2022-2026 йилларда электромобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

2022-2026 йилларда электромобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

«Янги Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқилди.

Ҳужжат Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури асосида ишлаб чиқилган ва 14 январга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Таклиф этилаётган Тараққиёт стратегиясининг учинчи устувор йўналиши — Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлашда келгуси 5 йилда амалга ошириш режалаштирилган макроиқтисодий кўрсаткичлар қайд этилган. Бунда 36 йўналиш мақсад қилинган.

Шундай йўналишлардан бири иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологиялари барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш тўғрисида.

2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 40 млрд киловат соатга оширилиб, жами 110 млрд киловат соатга етказилиши режалаштирилмоқда.

Бунда:

“Энергетика соҳасида хусусий сектор улушини оширишни инобатга олган ҳолда 2022 йилга келиб, электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини жами 16,4 минг мегаватга, шу жумладан ГЭСлар - 2,2 минг мегаватга, қуёш ва шамол ЭСлар – 2000 мегаватга, ИЭСлар - 13,8 минг мегаватга етказилади.

Иссиқлик электр станцияларида ёқилғи сарфини 6 фоизга (1 киловат соат электр энергиясини ишлаб чиқаришга сарфланадиган 334 граммдан 315 граммгача) қисқартириш орқали уларни самарадорлиги оширилади. Жумладан:

- давлат хусусий шерик тамойили асосида 3 та ИЭС қуриш орқали қўшимча 634 МВт ёки йилига 5,1 млрд кВт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари ташкил қилинади;

- Навоий ва Талимаржон ИЭСларни кенгайтириш бўйича умумий қуввати 2,2 ГВт бўлган 3 та лойиҳани амалга ошириш орқали йилига қўшимча 17,3 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 млрд куб метр табиий газни тежаш ҳамда 8 млн тонна ҳавога чиқариладиган зарарли газларнинг ҳажмини камайтириш режалаштирилган.

Бунда:

- Камида 8 та шамол электр станцияларни (ШЭС) қуриш ҳисобига 4 ГВт қўшимча қувватлар барпо этилади.

- қуёш фотоэлектр станциялар (ФЭС) қувватини 4 ГВтга етказиш мақсадида камида 10 та ФЭС ишга туширилади.

- 15 та янги гидроэлектр станцияларни (ГЭС) қуриш ва 5 та мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш ҳисобига йилига қўшимча 868 МВт электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.

- 2030 йилга қадар қуввати 1 МВтгача бўлган кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қувватини 1 000 МВтга етказиш мақсад қилинган.

Водород энергетикаси технологиялари соҳасида умумий қиймати 10 млрд сўмлик илмий-тадқиқотлар ташкил этилиб, 4 та янги илмий ишланма асосида водород энергиясини олиш, сақлаш ва ташиш технологиясини яратиш дастурини тасдиқлаш режалаштирилган.

Шаҳарсозлик нормаларига уй-жой ва биноларни лойиҳалашда хавфсизлик даражаси юқори бўлган замонавий қуруқ трансформаторлардан фойдаланиш бўйича ўзгартиришлар киритилади.

Ўзбекистон энергетика тизимини қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан барқарор ишлашини таъминлаш борасида ҳам вазифалар режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистон энергетика тизимини Тожикистон энергетика тизими билан параллел ишлаши таъминланади.

Саноат тармоқларида йўқотишларни камайтириш ва ресурсларни ишлатиш самарадорлиги оширилади.

Бунда:

- саноат тармоқларида 3,9 млрд куб.метр табиий газ, 4 млрд кВт.соат электр энергияси ва 21 минг тонна нефть маҳсулотларини тежаш орқали энергия сиғими 20 фоизга, шу жумладан 2022 йилда 5 фоизга камайтирилади.

Уй-жой-коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилади ва энергия самарадорлиги оширилади.

Бунда:

- “Янги Ўзбекистон массивлари” давлат дастурлари доирасида қуриладиган уй-жой, ижтимоий ва тижорат объектларини қуришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчи қурилмалардан кенг фойдаланилади.

- камбағал аҳоли қатламларига қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш борасида давлат томонидан рағбатлантириш ва молиялаштириш механизмлари белгиланади.

“Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилиб, жамғармага молиявий маблағлар жалб қилинади.

- энергияни сақловчи (аккумуляция қилувчи) технологияларни барпо этиш бўйича харажатларнинг 30 фоизи қоплаб берилади.

- “Яшил” иқтисодиётга ўтиш лойиҳаларини молиялаштирувчи халқаро молиявий институтлар ва бошқа “донор” ташкилотларнинг маблағлари жамғармага жалб этиш чоралари кўрилади.

Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш тизими яратилади.

- электромобиллар ва уларнинг асосий таркибий қисмларини тажриба-экспериментал усулда ишлаб чиқариш базасини ташкил этиш ва уларнинг асосий бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ташкил этилади.

- республикада ишлаб чиқарилган янги электромобилларни сотиб олганлик учун йиғимни тўлашдан озод этилади.

- республикада ишлаб чиқариладиган электромобиллар (шу жумладан машино-тўпламлар) утилизация йиғимини тўлашдан озод этилади.

Электромобилларни қувватлантириш станциялари тармоғини яратиш ва ривожлантириш режалаштирилган.

Бунда, республикада фаолият юритаётган АГТҚШ, АЁҚШларда, аҳоли кўп йиғиладиган объектлар ҳудудларида электр қувватлантириш, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида қувватлантириш станцияларини ўрнатиш ва бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиниши назарда тутилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар