«Ўзэкспомарказ»да Халқаро пресс клуб томонидан ўтказилган навбатдаги сессияда маълум қилинишича, асалариларнинг зотини яхшилаш борасида Украинадан 2 минг 450 та «карпат», Германиядан 125 та «карника» зотли наслли она-арилар келтирилди. Илмий мақсадлар учун эса Германиядан маҳаллий шароитга мослашишни ўрганиш учун 50 та «бакфаст» зотли оналар олиб келинди. Йил давомида 19 минг тоннадан ортиқ асал етиштирилди. Ҳозирда асал истеъмоли аҳоли жон бошига 0,56 килограммга тўғри келмоқда.
Тадбирда таъкидланишича, ўтган 10 ой ичида асаларичилик субъектлари сони 14 минг 430 тага, асалари оилалари сони эса 816 мингтага етказилди. 300 минг доллар миқдордаги асаларичилик соҳасида ишлатиладиган замонавий ускуна ва жиҳозлар, мумпарда ва мум маҳсулотлари божхона тўловларидан озод қилинган ҳолда импорт қилинди.
Матбуот анжуманида айтилишича, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ташаббуси билан 2,5 мингдан зиёд асаларичилар оилалари баҳорги-ёзги даврда Қирғизистон тоғларига вақтинчалик олиб чиқилиб, қўшимча 120 тонна тоғ асали имтиёзли асосда республикага олиб кирилди. Сўнгги уч йил ичида мум ва мумни қайта ишлаш цехлари сони 5 тадан 12 тагача кўпайтирилди.
Изоҳ қолдириш