“Марказий Осиё – Хитой” – божхона тартиботларини ўзаро уйғунлаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилувчи қулай форматдаги савдо-иқтисодий майдон

“Марказий Осиё – Хитой”  – божхона тартиботларини ўзаро уйғунлаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилувчи қулай форматдаги савдо-иқтисодий майдон

2023 йил май ойида бўлиб ўтган биринчи саммитдан бери Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги икки томонлама савдо алоқалари барқарор ўсди.

Хусусан, икки томонлама товарлар ташқи савдо айланмаси йиллар кесимида 2022 йилда 38,6 миллиард АҚШ доллари, 2023 йилда 62,4 АҚШ доллари ва 2024 йилда рекорд даражадаги кўрсаткични қайд этиб, 85,3 миллиард АҚШ долларига етди. (Trade Map Халқаро бизнесни ривожлантириш бўйича савдо статистикаси маълумотлари)

Ўзбекистон ва Хитой ўзаро ташқи савдо айланмаси 2024 йил 12,5 млрд долларни ташкил этиб, мамлакатимизнинг жами ташқи савдо айланмасига нисбатан қарийб 20 фоизни ташкил этди.

Мамлакатимиз экспортининг асосий қисмини мис, пахта, ипак, сабзавотлар ва пластмасса маҳсулотлари ташкил этса, импортда электроника ва маиший техникалар, енгил транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда темир хомашёлари асосий улушни эгаллаган.

Ушбу юқори ўсиш динамикасининг асосий омилларидан бири божхона тартиботларини соддалаштириш ва ўзаро уйғунлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги учрашувларда божхона ҳамкорлиги савдо тўсиқларини камайтириш, юк ташиш вақтини қисқартириш ва минтақавий иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида шаклланди.

Мазкур савдо-иқтисодий майдон божхона тартиботларини ўзаро уйғунлаштириш ва соддалаштиришнинг қуйидаги йўналишларини янада ривожланишига хизмат қилади:

иштирокчи давлатлар ўртасида ягона ёки ўзаро мослашган тартиб-таомилларни жорий этиш;

ортиқча ҳужжатбозликни камайтириш, юкларни тез ва хавфсиз ўтказиш имконини берувчи механизмларни яратиш;

божхона маълумотлари билан реал вақт режимида ўзаро алмашиш орқали хавфли юкларни аниқлаш ва контрабанданинг олдини олиш.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси мазкур формат доирасида қуйидаги йўналишларда фаолият юритмоқда:

электрон декларацияни ривожлантириш ва “Paperless trade” тизимига ўтиш;

қўшни давлатлар билан интеграциялашган назорат пунктларини ташкил этиш;

Марказий Осиё мамлакатлари божхона хизматлари билан биргаликда контрафакт ва ноқонуний айланмага қарши курашиш чораларини кучайтириш;

савдо логистикаси ва транзит имкониятларини кенгайтириш орқали минтақавий савдони ривожлантириш.

Хусусан, ушбу саммит доирасида савдо ҳажмини 2030 йилга қадар истиқбол режа кўрсаткичини белгилаш, ўзаро тан олинган ваколатли иқтисодий оператор (VIO) дастурини жорий этиш ҳамда божхона ҳамкорлиги бўйича доимий ишчи гуруҳ ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши нафақат Марказий Осиё ва Хитой, балки бутун Евросиё макони учун янги иқтисодий имкониятлар яратади ва глобал савдо тизимига ижобий ҳисса қўшади.

Соатов Санжар Сарварович
Божхона қўмитасининг Ташқи иқтисодий фаолият
Илмий маркази Етакчи илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар