2021 йил 8 апрелда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари Умид Aбидхаджаев "Марказий Осиё: минтақавий ўзаро ҳамкорликдан қўшма барқарор ўсишга" мавзусидаги Халқаро мунозара клубида иштирок этди.
Ўзбекистоннинг таҳлил маркази директори ўринбосарининг сўзларига кўра, дунё савдосининг 2/3 қисми глобал ва минтақавий қиймат занжирлари доирасида содир бўлади. Бу борада Ўзбекистон Марказий Осиё (МО) мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга, шу жумладан, учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун қўшма корхоналар яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Экспорт ташқи савдода муҳим кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистон учун экспорт бозорларининг аҳамиятини кўрсатади. 2020 йилда Ўзбекистоннинг умумий экспортида Марказий Осиё давлатларининг улуши 14,5% ни ташкил этди. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон ва Қирғизистон экспортнинг энг катта ҳажми, мос равишда 6,0% ва 5,0% ни ташкил этди
Умид Aбидхаджаев рақамлар ҳақида гапирар экан, 2017-2019 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси деярли икки бараварга 2,7 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларгача ошганини қайд этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари ўз нутқида иқтисодиётдаги қиёсий устунликлар ва Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ўсиш истиқболларини дастлабки таҳлилини тақдим этди.
Хусусан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқотининг бир қисми сифатида амалга оширилган ташқи савдо гравитацион модели (Gravity Model) ёрдамида экспорт ва импорт оқимларига Минтақавий Савдо Шартномалари (МСШ) тузилишининг таъсирини баҳолаш шуни кўрсатдики, МСШда қатнашиш Ўзбекистоннинг икки томонлама экспорт ва импорт ҳажмини икки баравар ошириши мумкин.
Олинган эластиклик коэффициентлари бир қатор муҳим хулосалар чиқаришга имкон беради.
Савдо ҳажмига таъсири: олинган коэффициентлар шуни кўрсатадики, Минтақавий Савдо Шартномаларида (МСШ) иштирок этиш, қолган барча шартлар тенг бўлган ҳолда, Ўзбекистон экспортининг ўртача 140,4% га ошишига олиб келади, бу эса адабиётда мавжуд ҳисоб-китобларга яқин [Baier and Bergstrand, 2007; Anderson and Yotov, 2016]. Масалан, Baier and Bergstrand (2007) савдо шартномаси икки савдо шерикларининг ўртача 10 йил давомида ўзаро савдосини қарийб икки баравар оширганлигини ҳужжатлаштирган.
Тарифларнинг таъсири: импорт қилувчи мамлакатларда ўзбек товарларига божларнинг жорий этилиши Ўзбекистон экспортига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қолган барча шартлар тенг бўлган ҳолда, савдо шериклари бўлган мамлакатларда ўзбек товарлари учун тарифларнинг жорий этилиши билан Ўзбекистон экспортининг ўртача эквивалент пасайиши 16% ни ташкил этади.
Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистоннинг Минтақавий Савдо Шартномаларида иштирок этиши ўзаро экспорт ва импорт ҳажмини икки бараваридан кўпроқ ошириши мумкин. Шу билан бирга, экспорт кўпроқ даражада ошиши мумкин. Шунингдек, савдо шериклари бўлган мамлакатларда тарифларнинг жорий этилиши Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатларга экспортини сезиларли даражада камайтириши мумкин.
* Бинар-ўзгарувчи "МСШда иштирок этиш"да Ўзбекистоннинг 1992-2018 йиллардаги икки томонлама ва кўп томонлама имзоланган барча савдо шартномалари ҳисобга олинган. "МСШда иштирок этиш" ўзгарувчиси учун коэффициентлар, Ўзбекистоннинг минтақавий даражада ва глобал миқёсда иштирок этиши Ўзбекистоннинг экспортини камида 140 фоизга ошириши мумкинлигини аниқлаш имконини беради.
Марказий Осиё мамлакатлари томонидан ички бозорларга ўзаро киришни кенгайтириш асосан тайёр маҳсулотлар экспортини кўпайтириш бўйича улар томонидан қўйилган вазифаларни ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин, чунки бу мамлакатлар рақобатчилар эмас, балки бирламчи бўлмаган товарлар учун ўзаро савдо бўйича шериклардир.
Хусусан, товар ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини ошириш МО минтақасида минтақавий қиймат занжирларини, шу жумладан, саноат ва қишлоқ хўжалиги кластерларини яратишга ҳисса қўшиши мумкин, бу эса транзакция харажатларини камайтиришда компенсацион таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари таъкидлаганидек, рақамли иқтисодиёт ва Марказий Осиё учун рақамли савдо майдончаларини яратишга эътибор қаратиш лозим.
Эксперт Марказий Осиё мамлакатларида инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритиш ўрта муддатли истиқболда ривожланишнинг муҳим шарти эканлигини таъкидлади.
- Осиё тараққиёт банкининг "Meeting Asia's Infrastructure Needs" маълумотига кўра, Осиё 2030 йилгача ҳозирги иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш учун тахминан 22 триллион долларга яқин инфраструктура сармояси керак бўлади. Бундай инвестициялар шу билан аҳамиятлики, уларнинг ижобий билвосита таъсири (spillover effect) давлат чегараларида тўхтаб қолмайди, яъни бу кўп томонлама наф келтиради", - дея таъкидлади У. Aбидхаджаев.
8 апрель куни ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Aрипов, Тараққиёт стратегияси директори Элдор Туляков, Россия ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро муносабатлар институти Евроосиё тадқиқотлари маркази директори Иван Сафранчук, Жонс Хопкинс (AҚШ) университети Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари Фредерик Стар, Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санъат Кушкумбаев, машҳур немис халқаро журналисти Aлександр Рар иштирок этишди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш