“UzAgroExpo – 2019” “UzProdExpo – 2019” XV халқаро кўргазмалари очилди
“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 27 ноябрь куни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати бўйича “UzAgroExpo – 2019” “UzProdExpo – 2019” XV халқаро кўргазмалари очилди.
“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 27 ноябрь куни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати бўйича “UzAgroExpo – 2019” “UzProdExpo – 2019” XV халқаро кўргазмалари очилди. Мазкур кўргазмалар “Internetional Expo Group” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди. Кўргазмалар иштирокчиларининг 80 фоизи Германия, Франция, Нидерландия, Испания, Туркия, Хитой, Корея Республикаси, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Эрон, Исроил, Чехия, Украина, Грузия, Латвия, Молдова, Шри-Ланка каби мамлакатлардан келган 150 га яқин хорижий компаниялардир. Тадбирларнинг очилишида чет эл бизнес вакилларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётгани, маҳаллий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Анъанавий “UzAgroExpo” халқаро кўргазмаси Осиё ва Европа минтақасида қишлоқ хўжалиги саноатига бағишланган йирик тадбирлардан биридир. Бу йилги кўргазмада замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар, технологик материаллар, иссиқхона хўжаликлари, чорвачилик, паррандачилик, дон саноати технологиялари намойиш этилмоқда. Улардан бири Тошкент шаҳридаги “Экосув» компанияси тақдим этаётган тупроқ ости томчилатиб суғориш тизимидир. Мазкур технология кўргазма иштирокчиларида қизиқиш уйғотмоқда. “UzProdExpo – 2019” экспозицияларида озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга қайта ишлаш, совутиш, қадоқлаш технологиялари, ускуналар намойиш этилмоқда. Россия экспорт маркази қўмагида Воронеж, Пенза, Брянск вилоятлари, Олтой, Ставрополь ўлкалари, Бошқирдистон Республикаси стендлари ҳам ташкил этилган бўлиб, улар янада гавжум. Беларусь Республикаси стендида мазкур мамлакат етакчи компания ва корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини баҳолаш имконияти яратилган. Кўргазмалар 29 ноябрга қадар давом этади. Улар доирасида маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун махсус семинарлар ташкил этилади. Манба: ЎзА
Изоҳ қолдириш