Ташқи қарз борасида ўйларимиз

Ташқи қарз борасида ўйларимиз

Дарҳақиқат, ташқи қарз мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони мулоҳазага чорлайдиган масала. Шу боисдан, ижтимоий тармоқларда сўнгги пайтларда ўсаётган ташқи қарз борасида қизғин муҳокамалар ва қарама-қарши фикрлар билдирилаётганлиги бежиз эмас.

Бунга, ўз навбатида, ташқи қарз борасидаги маълумотларнинг очиқлиги, ундаги ўзгаришлар ҳақида мунтазам маълумотлар бериб борилаётганлиги ҳам сабабдир аслида. Авваллари ташқи қарз ҳақида умумий маълумотлар бериш билан чекланилган бўлса, ҳозирги кунга келиб, унинг муддат ва валюта жиҳатидан таркиби, фоиз ставкалари, унга йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми ва бунда давлат ва хусусий секторнинг улушлари, ташқи қарз ҳисобига молиялаштирилаётган лойиҳалар ҳақида ахборот мунтазам равишда тақдим этилмоқда.

Шунингдек, мамлакат олтин-валюта захиралари таркиби, тўлов баланси ҳолати, ҳатто қазиб олинаётган ва экспорт қилинаётган уран ҳажми бўйича ҳам маълумотлар ошкор қилинмоқда.

Натижада мазкур соҳада етарлича билим ва кўникмаларга эга бўлган ёки бўлмаган фуқароларимиз ўз қарашларини билдиришда фаоллик кўрсатмоқда. Ҳиссиётларга берилиш оқибатида, ҳатто мамлакатни сотиб юбориш, мамлакат ҳудудининг бир қисмини ташқи қарз эвазига бошқа давлатга бериб юборилиши каби асоссиз фикрлар ҳам шаклланиб улгурган.

Келинг даставвал умумий ташқи қарз ҳақида бироз аниқлик киритиб олайлик. Хусусий сектор қанча қарз олади, уни қандай қайтаради – бу алоҳида масала. Ушбу қарзларни қайтариш хусусий секторнинг зиммасида бўлар экан, унинг замирида бозор конъюнктураси ва турли рискларни ҳисобга олиб, қўшилган қиймат яратадиган, сараланган лойиҳалар ётибди. Демакки, хусусий сектор ташқи қарзини қайтариши учун етарли асослар мавжуд. Хусусий ташқи қарз қайтмаган тақдирда ҳам биз солиқ тўловчилар учун катта фожиа эмас, дунёда неча-неча компаниялар қарзини тўлай олмай банкротлик кўчасига кириб чиқмоқда.

Бироқ давлат ташқи қарзи ва унинг айнан давлат бюджети камомадини қоплаш мақсадида жалб қилинадиган қисми ҳақиқатда анча жиддий масала. Чунки давлат ташқи қарзи хоҳ қисқа хоҳ узоқ муддатли бўлсин, жорий солиқ тўловчиларни ҳам келажак солиқ тўловчиларини ҳам бирдек ўйлантиради. Зеро бу ерда молияни кредитдан фарқлайдиган жиҳатлардан бири қайтаришлилик тамойили амал қилмайди, яъни бюджетдан сарфланган маблағларни олувчи томон қайтармайди. У келгуси бюджет даромадларидан, яъни асосан солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Шу боисдан, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-589-сонли қонунининг 17-моддасига мувофиқ, 2020 йилда давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чекланган ҳажми 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида тасдиқланган. Бу эса хоҳлаганимизча бюджет харажатларини ташқи қарз ҳисобидан амалга ошира олмаслигимизни англатади ва бундай чекловларнинг мавжудлиги мантиқан жуда тўғридир.

Давлат инвестиция дастури асосида лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилинаётган ташқи қарз уни молиялаштириш тармоғи ёки объекти хусусиятларидан келиб чиқиб имтиёзли шартларда ажратилади. Бундай лойиҳаларни танлаб олишда ҳам аниқ мезонлар, босқичлар, бир сўз билан айтганда, синалган механизм амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги берган маълумот умумий давлат қарзи ҳақида бўлиб, 2020 йилнинг биринчи ярмида давлат ташқи қарзи 17,3 млрд. АҚШ доллари ва давлат ички қарзи 2,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг умумий ташқи қарз таркиби ва ундаги ўзгаришлар бўйича берган маълумотида 2020 йилнинг биринчи ярмида давлат ташқи қарзи 17,5 млрд. АҚШ долларини (17 477,6 млн. АҚШ доллари), хусусий ташқи қарз эса 10,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этган.

Маълумки, ташқи қарз фақат АҚШ долларида жалб қилинмаган, балки япон иенаси, СДР ва бошқа валюталарнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курслари ҳисобига ёки бошқа сабабга кўра давлат ташқи қарз борасидаги рақамларда фарқ (17,5>17,3) юзага келган бўлиши мумкин. Бироқ Марказий банк томонидан ошкор қилинган умумий ташқи қарз (27,6 млрд. АҚШ доллари) ва Молия вазирлиги томонидан очиқланган умумий давлат қарзи (19,4 млрд. АҚШ доллари) ўртасида катта фарқ бор эканлиги ва бу фарқ тамоман бошқа-бошқа манба ҳисобланган давлат ички қарзи ва хусусий ташқи қарз ҳисобига эканлигини англаш қийин эмас.

Ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашга интилар эканмиз, аввалги мақолаларимизда улардаги ташқи қарз ва иқтисодий фаровонлик ўртасидаги боғлиқликни ўрганишга уриндик. Бироқ бунга муносабат билдирган юртдошларимиз орасида “ривожланган мамлакатлар билан солиштиришдан олдин аввал даромадни ҳам ўша давлатлар даражасига кўтариб қўйинглар кейин солиштирасизлар” деган фикрга эга инсонлар ҳам топилди. Шу боисдан, ночор давлатлардаги ташқи қарз билан боғлиқ ҳолатларга ҳам мурожаат қилишга қарор қилдик. Шундай мамлакатлардан бири Мозамбик бўлиб, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2018 йилда 100 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилга келиб, 130 фоизга етган. Мазкур мамлакат шундоқ ҳам жуда кичик фискал маконга (fiscal space) эга эди. Бу эса мамлакатнинг харажатлар танлови борасидаги имкониятини чеклаб қўяди.

Шунингдек, Африканинг чуқур қарзга ботган мамлакатлари қаторига Ангола, Конго, Жибути ва Миср давлатларини қўшиш мумкин. Мазкур давлатларда ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати кўрсаткичи 100 фоиздан ортади ва пандемия шароитида молиявий қийинчиликларни ҳал этиш жиддий муаммога айланган. Бу ерда гап қўшимча ташқи қарз жалб қилмаган ҳолда айнан пандемия инқирозининг оқибатида қарзга хизмат кўрсатишнинг оғирлашганлиги ҳақида кетмоқда. Мазкур мамлакатларга кўмаклашишнинг бирдан-бир йўли ташқи қарзни реструктуризация қилган ҳолда қўшимча беғараз молиявий ёрдам ёки имтиёзли шартларда янги қарз бериш ҳисобланади.

Бироқ реструктуризация ҳам доимо бундай мамлакатларга узоқ муддатли истиқболда фойда келтиравермайди. Пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган харажатларни ошириш ва шу мақсадда ташқи қарзга хизмат кўрсатиш шартларини енгиллаштириш пировардида пандемиядан сўнг кечиктирилган тўловлар ҳисобига кўпроқ қарз тўлашга ҳам олиб келиши мумкин.

Қўшни мамлакат Қирғизистон Республикаси Президенти томонидан ташқи қарз масаласи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасигача кўтарилди. Сооронбай Жээнбеков Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида коронавирус пандемияси ташқи қарз муаммосига катта зарба берганлигини таъкидлаб, қарзни тўлашни тўхтатиш тўғрисидаги қарор учун G20 га аъзо мамлакатлар ва халқаро молия институтларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 2020 йилнинг июнь ойидаги мурожаатида пандемия туфайли 2020 йилда яна 50 млн. киши ўта қашшоқлик домига тушиб қолиши борасидаги хавотири ҳам бежиз эмас.

Ҳозирги давр мураккаблиги боис инсониятни шошириб қўймоқда, пандемия оқибатларини юмшатиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш барча мамлакатларда энг устувор йўналишга айланди. Шубҳасиз, юқори давлат қарзи, хусусан хорижий валютада олинган ташқи қарзга хизмат кўрсатиш пандемия боис янада мураккаблашди. ЯИМнинг пасайиши, миллий валюта қадрининг тушиши оқибатида давлат қарзининг ЯИМга нисбати кўрсаткичлари кескин ошиб бормоқда.

Фискал макони кенг мамлакатлар давлат бюджети харажатларни оптималлаштириш, пандемия боис шароитлари оғирлашган соҳаларни устувор равишда қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётган бўлса, бундай имкониятга эга бўлмаган давлатларда ташқи қарз миқдорининг ортиши ёки унга хизмат кўрсатиш шартларининг ёмонлашиши тенденциялари кузатилмоқда.

Бироқ Ўзбекистон мисолида яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Ташқи қарз пандемия боис, халқаро ликвидлиликка путур етказмаган ҳолда, яъни халқаро захираларни сарфламаган ҳолда, ислоҳотларни давом эттириш, устувор равишда ижтимоий соҳа лойиҳаларини молиялаштиришга жалб этилмоқда. Бу эса айни шароитда мавжуд таҳдидларга тезкор жавоб бериш йўлидир.

Танқидлардан хулоса қиладиган бўлсак, ташқи қарз жалб қилмай мавжуд олтин-валюта захираларини сотиш ҳисобига (гарчи бу мақбул йўл бўлмасада) пандемия оқибатларини юмшатишга қарор қилинганда ҳам катта эҳтимол билан бунданда кескинроқ (“ҳамма захираларни еб битирдиларинг” каби) фикрлар билдирилишини кутиш мумкин.

Шу ерда ногоҳон атрофдагилар фикри борасидаги Шарқ масали ёдга тушади. Унга кўра, қадимда ота ва бола бир эшакни олиб сафарга чиқади. Ота эшакка миниб олган, бола эса эшак тизгинидан ушлаб яёв борарди. Уларга дастлабки учраган киши бечора бола нозик оёқлари билан юришга қийналаётганлигини айтиб, отани бу қилмиши учун койиб беради. Бундан хулоса чиқарган ота, болани эшакка ўтқазиб, ўзи пиёда юра бошлайди. Орадан оз фурсат ўтиб, йўлда учраган иккинчи киши ёш боланинг тепада ўтириши, кекса одамнинг яёв қолишини танқид қила кетади. Бундан таъсирланган бола отасидан эшакка биргалашиб минишини сўрайди. Шу зайлда ота ва бола бир эшакка мингашиб, йўлда учинчи йўловчига йўлиқади. У эса ота ва болани ҳайвонни қийнашда айблай кетади. Ноқулай вазиятга тушиб қолган ота ва бола охири эшакни етаклаб, ўзлари пиёда юришга қарор қилади. Шу тарзда улар қаршисидан навбатдаги йўловчи чиқиб, ҳайвонни бефойда етакламасдан, унга бирорталари миниб олмаганини танқид қила кетади. Шунда ота боланинг елкасига қўлларини қўяркан, нима қилишмасин албатта уларнинг қарори билан келишмайдиган одам топилишини ва қандай сайр қилишни ўзлари танлашлари кераклигини таъкидлайди.

Барчамиз Япония ва Жанубий Корея мамлакатларида иқтисодий ва молиявий инқироз шароитларида аҳолининг ўз ташаббуси ва имкониятларидан келиб чиқиб, ортиқча жамғармалари ва бойликлари ҳисобидан ўз давлатини қўллаб-қувватлашини юксак ватанпарварлик намунаси сифатида эътироф этамиз. Зеро, давлат доимо ўз халқини ўйлаши, уни оғир шароитлардан фаровон кунларга етказганлигига шукроналик тарзида, мураккаб шароитларда давлатни қўллаб-қувватлаш олий бурчдек қаралиши Шарқ халқларига хос.

Бу билан “халқимиз ҳозир шундай йўл тутсин”, дейишдан йироқмиз. Пандемия оқибатлари халқ турмуш тарзига қандай салбий таъсир қилаётганлигини Ҳукуматимиз ҳам англаб турибди. Шу сабабли ҳам камбағаллик даражасини расман эълон қилиниб, унга қарши курашишга қаттиқ бел боғланган.

Ҳозирги кунда ҳеч бўлмаса ислоҳотларга даҳлдорлик ҳисси билан яшаш ва асоссиз танқидлардан тийилиб туришлик ҳам ўзига хос жасорат. Инсон қулайликларга жуда тез мослашади, гўёки доимо шундай шароитларда яшаб келгандек. Буни ҳис қилиш учун озгина ортга назар ташласак кифоя. Албатта меҳнаткаш халқимиз бунданда ортиғига муносиб ва бу борада қилинадиган ишлар талайгина. Бироқ бу ишларни қисқа муддатларда амалга ошириш яна ўша молиявий ресурс масаласига бориб тақалаверади.

Шу ўринда, ташқи қарзни бошқариш, унинг мақсадли сарфланиши устидан самарали назоратни кучайтиришнинг қуйидаги йўналишларини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз:

Биринчидан, ташқи қарз жалб қилиш ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаб олиш мезонларини такомиллаштириш, хусусан, лойиҳаларнинг барқарор пул оқимларига эга бўлиши, турли рискларни, хусусан, валюта рискини ҳисобга олган ҳолда, асосий қарз ва фоизларни тўлаш имконияти ҳар томонлама пухта таҳлил қилиниши ва баҳоланиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, нормал шароитларга қайтгач, ташқи қарз ўсиш суръатларининг ЯИМ ўсиш суръатларидан кескин ортиб кетишига йўл қўймаслик керак.

Учинчидан, қарзга хизмат кўрсатиш қобилиятини сақлаб қолиш мақсадида экспорт ва импорт ўртасидаги салбий фарқнинг сезиларли даражада ошиб кетишига йўл қўймаслик зарур. Бинобарин, жорий ҳисобрақамга тегишли бошқа даромад манбалари, хусусан, меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари юқори бўлмаган шароитда бу муҳим аҳамият касб этади.

Тўртинчидан, ташқи қарзни мақсадли сарфланиши устидан самарали мониторингни ташкил этиш, унинг ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасидаги харидлар жараёнида коррупцияга йўл қўймаслик, унинг самарадорлигини мунтазам баҳолаб бориш ва назорат қилиш, юзага келиши мумкин бўлган рискларни камайтириш чораларини олдиндан кўриб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Нодир ЖУМАЕВ,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Элмурод ҲОШИМОВ,

иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар