Тимур Ишметов: Бундан буёғига давлат идоралари раҳбар, ходимлари нима автомобиль олишини аниқ кўрсатиб қўйилади

Тимур Ишметов: Бундан буёғига давлат идоралари раҳбар, ходимлари нима автомобиль олишини аниқ кўрсатиб қўйилади

18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Қуйи палата депутати Расул Кушербаев маҳаллий бюджетларда орттирилган маблағларнинг 10 фоиз миқдори жамоатчилик фикрини ҳисобга олиб, сарфланиши лозимлиги, лекин охирги вақтларда ташкилотлар қиммат автомобиллар олишга зўр бераётганини таъкидлади.

«Охирги вақтларда кўраяпмиз, негадир маҳаллий бюджетни орттирилган маблағи ҳисобидан ҳокимлар, бошқа ташкилотлар қиммат автомобиллар олишга зўр бериб кетишмоқда. Арзонини ҳам эмас, қимматлирини олишмоқчи. Бу ерда жамоатчилик фикри қанчалик инобатга олинаяпти? Ёки жамоатчилик ҳақиқатдан ҳам ҳокимларимиз қиммат машина олсин деган таклифни бераяптими?», — деди Расул Кушербаев.

Молия вазири Тимур Ишметов бунга жавобан жамоатчилик фаоллиги ҳукуматга, керак бўлса, парламентга тегишли қарорларни қабул қилишга туртки бўлаётганини қайд этди.

«Бунинг яққол мисоли сифатида, автомобиллар масаласида айтадиган бўлсак, бундан буёғига давлат идоралари раҳбар, ходимлари нима автомобиль олишини аниқ кўрсатиб қўйиш бўйича ҳукуматдан топшириқ олдик. Молия вазирлиги томонидан ҳафтани охирига қадар ишлаб чиқиш ниятимиз бор, ҳукуматга киритамиз. У ерда ҳар битта лавозимини қўйиб, қайси лавозимга нима машина сотиб олиш мумкинлигини аниқ кўрсатиб қўямиз. Вазирлик ва ҳокимликлар жамоатчиликни шунақа фикрга олиб келишган бўлса, мажбур бўламиз шунақа қилиб кўрсатиб қўйишга», — деди Тимур Ишметов.

Вазир шунингдек, давлат маблағларини самарали ишлатишнинг ягона йўли очиқликни таъминлаш, жамоатчилик ва парламентдан фикрларни эшитиб, унга яраша реакция қилиш эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, вазир орттирилган маблағларнинг 10 фоиз қисми нималарга сарфланганига ҳам тўхталиб ўтди.

«Иккинчи чоракни таҳлил қилганда, орттириб бажарилган маҳаллий бюджетлар маблағлари 200 млрд сўмдан ортиқ бўлса, шундан 10 фоизи 20 млрд сўмни фуқаролар билан фикрлашиб сарфлаши керак бўлган, аслида шуни ярмини, 10 млрд сўмини ишлатган. Буни пандемияга қарши курашиш мақсадида ишлатилган деб, изоҳ берса бўлади», — дея таъкидлади.

Ишметов жамоатчилик ёрдамида давлат харидлари порталида эълон қилинган барча харидлар юзага чиқа бошлагани ҳақида гапирди. Давлат идоралари томонидан маблағлар нотўғри сарфланишига танқид билан қаралишини айтди.

«Иқтисодий инқироз, бунақа пандемия пайтида албатта маҳаллий ҳокимликлар, умуман ҳамма давлат идоралари, харажатларини нафақат қонуний нуқтаи назардан, балки сал мантиқ, одамларнинг ҳозирги ҳаёт тарзидан келиб чиққан ҳолда амалга оширса тўғри бўларди деб ҳисоблайман», — деди вазир.

У шунингдек, босқичма-босқич маҳаллий бюджетлар ва вазирликларга харажатларни амалга ошириш мустақиллиги берилишига тўхталиб ўтди.

«Молия вазирлиги бўладими ёки унинг қошидаги давлат молиявий назорати бўладими харажатларни назорат қилиш имконияти йўқ. Лекин ҳар битта маблағни, ҳар битта сўмини қаерга ишлатиш мумкин, неча пул деб ёзиб чиқиш — бу яна ортга қайтиш бўлади. Битта вазирлик ҳал қилиши турли хил салбий оқибатларга олиб келган. Менинг фикримча, энг тўғри йўли, уларга мустақилликни бериб, ошкораликни таъминлаш. Мана шу жамоатчилик назорати ўзи ҳаммани жойига солиб қўяди», — деди Тимур Ишметов.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар