Божхона институти техника фанлари доктори Қурбонқул Каримқулов ўзининг мақоласида “Рақамли маркалаш” тизими ва унинг аҳоли саломатлиги учун фойдалари келтирилган.
Мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари-дан кенг фойдаланган ҳолда, давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг халқаро стандартлари ва тавсиялари асосида миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда. Контрабанда, контрафакт маҳсулотларни олиб ўтиш, ноқонуний валюта операциялари ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш усулларини қўлаш, замонавий ва синовдан ўтказилган қоғозсиз ва электрон божхонани ривожлантириш усулларини қўллашни талаб этмоқда.
Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, «қоғозсиз ва электрон божхона» нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «Рақамли божхона» шаклланиши изчиллик билан олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда, дунё савдо тармоғида сохта, қалбаки маҳсулотлар сони сезиларли даражада ошди. Дунёда аҳоли сони йилдан йилга кўпаймоқда. Солиқларнинг оширилиб бориши, аҳоли сони ошган сари инсонларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ортиши контрафакт товарларга кенг йўл очмоқда. Бу ҳар бир мамлакат иқтисодиётига жиддий молиявий ва аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказади. Масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилдаги маълумотларига кўра, сайёрамизда ҳар йили 600 млн. киши сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланади, 420 минг киши сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан вафот этади ва 2,5 млн нафар киши контрафакт ва сифатсиз алкоголь маҳсулотларидан азият чекмоқда.
Шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларида тамаки маҳсулотларининг тахминан 10% сохта ёки контрабанда маҳсулотлари ҳисобланади, бу фуқаролар соғлиқ учун жиддий зарарли бўлибгина қолмай, саноат учун ҳам катта молиявий зарарни келтириб чиқаради. Таъминот занжирининг чакана савдога чиқарилгунга қадар содир бўладиган ноқонуний савдонинг асосий қисми акциз маркалари фалсификацияси ва лицензиялар билан боғлиқ. Ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бу ноқонуний равишда ишлаб чиқариладиган, рўйхатга олинмайдиган, давлат органлари томонидан қайд этилмайдиган ва солиққа тортилмайдиган, аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган товарлардир.
Европа Иттифоқи 24 та мамлакатда акциз маркалардан фойдаланилади. Aвстрия, Кипр, Финляндия ва Швецияда акциз маркалардан фойдаланилмайди. Ушбу мамлакатларда акциз солиғи одатда божхона юк декларацияси билан эркин муомалага чиқаришдан олдин ундирилади. Швецияда солиқ органлари маҳсулотларни кузатиб бориш ҳамда назорат қилиш учун (Excise Movement Control System (EMCS)) компютерлаштирилган тизимдан фойдаланилади. Бу тизим реал-вақт режимида акциз маркали товарларнинг назоратини олиб боради. Ҳозирда тизимдан 100 000 дан ортиқ иқтисодий операторлар фойдаланади ва бу аъзо давлатлар ўртасида ахборот алмашинуви ва ҳамкорлик учун ҳал муҳим восита ҳисобланади. ЕМCSда аъзо давлатларга ушбу товарларнинг реал вақт режимида ҳаракатланишини кузатиб бориш учун электрон тизимни тақдим этади, бу эса белгиланган манзилда божларнинг тўғри ундирилишини таъминлайди.
Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Таиландда тамаки ва алкоголь маҳсулотларига рақамли механизмлари қўллаш бўйича иш олиб бормоқда. 2019 йил январидан бошлаб, бу мамлакатларда рақамли маркалар Федерал Солиқ томонидан тамаки учун талаб қилиниб келинмоқда. Ушбу механизм барча маълумотлар базаси солиқ ва божхона билан бирга интеграциялашган бўлиб, маълумотлар қайд қилинади ва бу орқали сигарет қутилари акциз божлари тўланганлигини текшириш учун электрон кузатувдан ўтказилади. Ушбу тизимнинг бевосита натижаси шундаки, БAA солиқ идораларидан олдиндан рақамли маркаларни олмасдан олиб киришни иложи бўлмайди. Ҳар қандай тамаки ушбу рақамли маркасиз сотиш тақиқланади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, кўп мамлакатлар рақамли маркалаш лойиҳаларига хусусий секторни жалб қилишган. Хитойда - Aлибабага тегишли бўлган “Alihealth”, Бразилияда Швейцариянинг “SICPA” компанияси, Россия Федерациясида “Илғор технологияларни ривожлантириш маркази”.
Ўзбекистонда “Рақамли маркалаш” тизими давлат-хусусий шериклик шаклида яратилган. Хусусий шерик - "CRPT TURON" МЧЖ - товарларнинг рақамли маркалаши ва кузатилиши учун ахборот тизимини яратиш, ишлаши ва ривожланишини таъминлайди. Давлат шериги - Давлат солиқ қўмитаси - рақамли белгиларни мажбурий рақамлаштириш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни амалга оширади.
Бу тизим нафақат тадбиркорларга, давлатга балки истеъмолчиларга ҳам фойда келтиради:
- Истеъмолчи сотиб олинган маҳсулотларнинг қонунийлиги, уларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсизлигига шубҳа қилмаслиги учун махсус мобил илова орқали ҳар қандай фуқаро товарларни олдиндан текшириши ва аниқланган ноқонуний маҳсулотлар тўғрисида хабар бериши мумкин ва бу маълумотлар тегишли назорат органига ўтказилади;
- Бозорда контрафакт ва контрабанда улушининг пасайиши туфайли товарларнинг рақамли маркалаш тизимида иштирок этадиган қонуний ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар даромаднинг кўпайишини ва рақобатбардошликни ўсишига олиб келади;
- Савдо мавсумийлиги, интенсивлиги ва географияси тўғрисидаги долзарб статистик маълумотларга асосланган ҳолда, маҳсулотларнинг ҳаракатини кузатиб бориш материаллар ва омбор захираларини оптималлаштириш имкониятига эга бўлади. Натижада харажатлар камаяди ва меҳнат унумдорлиги ошади;
- Стратегик товарларнинг рақамли ёрлиғи "Қора" бозорини қисқартиради, солиқ ва божхона тўловларини кўпайтиради;
- Товар бозорларини назорат қилишни ташкил этиш ҳаражатларини камайтиради.
Маркировкалаш жорий этилганда, қонуний ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг нархи вақт ўтиши билан арзонлашади. Тизим ишлаб чиқарувчи қанча товар сотаётгани ва таъминот занжирлари қандай ишлашини аниқ ҳисобини юритади. Бу бизнес жараёнларни оптималлаштириш ва харажатларни камайтириш имконини беради.
Энг муҳим жиҳатларидан яна бири, маркалаш жорий қилинганидан сўнг, товарларнинг бозордаги сохта маҳсулотлар улушлари ва товарларнинг нархи 10 % арзонлашади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифлар киритилади,
- Рақамлаштириш технологиясини жорий этиш, божхона туловларини ундирилишида иш самарадорлигни оширади. Маркировкалаш муддатли истиқболда қоғоз кўринишидаги акциз маркаларидан воз кечиш имконини беради, уларнинг ўрнини Data Matrix кодлари каби маркировкалаш технологиялар эгаллайди. Бу ноёб идентификаторлар нусха кўчиришдан ҳимоя қилиш функтсиялари билан Data Matrix код билан боғланади. Улар сигарет қутиларига ёки спиртли ичимликлар бутилкаларига бириктирилади ва кейин фаоллаштирилади. Data Matrix кодлари ишлаб чиқарувчи, маҳсулот тафсилотлари, таркибий қисмлари, ишлаб чиқарилган санаси, компания номи, божни тўлаш ҳолати ва бошқалар ҳақидаги барча маълумотларни ўз ичига олади. Кодлар фаоллаштирилгандан сўнг, экспорт қилувчи мамлакат маҳсулотни омборларига, ички истемолчилар учун ишлаб чиқарилганда эса сотувчиларга ёки охирги истеъмолчиларга етказилади.
- Хорижий мамлакатлар тажрибасига кўра, давлат ички бозорига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини божсиз олиб кириш нормалари фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эл фуқароларига уларнинг ёшлари бўйича чекловлар мавжуд, м-н: АҚШда - 17 ёш; Европа Иттифоқида - 21ёш; Туркияда -18 ёш; Россия Федерациясида - 18 ёш; Жанубий Корея- 19 ёш.
Ўзбекистонда алкоголь маҳсулоти, шу жумладан пиво умумий миқдори 2 литрдан кўп бўлмаган, тамаки маҳсулотларининг барча турлари умумий миқдори 10 қутидан кўп бўлмаган миқдорда импорт қилишлари мумкин, бироқ “18 ёшдан ошган фуқоралар” жумласини киритиш таклиф этилади.
- Ўзбекистон Республикасига импорт қилинган тамаки ва сигарета брендлари таҳлил қилиниб, улар таркибидаги элементлар As, Ca, Cd, Co, Cu, Fe, K, Mg, Mn, Ni, P, Pb ва Zn миқдорини аниқлаш ва профиллар яратиш зарур. Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган тамаки таркибидаги зарарли моддалар миқдори аниқланади ва стандарт профиллар билан солиштирилади.
Қурбонқул КАРИМҚУЛОВ Божхона институти кафедра бошлиғи,
техника фанлари доктори, профессор
Изоҳ қолдириш