Тошкентнинг “ташриф қоғози”га айланиши кутилаётган светофорларсиз йўл қурилиши ниҳоялаб қолди

Тошкентнинг “ташриф қоғози”га айланиши кутилаётган светофорларсиз йўл қурилиши ниҳоялаб қолди

Тошкентнинг “ташриф қоғози”га айланиши кутилаётган ушбу объект битишини кўпчилик катта қизиқиш билан кутяпти. Қурилиши 2018 йилнинг май ойида бошланган мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги дастлабки уч поғоналик транспорт ечими ҳисобланади. Яна бир эътиборли томони шуки, унинг атрофида бирорта ҳам светофорлар бўлмайди. Автомобиллар барча йўналишда тўхтовсиз ҳаракатни давом эттириши туфайли тирбандликларнинг олди олинади.

Халқасимон йўл ҳаракати ташкил этилади

Оҳангарон ва Паркент кўчалари умумий узунлиги 502 метр бўлган туннел услубидаги йўл ўтказгич билан боғланади. Туннелнинг кенглиги 26,7 метр, кўприк ости баландлиги эса 5,5 метрни ташкил этади. Лойиҳанинг иккинчи поғонасида 2 та йўл ўтказгич барпо этилиши билан умумий диаметри 329,2 метрли халқасимон йўл ҳаракати ташкил этилмоқда. Учинчи поғонаси эса Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи умумий узунлиги 593 метр, кенглиги 26 метр бўлган йўл ўтказгичдир. Унинг 411 метри эстакада, 182 метри эса таянч деворли қисмдан иборат.

Қурилиш ишлари якунига етиб қолди

Мазкур бунёдкорлик ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги “Кўприкқурилиш трести” УК томонидан олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб учала поғонада ҳам бетон ётқизиш ишлари тугатилган бўлиб, ер ости ва эстакада йўналишининг икки томонига пиёдалар йўлаклари қурилди ва бордюрлар ўрнатилиб чиқилди. Айни пайтда лойиҳанинг учинчи поғонасидаги пиёдалар юрадиган йўлаклардаги бетон тўсиқларга кўркам металл конструктсиялари ўрнатилиб, асфалть билан қопланмоқда. Шунингдек, электр энергияси тармоқлари ҳам тортилиб, ёритиш тизими ускуналарини ўрнатишга тайёргарлик жараёни бошлаб юборилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар