Венгрия ОТP Bank Ўзбекистон бозорига кириши бўйича музокаралар ниҳоясига етмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Венгрия музокараларидан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида маълум қилди.
"Биз бугун стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекдик. Бу давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янги даврни бошлаб беради, десак тўғри бўлади. Биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратдик. Сўнгги 4 йилда ўзаро савдо айланмасини деярли уч бараварга ўсишини катта мамнуният билан қайт этдик. Бу кўрсаткични биз келгусида бир неча баробар оширишни келишиб олдик. Ҳамма соҳалар бўйича батафсил муҳокама қилдик. Музокараларимиздан мамнунман. Венгриянинг ОТP Bank Ўзбекистоннинг “Ипотека банк"ининг давлат улушини хусусийлаштиришда иштирок этишини бошлаганини қизғин қутлаймиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ушбу масала юзасидан томонлар «жиддий келишиб олган"ини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сешанба куни банклар раҳбарлари билан тор доирадаги учрашувда режалар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинган.
"Ўйлайманки, бироз муддат ўтгач, реал натижалар қайд этила бошлайди", деди Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг хабар беришича, 30 март куни Бош вазир ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров OTP Bank Group директорлар кенгаши раиси ва бош директори Жаноб Шандор Чаньи билан учрашди.
Учрашувда Молия вазири Тимур Ишметов, Марказий Банк Бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов, Молия вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхожаев, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов иштирок этишди.
Расмий вакиллар билан музокаралар чоғида мамлакатимизда, хусусан, банк секторида яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Меҳмонлар банк секторини ўзгартириш истиқболлари, шунингдек, хусусийлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш жараёни ҳақидаги маълумотлар билан таништирилди.
Изоҳ қолдириш