1 март куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев япониялик бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаллари муҳокама этилди. Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабр ойида Японияга расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанлигини таъкидлаб, ўзаро алоқаларни тараққий эттиришда ишга солинмаган имкониятлар кўп эканлигини таъкидлади. Иқтисодиёт, саноат, таълим, маданият, туризм ва спорт соҳасида биргаликда жуда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини қайд этди.
Япониянинг “D’S Grace FE LLC” компанияси директори Дайсуке Накамура Тошкентда кунчиқар мамлакатнинг IT академияси иш бошлаганини билдириб, унда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бепул таълим олишлари мумкинлигини айтиб ўтди. Шунингдек, шу ва бошқа қатор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Япониянинг Beeanz корпорацияси ҳам ҳудди шу йўналишда фаолият олиб боради, ҳозиргача улар Зарафшон шаҳри ва Янгийўл туманида IT мактабларни ишга туширдилар. Корпорациянинг мақсади Тошкентда ҳам шундай мактабларни кўпайтиришдир. Тошкент шаҳар ҳокими бу таклифларни қўллаб-қувватлаб, ёш авлоднинг замонавий технологиялар асосидаги таълими учун пойтахтда зарур шароитларни яратишга тайёрлигини айтди.
Noritsuisu компанияси мутасаддилари эса тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Япониянинг Ёш тадбиркорлар палатаси билан ҳамкорликда форум ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга офис стулларини ишлаб чиқариш компаниянинг асосий йўналишларидан бири эканлигини қайд этиб, Тошкентда мазкур йўналишда қўшма корхонани очиш, хавфсизлик соҳасида аҳамиятли бўлган ID карталарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Шунингдек, учрашувда косметика ва медиа йўналишдаги тадбиркорлар ҳам иштирок этиб, ўз йўналиши бўйича биргаликда ишлаш юзасидан таклифларни айтиб ўтдилар.
Тошкент шаҳар ҳокими япониялик тадбиркорларнинг барча таклифлари атрофлича ўрганилиши, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилишини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш