Японияда чоп этиладиган «The Japan News» газетаси саҳифасида “Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлари” сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Унда қайд этилганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро меъёрларни миллий қонунчиликка ҳамда ҳуқуқ-тартибот тажрибасига тадбиқ этишнинг тизимли ва босқичма-босқич модели шаклланган.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилиги мувофиқ, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини либераллаштириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ислоҳотларнинг ташаббускори бўлди”, деб ёзади газета.
- Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига қатъий риоя этилиши, одил судловда давлат ва жамоатчилик институтларининг ўрнини мустаҳкамлаш масалалари устуворликлар сифатида белгиланган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, шу қаторда, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Уларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши юзасидан БМТ ҳуқуқ ҳимояси механизмлари идораларига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этилади”.
Япон газетасининг таъкидлашича, мажбурий меҳнатни бартараф этиш, шунингдек, болалар меҳнатига чек қўйиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилди. “Ҳукумат халқаро ташкилотлар (жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти) ва фуқаролик фаоллари билан яқин ҳамкорликни амалга оширди, деб ёзади нашр.
Мақолада Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига чек қўйилгани билан боғлиқ тафсилотлар атрофлича қаламга олинган.
Изоҳ қолдириш