транспорт, йўл қурилиши, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 миллиард доллар инвестиция жалб этилади.

Келгуси йилдан бошлаб асосий воситаларни амортизация қилишга солиқ имтиёзларини кенгайтириш орқали ҳар йили қарийб 2 триллион сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилади.

Ҳудудларда саноат ва инфратузилмани ривожлантириш учун Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этилади.

Бешинчидан, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини 1,7 баробар ошириш ва 2026 йилда 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар ҳажми

2,5 баробар кўпайтирилади. Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида 2 мингдан зиёд турдаги тайёр маҳсулот экспорт қилиниши йўлга қўйилади.

“Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида 200 та экспортчи очиқ танлов асосида сараланиб, улар етакчи экспортёрларга айлантирилади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватла- нади.

Олтинчидан, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга, экспорт бўйича эса 60 фоизга етказиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни кўрамиз.

Машинасозлик, кимё, нефть-газ, энергетика, кон-металлургия, транспорт каби тармоқлардаги 23 та йирик корхона халқаро кредит рейтингларини олиш орқали ички ва ташқи молиявий бозорларга мустақил чиқиб, инвестиция лойиҳалари учун ўзи маблағ жалб қиладиган бўлади.

Энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормалари киритилади. 2026 йилгача электр энергия- сини ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча

30 миллиард киловатт соатга оширилиб, жами 100 миллиард киловатт соатга етказилади.

Банк тизимини трансформация қилиш орқали хусусий банкларнинг улуши жами банк активларининг 60 фоизига етказилади.

Еттинчидан, “яшил иқтисодиёт” технологиялари барча соҳаларга фаол жорий этилиб, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш устувор вазифамиз бўлади.

Бунинг учун қуввати 5 минг мегаваттдан ортиқ бўлган шамол, қуёш ва гидро-электростанциялар ишга туширилиб, йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. 2022 йилда Тошкент шаҳрида жамоат транс- порти йўналишларида 320 та электробус қатнови йўлга қўйилади.

“Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилади.

Саккизинчидан, йирик корхоналарда касбий таълим марказларини ташкил этиш, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, нефть-кимё, электротехника каби етакчи соҳаларда хўжалик бирлашмалари ва лойиҳа институтлари билан биргаликда малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш чораларини кўрамиз.

II. ФАОЛ ТАДБИРКОРЛИК ВА МАНЗИЛЛИ МОЛИЯВИЙ КЎМАК – КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Мамлакатимизда 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади.

Биринчидан, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратамиз.

Тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида шакллантирилган 7 та йўналиш бўйича 60 га яқин янги ташаббус ва таклифларни назарда тутувчи дастур амалга оширилади.

2022 йилдан бошлаб корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилиб, тадбиркорлар ихтиёрида 500 миллиард сўм маблағ қолдирилади.

2023 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бирлаштирилиб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.

Банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлик субъектлари учун бир хил бўлади.

Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари сингари 25 та фаолият тури бўйича монополия тугатилиб, ушбу соҳаларда тадбиркорлар учун кенг йўл очилади.

Туман ва шаҳарлардаги тадбиркорликка кўмаклашадиган мавжуд тузилмалар негизида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади.

Иккинчидан, ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратамиз. Касбга ўқитиш кўлами 2 баробар ошири- либ, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқаро касб- ҳунарларга ўқитилади ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштироки 30 фоизга етказилади.

Касбий таълим билан тизимли равишда шуғулланиш масалалари тўлиқ равишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёрига ўтказилади.

Норасмий секторда ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади.

Ҳудудларда сервис соҳалари кўламини кенгайтириш орқали хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробар оширилади ва бунинг эвазига 3,5 миллионта янги иш ўрни яратилади.

Учинчидан, жамиятда аёлларнинг мавқеини оширишга қаратилган сиёсатни изчил давом эттирамиз.

Хотин-қизларни ўқитиш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатиш ва уларнинг ишлаши учун шароит яратиш орқали аёллар орасидаги ишсизлик даражаси 2 марта камайтирилади.

700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилади.

Эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун олий таълим грантлари ҳар йили ошириб борилади ва 2026 йилга қадар 6 мингтага етказилади.

Келгуси уч йилда уй-жойга муҳтож 10 мингдан зиёд хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар ажратилади.

Тўртинчидан, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш устида жиддий иш олиб борамиз.

Эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси 60 фоиздан

100 фоизга етказилиб, уларнинг барчаси давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан таъминланади.

Базавий пенсия ҳажмини ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори 10 баробардан 12 баробаргача кўпайтирилади.

Уй-жойга муҳтож фуқароларга турар жойларни ижтимоий ижарага бериш тизими жорий этилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини 3 баробар оширишни кўзда тутувчи Миллий дастур ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

III. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШ- ИСЛОҲОТЛАРИМИЗ ТАЛАБИ

Қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадларини камида 2 баробар оширишга, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга етказишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Биринчидан, қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам берилиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат босқичига олиб чиқиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Қишлоқ туманлари аниқ маҳсулотлар етиш- тиришга ихтисослаштирилиб, давлат томонидан деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади.

Аграр тармоқдаги кластер корхоналари ва фер- мер хўжаликлари фаолиятини барқарор, қулай шарт ва муддатларда молиялаштириш ва суғурталашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилади.

Давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади.

200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, уларни аҳолига очиқ танлов асосида 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага бериш тизими йўлга қўйилади.

Иккинчидан, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида янги ўзлаштириладиган 400 минг гектар ер майдонларини агрохўжаликларга очиқ танлов асосида ажратиш амалиёти йўлга қўйилади.

Интенсив боғлар 3 марта ва иссиқхоналар

2 марта кўпайтирилиб, экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард долларга ошириш имконияти яратилади.

Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш бўйича алоҳида қонун ишлаб чиқилади.

Учинчидан, илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрамиз.

Ҳудудларда агросаноат корхоналарини хомашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар ошириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Юртимизда агрологистика марказлари ва замонавий лабораториялар сони кўпайтирилади.

Уруғчилик, кўчат етиштириш ва чорва моллари зотларини яхшилаш бўйича миллий дастур амалга оширилади.

Юқори ҳосил берадиган ғўза ва ғалла навларини четдан олиб келиш ва эркин жойлаштиришга бос- қичма-босқич рухсат этилади.

Нуфузли халқаро илмий марказлар ва олий таълим муассасалари билан биргаликда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилади.

Тўртинчидан, чорва учун озуқабоп экинлар майдонини икки баробардан зиёд ошириб, 340 минг гектардан 700 минг гектарга етказамиз.

11 миллион гектар яйловларни қайта тиклаб, ҳосилдорлигини ошириш чоралари кўрилади.

Гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажми 1,5–2 марта кўпайтирилади.

Бешинчидан, сув ресурсларини бошқариш тизими тубдан ислоҳ қилинади ва йилига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастури амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун келгуси беш йилда 2 миллиард дол- лар маблағ йўналтирилади.

IV. СИФАТЛИ ТАЪЛИМ – ИНСОН КАПИТАЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ОМИЛИ

Узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини жорий этиш, таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Биринчидан, мактабгача таълимдаги қамров даражаси 80 фоизга етказилиб, 7 мингдан зиёд янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш биз учун долзарб вазифа ҳисобланади.

2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактаб- гача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олинади.

Мактабгача таълим тизими ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич ошириб борилади. Бундан кўзланган асосий мақсадимиз – етти ёшгача бўлган бирорта ҳам бола мактабга чиққунига қадар эътиборсиз ва билимсиз қолмаслиги керак.

Иккинчидан, янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш ва таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожланти- риш давлат дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади.

2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, амалда жорий этилади.

Учинчидан, олий таълим тизимида қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш эътиборимиз марказида бўлади.

Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида қарийб 100 минг ўринли талабалар турар жойлари барпо этилади.

Давлат олий таълим муассасалари томонидан босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиёти йўлга қўйилади ва улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизга туширилади.

2026 йилгача хусусий олий таълим ташкилот- лари сони камида 50 тага етказилиб, уларда таълим олаётган талабаларга ҳам 7 йиллик таълим кредитини олиш имконияти яратилади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ёшларни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларидаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбо- риш кўлами 2 марта оширилади.

Тўртинчидан, таълимнинг барча босқичидаги муассасалар ва уларнинг ходимлари – боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий- ижодий зиёлилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.

Докторантурага қабул давлат буюртмаси ва манфаатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов грантлари асосида жорий этилади.

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари Миллий олимпиада тизими жорий этилади.

Умуман, таълим-тарбия ва спорт соҳасида изчил давом эттириладиган ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорларини камолга етказишга хизмат қилади.

V. АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ – БЕБАҲО БОЙЛИГИМИЗ

Соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш, аҳоли ўртасида касалликларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш ва ўртача умр кўриш даражасини ошириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади.

Биринчидан, тиббиёт соҳасига ажратиладиган маблағлар 2 баробар оширилиб, асосий эътибор хонадонбай тиббий профилактикага қаратилади ва бу орқали бирламчи бўғин томонидан халқимизга малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга эришилади.

Репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиб, биринчи босқичда 46 та туманлараро перинатал марказлар барпо этилади.

Ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиаллари ташкил этилади.

Иккинчидан, тиббий хизматларда хусусий секторнинг улуши 25 фоизга етказилиши ва уларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши учун тегишли шароитлар яратамиз.

11 та тиббиёт олий таълим муассасаси транс- формация қилиниб, уларнинг қошида клиникалар ташкил этилади ҳамда ўқитувчиларнинг хорижда тизимли малака ошириши йўлга қўйилади.

Учинчидан, юртимизда ишлаб чиқариладиган дори-дармон ва тиббиёт воситалари уларнинг умумий ҳажмида 80 фоизга етиши учун зарур чора- тадбирларни кўрамиз.

Ушбу тармоқдаги ишлаб чиқарувчиларга берил- ган имтиёзлар узайтирилиб, замонавий фармацев- тика зоналари ҳамда кластерлари ташкил этилади, мавжудлари эса янада ривожлантирилади.

Санитария-эпидемиология хизматининг халқ- аро мақомга эга 250 дан зиёд лабораториялари ташкил этилади.

VI. ҲУДУДЛАРНИ МУТАНОСИБ РИВОЖЛАНТИРИШ – МАМЛАКАТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ГАРОВИ

Ҳудудларни мутаносиб ривожлантиришни усту- вор йўналиш сифатида белгилаганмиз.

Биринчидан, туман ва шаҳарлар кесимида 14 та беш йиллик ҳудудий дастурларни амалга ошириш чораларини кўрамиз. Бунда ҳар бир туман ва шаҳарнинг муаммо ва имкониятлари ўрганилиб, “ўсиш нуқталари” белгилаб олинади. Уларга мувофиқ, аниқ режа ва лойиҳалар шакллантири- лади.

Иккинчидан, ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш учун урбанизация сиёсатини янада такомиллаштирамиз.

18 та катта, 22 та ўрта ва 80 та кичик шаҳарлар ўртасида транспорт-логистика тизими ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлан- тириш дастурлари амалга оширилади.

Самарқанд ва Наманган келгуси беш йилда аҳоли сони миллион нафарни ташкил этадиган шаҳарларга айлантирилади. 450 минг аҳолига мўл- жалланган Янги Андижон шаҳрининг дастлабки бир нечта мавзелари қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Реновация дастурлари асосида шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар барпо этилади,

275 мингдан зиёд оила янги массивларга кўчиб ўтиши учун шароит яратилади.

Учинчидан, оғир экологик шароитга қарамасдан, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Қорақалпоғистон Республикаси- нинг барча шаҳар, туман ва овулларини комплекс тарзда ривожлантириш, меҳнаткаш ва матонатли, оқкўнгил ва бағрикенг қорақалпоқ элининг ҳаётини обод ва фаровон этишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият қаратамиз.

Тўртинчидан, Тошкент шаҳрини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудга айлантириш борасидаги ишларни давом эттирамиз.

Азим пойтахтимизда жамоат транспорти тизими тубдан қайта кўриб чиқилади, 3 минг километр ички йўллар янгиланади ва 10 та замонавий кўприк қурилади. Кўкаламзорлаштириш даражаси 30 фоизга етказилиб, 9 та жамоат парки, 20 та хиёбон, 250 километр велосипед ва пиёдалар йўлакчалари қурилади. Оқова сувини тозалаш тизими шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқарилиб, давлат-хусусий шериклик асосида янги иншоотлар барпо этилади.

Бешинчидан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуришга алоҳида эътибор қаратамиз.

70 минг километр магистрал ва паст кучла- нишли электр тармоқлари, 22 мингдан ортиқ трансформатор ҳамда 100 дан зиёд подстанция қурилади ва янгиланади. 70 минг километрдан зиёд автомобиль йўллари, 15 минг километрдан ортиқ ичимлик суви ва 1 минг километр оқова сув тар- моқлари барпо этилади.

Аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 87 фоизга етказилади. 32 та йирик шаҳарлар ва 155 та туман марказларида оқова сув тизимлари янгиланади. Маиший чиқиндиларни йиғиш 100 фоизга, уни қайта ишлаш даражаси 21 фоиздан 50 фоизга етказилади.

Олтинчидан, 2026 йилда Ўзбекистонга келадиган хорижий туристлар сонини 9 миллионга етказишни режалаштирмоқдамиз.

Самарқанд халқаро аэропорти йирик транспорт хабига айлантирилади. “Абадий шаҳар” тарихий мажмуасини ўз ичига олган “Самарқанд туризм маркази” ташкил этилади.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури дои- расида маҳаллий сайёҳлар сони келгусида ҳар йили 12 миллион нафардан оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланилади.

Юртимиздаги 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастури қабул қилинади.

2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сони 2 баробар оширилиб, 520 минг нафарга етказилади.

Туризм ва маданий мерос объектлари инфрату- зилмасини ривожлантиришга ҳар йили 1 триллион сўм маблағ ажратилади.

Еттинчидан, транспорт соҳасида Тошкент ва йирик шаҳарлар ўртасида кунлик қатновлар бўйича узоғи билан 6–7 соатда манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имкониятини яратамиз.

Темир йўлларни электрлаштириш даражаси 40 фоиздан 60 фоизга оширилади. Тошкент – Урганч йўналиши бўйича тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Юк ташиш харажатлари камида 30 фоизга камайтирилади, транзит ҳажми 15 миллион тоннага етказилади.

Саккизинчидан, хонадон, кўча, маҳалла, қиш- лоқ ва шаҳарларда йўл бўйлари ва дала четларига ҳар йили камида 200 миллион туп дарахтлар экиш, ҳудудларимиз иқлимига мос кўчатларни етиштириш, суғориш ҳамда парвариш қилиш тизими асосида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилишига устувор аҳамият берамиз.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мар- казларида “Янги Ўзбекистон боғи” намунаси асосида камида 50 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо эти- лади. Шаҳарлар ва туман марказларида ҳар 50–100 минг аҳоли учун “яшил жамоат парклари” ташкил этилади.

Дарахтларни ноқонуний кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниб, парклар ва “яшил зоналар” ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян тақиқланади.

Тўққизинчидан, Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонлар барпо этилиб, уларнинг умумий ҳажми 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш вазифаси олдимизда турибди.

Оролбўйида халқаро “Яшил иқлим” ва “Глобал экологик жамғарма”ларининг биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган дастурлари асосида 300 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

VII. ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ХАЛҚЧИЛ ВА ИНСОНПАРВАР ДАВЛАТ

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида ихчам, профессионал, халқимиз талабларига жавоб берадиган, адолатли, юқори натижадор- ликка йўналтирилган давлат бошқаруви тизимини шакллантириш муҳим вазифамиз бўлади.

Биринчидан, маҳалла – жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг том маънода таянч бўғинига айланиши учун барча шароитларни яратамиз.

Маҳалла тизимининг ҳуқуқ ва ваколатлари кен- гайтирилиб, молиялаштириш манбалари ва тартиби такомиллаштирилади. Маҳаллада фуқаролар учун давлат ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, давлат органларига маҳалладан туриб мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Иккинчидан, туман, шаҳар ҳамда вилоят даражасида вакиллик ва ижро ҳокимияти тизимини қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгаш- ларида камида 2–3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади. Маҳалла муаммоларини доимий ўрганиб, бартараф этишда маҳаллий депутатларнинг фаол иштироки таъмин- ланади.

Туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод тегишли Кенгашда энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилиши амалиёти йўлга қўйилади.

Ҳокимликка номзод халқ депутати Кенгашида ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиб, лавозимга тасдиқланиши тартиби жорий этилади.

Ичимлик ва оқова суви, ички йўллар, бошқа инфратузилма объектларини қуриш, бандлик дастурини тасдиқлаш туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари ваколатига ўтказилади.

Келгуси йилдан бошлаб эксперимент тариқасида 28 та туман ва шаҳарда ҳудудни ривожлантириш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳоким- ликларнинг ваколат ва имкониятлари кенгайтирилади.

Ҳудудий ижро идораларининг ваколатлар реестри шакллантирилади, такрорланадиган 500 дан ортиқ функциялар мақбуллаштирилади.

2022 йилдан бошлаб боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва таъмирлашга ажратиладиган маблағларни тақсимлаш ваколати вилоятларга берилади.

Учинчидан, барча бўғиндаги ижро идоралари раҳбарлари бир йиллик иш дастури ва амалга

оширадиган лойиҳаларини жамоатчиликка очиқ эълон қилиб борадиган тизимни йўлга қўйиш учун зарур чораларни кўрамиз.

Давлат органлари штатларини оширишга чекловлар ўрнатилади. Рақамлаштириш ва қатор функцияларни хусусий секторга бериш ҳисобидан амалдаги штатлар қисқартириб борилади.

Вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти танқидий қайта кўриб чиқилади.

Тўртинчидан, кадрлар давлат хизматига танлов асосида қабул қилиниши, узлуксиз малака ошириш, самарадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича ўсишнинг аниқ мезонлари белгиланиши учун имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз.

Иш вақти ва меҳнат меъёрлари бўйича талаблар қайта кўриб чиқилади.

Бешинчидан, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, ҳудудий инфратузилма дастурлари доирасидаги лойиҳалар очиқ эълон қилиниб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиладиган тизим яратамиз.

Субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар ажратиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2 баробар ошира- миз.

Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун имкониятларни кенгайтирамиз.

Олтинчидан, халқ қабулхоналарининг ҳуқуқий мақоми оширилади.

“Халқчил давлат” миллий дастури қабул қили- нади.

Ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятини ўрганиш асосида “Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепцияси” ишлаб чиқилади.

VIII. АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТ ПОЙДЕВОРИ

Одил судлов, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқлари олий қадрият сифатида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг асосий мазмуни бўлади.

Биринчидан, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш доирасида маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтиришга алоҳида урғу берилади. Уларга давлат органлари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқи- батларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколатлари берилади.

Қарор ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклатилиб, улар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда “ошиб борадиган” жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартиби киритилади.

Иккинчидан, фуқаро ва тадбиркорларнинговора бўлишига чек қўйиш мақсадида, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилиниб, ваколатли суд томонидан ҳал эти- лиши учун зарур имкониятларни яратамиз.

Учинчидан, прокуратура фаолиятини фуқароларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтиришни устувор аҳамиятга эга вазифа сифатида қараймиз.

“Қонун – устувор, жазо – муқаррар” тамойили прокуратура органлари фаолиятининг бош мезони бўлади. Бунинг учун мамлакатимизда қонунийликни қатъий таъминлайдиган, очиқ ва адолатли прокуратура тизимининг янги ҳуқуқий асослари яратилади.

Тўртинчидан, ички ишлар органларини халққа ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, бу тизимни чин маънода халқчил тузилмага айлантириш борасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттирамиз.

Ички ишлар органлари фаолиятини баҳолашда аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги асосий мезон этиб белгиланади. Ички ишлар вазирлиги тизимининг барча бўғинларида Жамоатчилик кенгашлари тузилади.

Тизимда ходимларнинг ўз хизмат бурчига нисбатан масъулият ҳиссини ошириш мақсадида “Касбий маданият кодекси” қабул қилиниб, соҳани маънавий пок, ўз бурчига содиқ, халқпарвар ва масъулиятли ходимлар билан тўлдириб боришга алоҳида эътибор қаратилади.

Бешинчидан, либераллаштириш сиёсатининг мантиқий давоми сифатида ўз аҳамиятини йўқотган 10 га яқин қилмишларни жиноят тоифасидан чиқа- риш ва жазони енгиллаштирадиган ҳолатлар сонини амалдаги 9 тадан 15 тагача кўпайтириш чоралари кўрилади.

Гумон билан ушлаб турилган шахсларни ҳисобга олишнинг ягона электрон реестри яратилиб, маълумотлар реестрга киритилмаган ҳолларда ушлаб туриш ноқонуний деб топилиши бўйича тартиб жорий этилади.

Олтинчидан, коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз.

Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол- мулки ҳақидаги маълумотларни декларация қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Коррупцияга йўл қўйган шахсларнинг очиқ реестри юритилиб, уларнинг давлат хизматига кириши, масъул лавозимларга номзоди кўрсатилиши чекланади.

Давлат харидлари, давлат мулкини сотиш жараёнлари тўлиқ очиқ тарзда ташкил этилади ва бунга кенг жамоатчилик жалб қилинади.

Еттинчидан, давлат ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул юридик ёрдам нафақат жиноят ишлари бўйича, балки фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам кўрсатиладиган тизимни жорий этамиз.

Адвокатура соҳасига ёш кадрларни жалб этиш мақсадида юридик стаж ҳақидаги талаб бекор қилинади.

IX. ХАВФСИЗЛИК ВА ОЧИҚ, ПРАГМАТИК ФАОЛ ТАШҚИ СИЁСАТ БОРАСИДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, қўшни минтақалардаги зиддият ва қуролли низолар Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Бугун Қуролли Кучларимиз ҳар қандай ташқи хавф-хатарларга, турли тажовуз ва таҳдидларга қатъий зарба беришга қодир бўлган яхлит ва ишончли кучга айланмоқда.

Мамлакатимиз мудофаа салоҳияти ва ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, чуқур ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ ва манзилли ишларни давом эттирамиз.

Биринчидан, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги, имкониятлари ва қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш чораларини кўрамиз.

Мамлакатимизнинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими давр талабларидан келиб чиқиб, янада кучайтирилади.

Чегараларимиз хавфсизлиги замонавий коммуникация воситалари ва техник иншоотларни кенг қўллаш орқали янада мустаҳкамланади.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзо- ларини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар томонлама кучайтирилади.

Иккинчидан, тизимли ва пухта ўйланган, прагматик ташқи сиёсий ва иқтисодий дипломатияни фаол давом эттирамиз.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича минта- қавий ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқилиб, унда қуйидаги масалаларга алоҳида урғу берилади:

ўзаро савдо айланмаси ҳажмини камида 2 баробар ошириш;

саноатда қўшимча қиймат яратиш бўйича яхлит занжирларни ва кооперацияни мустаҳкамлаш;

транспорт соҳасида ташқи савдо учун “яшил коридорлар” ҳамда транзит имкониятларини кенгайтириш;

халқ дипломатияси тамойилини, жумладан, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кучайтириш.

Россия, Хитой ва АҚШ, шунингдек, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари каби анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқаларимиз географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилади.

Янги бозорларни ўзлаштириш, инвестиция ва инновацияларни кенг жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва энг муҳими, Ўзбекистон имижини фаол тарғиб этиш дипломатик ваколатхоналарнинг асосий вазифасига айланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятимиз кучайтирилади.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий қадамлар қўйилади.

Учинчидан, қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаймиз. “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш ҳамда энергетика, савдо ва саноат соҳаларидаги стратегик ва муҳим лойиҳалар ҳамкорликда амалга оширилади.

Тўртинчидан, “Ватандошлар” жамоат фонди орқали хорижий давлатлардаги юртдошларимиз билан доимий ва самарали алоқалар ўрнатамиз.

Асосий вазифаси хорижий мамлакатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳ- камлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этамиз.

X. МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ САРИ

Янги Ўзбекистонни юксак маданият ва маъна-виятга эга бўлган, эркин ва бахтли инсонлар яшайдиган мамлакатга айлантириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Биринчидан, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни давр талабларига мос равишда бойитиш ва ривожлантириш, шу орқали жамиятнинг маданий-маърифий юксалишига эришишга қаратилган “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастурини ишлаб чиқиш чораларини кўрамиз.

Иккинчидан, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини кучайтириш бўйича ишларни давом эттирамиз.

Учинчидан, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт ва бадиий ижод соҳаларининг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва таъсирини янада оширишга қаратилган дастурларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Кекса авлод вакилларига – ижодкор зиёлиларга доимий эътибор қаратиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар ушбу соҳадаги сиёсатимизнинг муҳим йўналишлари сифатида янада кучайтирилади.

Маданият ва спорт муассасалари, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Ҳудудларимизнинг маданий юксалиши, халқ ҳунармандчилигини равнақ топтиришга қаратилган самарали ва манзилли ишлар тизимли асосда олиб борилади.

Тўртинчидан, мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқароларимизни турли мафкуравий таҳдидлардан, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш масала- лари бундан буён ҳам устувор тарзда диққатимиз марказида бўлади.

Бой диний ва маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси халқаро маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий каби илмий-маърифий марказлар имкониятлари кенг ишга солинади.

Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар учун зарур шароитлар яратишга қаратилган сиёсатимиз изчил давом эттирилади.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Биз сайловолди дастуримизда белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон стратегияси, ҳеч шубҳасиз,

Сиз томонингиздан, жамоатчилигимиз, халқимиз томонидан билдириладиган фикрлар, таклиф ва ташаббуслар асосида янада бойитилади. Шу тариқа Стратегияни ҳар томонлама қайта кўриб чиқиб, бар- чамиз биргаликда амалга оширамиз!

Азизларим, барчангизни Янги Ўзбекистон учун, Янги Ўзбекистон стратегияси учун овоз беришга чақираман.

Ишончим комил, Сизларнинг таклиф ва ташаббусларингиз, қўллаб-қувватлашингиз, сайловолди учрашувларида ва сайлов кунидаги фаол иштирокингиз ҳамда қатъий фуқаролик позициянгиздан ушбу Стратегия беқиёс куч-қудрат олиб, бутун халқимизни Янги Ўзбекистон ғояси атрофида бирлаштирадиган умуммиллий дастур ва ҳаракатга айланади.

Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи– Сизнинг қўлингизда, келажак учун масъулият– барчамизнинг зиммамизда!

Ана шундай буюк ҳиссиёт, ишонч-эътиқод билан ҳаракат қилсак, биздан халқимиз ҳам, кела- жак авлодлар ҳам албатта рози бўлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар