20 ноябр куни Молия вазири Тимур Ишметов Twitter’даги аккаунти орқали Ўзбекистон тарихида илк бор халқаро молия бозорларида миллий валюта – сўмда – 2 триллион сўм ҳажмида суверен облигациялар Лондон фонд биржасида жойлаштирилганини маълум қилди.
«Ушбу ютуқ ўзбек сўмини молия бозорларида ўз ўрнини топишига дадил қадам бўлсин», деб ёзган Молия вазири.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Лондон фонд биржасида навбатдаги евробондларни жойлаштириши ҳақида хабар берилганди. Бу гал АҚШ доллари билан бирга, ўзбек сўмида ҳам деноминация қилинган халқаро суверен облигациялар чиқарилиб, 750 млн доллар қарз жалб этилиши назарда тутилган.
Инвесторлар таклифларига биноан, 750 млн АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигациялар 2 траншда – 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан ўзбек сўмида чиқарилди.
Молия вазирлиги хабарига кўра, Лондон фонд биржасида жойлаштириш бўйича бошланғич ставкалар мос равишда 4,25 фоиз атрофида ва 15,25 фоиз атрофида белгиланган.
Қайд этилишича, халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга келажакда ички молия бозорига, жумладан давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта умумий қиймати 1 миллиард долларга тенг иккита евробондлар траншини жойлаштирган. Қарз облигацияларининг тўлов муддати 2024 ва 2029 йил феврал ойларига белгиланган.
Изоҳ қолдириш