13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Тошкент вилоятининг 2017–2025 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, 2017–2025 йиллар давомида Тошкент вилояти ялпи ҳудудий маҳсулоти 72,5 фоизга ўсиб, 180,2 трлн сўмга етди. Ўртача йиллик иқтисодий ўсиш суръати 6,3 фоизни ташкил этиб, республика ўртача кўрсаткичидан (6 фоиз) юқори бўлди. Вилоятнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 9,7 фоизни ташкил этган ҳолда, Тошкент шаҳридан кейин иккинчи йирик ҳудудий иқтисодиёт сифатида шаклланди. Аҳоли жон бошига ЯҲМ 57,5 млн сўмни ташкил этиб, республика ўртача даражасидан 36 фоизга юқори бўлди.
Йиғилишда Президент томонидан иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари сифатида саноатлашув, инвестицион фаоллик ва хизматлар соҳасини ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган бўлса, Тошкент вилоятида ушбу йўналишларда аниқ натижалар қайд этилди. Хусусан, 2017–2025 йилларда қурилиш соҳаси 3,3 баробарга ўсиб, ўртача йиллик 14,7 фоизлик юқори ўсиш суръатини намоён қилди. Ушбу даврда 13,9 млн кв.м уй-жойлар қурилди ва реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди.
Саноат тармоғи иқтисодий трансформациянинг асосий драйвери сифатида шаклланиб, 2017–2025 йилларда 1,9 баробарга (ўртача йиллик ўсиш 7,5 фоиз) ўсди. Жами саноат ҳажмининг 86 фоизи қайта ишлаш тармоқлари ҳиссасига тўғри келиб, электр ускуналар ишлаб чиқариш 9 баробарга, резина ва пластмасса буюмлари 4,1 баробарга, кийим-кечак 3,2 баробарга, металлургия 2,1 баробарга, қурилиш материаллари 1,9 баробарга ошди. ЯҲМ таркибида саноат улушининг 31 фоиздан 44 фоизгача кўтарилиши ҳудуд иқтисодиёти саноатлашув босқичига ўтаётганини кўрсатди.
Хизматлар соҳасида ҳам барқарор ўсиш таъминланиб, умумий ҳажм 1,7 баробарга (ўртача йиллик ўсиш 6,5 фоиз) ошди. Айниқса, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 11 баробарга, соғлиқни сақлаш 3,7 баробарга, таълим 2,5 баробарга, транспорт 1,9 баробарга, яшаш ва овқатланиш хизматлари 1,8 баробарга ўсгани рақамли иқтисодиёт элементлари ва инсон капиталига инвестициялар самарасини акс эттиради.
Ққишлоқ хўжалигида барқарор, бироқ нисбатан пастроқ ўсиш қайд этилди. Ушбу даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1,2 баробарга ошди, ўртача йиллик ўсиш суръати 2 фоизни ташкил этди. Айрим асосий маҳсулот турлари бўйича ижобий динамика кузатилди. Хусусан, мевалар етиштириш ҳажми 46 фоизга, тухум ишлаб чиқариш 35 фоизга, гўшт 34 фоизга, сут маҳсулотлари 31 фоизга ошди. Мазкур кўрсаткичлар қишлоқ хўжалигида диверсификация жараёнлари кучайганини, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси ошганини ҳамда ҳудуднинг озиқ-овқат хавфсизлиги салоҳияти мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Сифат ўзгаришлари нуқтаи назаридан, меҳнат унумдорлиги (бир нафар банд аҳолига тўғри келувчи ЯҲМ ҳажми) 73 фоизга ошди, норасмий ва яширин иқтисодиёт улуши 49,6 фоиздан 26,5 фоизгача қисқарди. Ҳудудга жами 29 млрд доллар инвестиция киритилиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши 3 фоиздан 37 фоизгача ошди. Экспорт ҳажми эса 1,6 баробарга ўсиб, 2,2 млрд долларга етди.
Умуман олганда, Тошкент вилоятида 2017-2025 йилларда иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари сифатида саноатлашув, инвестицион фаоллик ва хизматлар соҳасининг жадал ривожланиши намоён бўлди. Иқтисодиётда саноат улушининг ошиши, меҳнат унумдорлигининг ўсиши ва яширин секторнинг қисқариши ҳудуд иқтисодиётининг сифат жиҳатдан янги босқичга ўтаётганини кўрсатади.
Шунингдек, бу жараёнлар вилоят иқтисодиётининг ташқи бозорларга интеграциялашаётгани, инвестицион жозибадорлиги ошгани ва технологик янгиланиш суръатлари кучайганини тасдиқлайди.
Азиз Мамиров
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш