Ўзбекистон ва Қирғизистон: қўшма қиймат занжирларига ўтиш

Ўзбекистон ва Қирғизистон: қўшма қиймат занжирларига ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль — 1 август кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистон Республикасида бўлади.

Ташриф якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Ташриф доирасида давлат раҳбари Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади.

Мазкур давлат ташрифи арафасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган ахборот-таҳлилий материаллар туркумини тайёрлади.

Сўнгги ўн йилда икки мамлакат тўпланиб қолган масалаларни ҳал этишдан аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўтди. Чегара тўсиқ эмас, балки боғловчи омилга, иқтисодиётларнинг ўзаро тўлдирувчанлиги эса янги имкониятлар манбаига айланмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик драйверлари

Ўзаро савдо динамикасидаги ўзгаришлар энг яққол кўринади. 2016 йилга нисбатан ўзаро савдо ҳажми 7 баробардан зиёд ўсди. Шу даврда Ўзбекистон экспорти 6 баробардан ортиқ, Қирғизистондан импорт эса 9 баробардан зиёд ошди. Бу товар оқимлари икки томонлама ўсиб бораётганини кўрсатади.

2025 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси қарийб 1,2 млрд АҚШ долларига етиб, йил давомида 37 фоизга ўсди. Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти 46,5 фоизга ошиб, 771 млн долларга, импорт эса қарийб 23 фоизга ўсиб, 428 млн долларга етди.

Ижобий динамика 2026 йилда ҳам давом этди. Январь–май ойларида товар айирбошлаш ҳажми 469 млн долларга яқинлашиб, 45,5 фоизга ўсди. Шу даврда Ўзбекистон экспорти 63 фоизга ошиб, 771 млн долларга, Қирғизистондан импорт эса қарийб 13 фоизга ўсиб, 428 млн долларга етди.

Сўнгги йилларда савдо таркиби сезиларли даражада ўзгарди. Масалан, 2021–2022 йилларда Ўзбекистон экспортининг 50 фоиздан ортиғи енгил саноат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2025 йилда уларнинг улуши 19 фоизни ёки 147 млн долларни ташкил этди. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 15 фоиз ёки 112 млн доллар, машина, ускуна ва транспорт воситалари 11 фоиз ёки 87 млн доллар, кимё маҳсулотлари эса 11 фоиз ёки 81 млн долларни ташкил қилди.

Алоҳида товарлар кесимида экспортнинг асосий қисмини тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, электр энергияси, цемент, минерал ўғитлар, трикотаж матолар, автомобил кузовлари ва бутловчи қисмлар, керамик плиткалар, алюминий профиллар, мева-сабзавот ҳамда қандолат маҳсулотлари ташкил этмоқда.

Экспорт таркибида сифат жиҳатидан ҳам ўзгариш кузатилмоқда. Хом ашё товарларининг экспортдаги улуши 2019 йилдаги 56 фоиздан 2025 йилда 8,2 фоизга пасайди. Қайта ишланган маҳсулотлар улуши 40 фоизни, қолган қисмини эса тайёр маҳсулотлар, хизматлар ва жисмоний шахслар товарлари ташкил этди.

Қирғизистондан импорт ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. 2025 йилда импорт таркибида минерал-хом ашё товарлари 44 фоиз ёки 190 млн доллар, ёқилғи-энергетика маҳсулотлари 26 фоиз ёки 111 млн долларни ташкил этди. Шундан кўмир ва лигнит ҳиссаси 85 млн долларга тўғри келди. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 14 фоиз ёки 61 млн доллар бўлди. Шунингдек, шиша, табиий тош, металл прокати, шиналар ва қадоқлаш материаллари ҳам муҳим импорт позициялари ҳисобланади.

Шу билан бирга, ўсиш учун қўшимча имкониятлар сақланиб қолмоқда. Қирғизистоннинг Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши ҳозирча қарийб 1,5 фоизни ташкил этади. Томонлар белгилаган ўзаро савдо ҳажмини 2030 йилга қадар 2 млрд долларга етказиш вазифаси амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун товар номенклатурасини диверсификация қилиш, кооперация алоқаларини кенгайтириш ва барқарор савдо-инвестиция муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарур.

Инвестициялар ва кооперация

Икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг иккинчи драйвери инвестициявий ва саноат кооперациясидир.

Маълумот учун, 2016 йилда Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокида атиги 49 та корхона фаолият юритган. 2025 йил якунига келиб уларнинг сони 344 тага етди, яъни 7 баробар ошди. 2026 йил 1 июль ҳолатига эса бундай корхоналар сони 374 тани ташкил этди.

Бу йўналишда 2021 йилда ташкил этилган Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси муҳим механизм бўлиб хизмат қилмоқда. Жамғарма инвестициявий кредитлаш, лизинг ва лойиҳавий молиялаштириш каби қўллаб-қувватлаш воситаларидан фойдаланмоқда. Кейинги босқичда унинг портфелини кенгайтириш ва маблағларни экспортга йўналтирилган қўшма корхоналарга фаол йўналтириш мақсадга мувофиқ.

Сўнгги йилларда бир қатор қўшма корхоналар ишга туширилди. Жумладан, Чуй вилоятида очилган Қирғизистон–Ўзбекистон Tulpar Motors автомобиль заводи металлга ишлов бериш, автокомпонентлар, логистика ва сервис хизматларига талабни оширмоқда.

Шунингдек, тўқимачилик саноати, маиший техника, пластик ва алюминий профиллар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ҳамда қуввати 1,9 МВт бўлган Қамбарота ГЭС-1 каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.

Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши икки томонлама муносабатларда янги таркибий босқичга ўтиш учун мустаҳкам асос яратади.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

Юқорида келтирилган савдо-иқтисодий ҳамкорлик натижалари, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун катта имкониятлар яратмоқда.

Хусусан, ўзаро савдони саноат кооперацияси маҳсулотлари ҳисобига кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Савдо ҳажмини 2 млрд АҚШ долларига етказиш бўйича белгиланган вазифалар энди фақат тайёр маҳсулотлар савдосини эмас, балки икки мамлакат иқтисодиёти ўртасида қўшилган қиймат занжирларини чуқурлаштириш доирасида қайта ишлаш учун мўлжалланган товарлар ҳажмини оширишни ҳам талаб этади.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашларига кўра, Ўзбекистон Қирғизистонга енгил автомобиллар ва уларнинг бутловчи қисмлари, юк автомобиллари, қишлоқ хўжалиги техникалари, қора металлургия маҳсулотлари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, полимер материаллар ва пластмасса буюмлари, электр техникаси ва ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ҳамда цемент етказиб бериш ҳажмини ошириш имкониятига эга.

Қирғизистон эса рудали хом ашё, пластмасса буюмлари, шиша, табиий тош ва керамика маҳсулотлари, шунингдек, экологик тоза қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш салоҳиятига эга.

Ҳамкорликни ривожлантиришнинг стратегик муҳим йўналиши қуйидаги соҳаларда кенг кўламли саноат кооперациясига ўтиш бўлиши мумкин:

  • енгил саноатда – чегараолди ҳудудларида 600 минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етиштирилиши, 4 млн бош қорамол ва 6,4 млн бош қўй-эчки мавжудлиги мустаҳкам хом ашё базасини шакллантиради. Шунингдек, Хитойга яқинлик синтетик хом ашё харид қилиш харажатларини камайтиради;
  • қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда – чегара ҳудудларида мазкур тармоқ етакчи саноат йўналишларидан бири ҳисобланади. Қирғизистонда қурилиш соҳасидаги юқори ўсиш суръатлари (2026 йил биринчи ярим йиллигида 1,7 баробар) қурилиш материалларига талабни оширмоқда;
  • озиқ-овқат саноатида – мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, шарбат, мураббо, ем-хашак ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
  • кончилик соҳасида – фойдали қазилмалар, жумладан, критик минераллар ва темир рудаси конларини қидириш ҳамда ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қазиб олишдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш.

Бундан ташқари, электротехника, маиший техника, фармацевтика ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш, шунингдек, автомобилсозлик учун бутловчи қисмлар (деталлар, аккумуляторлар, шиналар, пластик ва металл компонентлар) тайёрлаш соҳаларида ҳам саноат кооперацияси ва инвестицияларни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар мавжуд.

Бу йўналишда маҳсулотларни ЕОИИ бозори стандартлари ва талаблари асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш қўшма лойиҳаларнинг экспорт салоҳиятини янада оширади.

Шунингдек, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси йўналиши бўйлаб қўшма саноат лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишларни ҳозирдан бошлаш мақсадга мувофиқ. Темир йўл йўналиши бўйлаб логистика терминаллари, саноат зоналари, омборлар, қайта ишлаш ва юкларга хизмат кўрсатиш марказларини барпо этиш орқали минтақада йирик саноат-логистика марказини шакллантириш мумкин.

Шу билан бирга, чегараолди ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, электрон тижоратни ривожлантириш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, маркетплейслар, стартаплар ҳамкорлиги, рақамли тўловлар, туризм ва қўшма корхоналар учун кадрлар тайёрлаш ҳам истиқболли йўналишлар ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий шериклик учун мустаҳкам асос яратди. Эндиги босқич миқдорий ўсишдан сифат жиҳатидан янги даражага – ишлаб чиқариш интеграциясига ўтишдан иборат. Бунинг учун алоҳида товарлар етказиб беришдан қўшма қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга, саноат кооперацияси тармоқларини ривожлантиришга ва ягона ишлаб чиқариш-логистика маконини яратишга ўтиш муҳим аҳамиятга эга.

Манба The International Asia Today и KABAR

Руслан Абатуров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар