Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда ўтган давр мобайнида рўй бермаган мисли кўрилмаган ўзгаришлар даври бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мутлақо ўзгача сиёсат билан юртимизда сифат жиҳатдан янги поғоналарни бошлаб берди.
Соҳа борки, ислоҳотнинг шамолидан баҳраманд бўлди. Жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маданий, маърифий, ҳуқуқий соҳаларида бир йўла ислоҳотлар амалга оширилди. Дарвоқе, изчиллик билан олиб борилган ҳаракатлар узоққа татийди.
Белгиланган беш йилликда Ўзбекистон ўзгаришлар, янгиланишлар, юксалишлар даврига кирди. Ўз тарихининг энг масъулиятли ва шарафли палласини бошдан кечирди. Жаҳонга бағрини очган мамлакатимизда очиқлик сиёсатининг йўлга қўйилиши билан давлат бошқаруви тизими, давлат ҳокимияти органлари тизими фаолияти ва бошқарувда катта ўзгариш бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди. Олдингидек эски, самарасиз иш услубидан воз кечиб, бошқарувнинг демократик ва бозор муносабатларига асосланган шаклларини жорий қилишга киришилди.
Ободлик аввало қалбдан бошланади. Халқ билан мулоқотнинг йўлга қўйилганлиги кўплаб муаммоларнинг ечимига сабаб бўлди. Aҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, халқнинг дарди, ўй-фикрлари, кайфияти билан бевосита қизиқиш натижасида раҳбарларнинг фуқаролар олдида масъулияти яна бир карра ошди. Ушбу ҳолат халқнинг юрагида орзу-умидлар уйғониши омили сифатида келажакка оптимистик руҳда қарашга чорлади.
Давлатчилик тарихидан маълумки, барча мамлакатлар янги босқичга қадам қўяр экан, қийинчиликлар, машаққатлар эвазига натижага эришган. Жипслашиб ҳаракат қилган, изланган, ўз ишига масъулиятли халқларгина ҳаётини, жамиятни ўзгартиришга муваффақ бўлган.
Ўзбекистон олдида ҳам узоқ ва машаққатли йўл бор эди. Беш йиллик бошиданоқ мақсадлар улкан, вазифалар кенг кўламли эди, ўтган давр мобайнида уларнинг натижаси ўлароқ жиддий дастурлар, лойиҳалар амалга оширилди. Жаҳонга мос тарзда ривожланаётган Ўзбекистонда электрон ҳукуматнинг янги шаклларини жадал суръатларда шакллантирилди. Фуқаролар маълумотларни тезкорлик билан қабул қилиб, барча соҳаларда электрон тизимдан фойдаланиш имконига эга бўлдилар.
Ташқи сиёсатда ҳам Марказий Осиё доирасида қўшничилик алоқалари мустаҳкамланди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан қўшничилик муносабатлар янги босқичга чиқди.
Танқид – келажак меваси. Қаердаки йўл қўйилган хатоларга кўз юммасдан, танқидий ёндашилса, муаммо ечимлари тавсия этилса, ўша жойда юксалиш бўлади. Ўтган давр мобайнида барча соҳага енг шимариб, бош-қош бўлган президентимизнинг ҳар бир хитоблари, куйинишлари, жонкуярликлари замирида халқни рози қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришларни фуқаролар ўз танида, ҳаётида ҳис қилишига қаратилди.
Шу маънода пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилди.
Ҳар йили сайёҳлар ўзбек халқининг тарихи, бугуни, маданияти, урф-одатлари, миллий таомларидан баҳраманд бўлиш учун диққатга сазовор жойларига ташриф буюради. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Aзалдан йирик илмий марказлардан бири бўлган Ўзбекистонда илғор хорижий тажриба, жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари жадал ривожланди.
Янгиликлар кўплиги, мақтанишга арзигулик ривожланиш мобайнида илмий журналистика соҳаси ҳам сезиларли юксалди. Президентимиз Ш.М. Мирзиёев бошчилигида ислоҳотлар, муаммо ва камчиликлар ҳақида очиқ гапириладиган бўлди. Халқ орасида “Тўртинчи ҳокимият” номини олган Оммавий ахборот воситаларига ҳам кенг эътибор берилиши муносабати билан аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонлик бир қадар ошди. Бу эса жамоавий фикрни ўртага чиқарди, ёшларимизнинг онгига ижобий таъсир кўрсатди. Ўз фикрига эга, кенг мушоҳадали ёшлар сафи ортди. Улар одамларни қийнаётган долзарб муаммоларни аниқлаб, аҳолининг ижтимоий кайфияти ва ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашга ҳисса қўшишди.
Aҳолининг ярмидан кўпи ёшлардан иборат бўлган Ўзбекистонда ёшларга эътибор сиёсат даражасига кўтарилди. Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати – 2016-йил 14-сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун экани фикримизнинг исботидир. Юртимизда сўнгги беш йилликда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, мактаб таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Вилоятларда янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар ташкил этилди. Олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада кенгайтирилди. Сиртқи ва кечки олий таълим шакллари тикланди. 15 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг нуфузли университетлари филиаллари очилди.
Беш йил илгари 34 миллионлик аҳолига эга бўлган, ўтган даврда кўплаб муаммолар тўпланиб қолган мамлакатнинг бугуни ва эртасига ишонч уйғотиш осон вазифа эмас эди. Aммо қисқа муддатда пухта ўйланган вазифалар, тасдиқланган қонун, фармон, қарор, фармойишлар давлат раҳбаримизнинг салоҳият билан олиб бораётган сиёсатлари натижасидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат раҳбаридан бошлаб, фуқарога қадар доимий изланишда бўлган, ўқиб-ўрганиб, ҳаётий позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган уйғоқ жамиятга айланди.
Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг энг янги тарихини безовчи, ҳар бир фуқаро иштироки билан бунёд этилаётган бугунги дамлар келгусидаги муваффақиятларнинг тамал тошидир.
Бухоро давлат университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор Обиджон Хафизович Хамидов
Изоҳ қолдириш