Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines авиакомпанияси фойдаланилган иккита Airbus A320−200 самолётини ижарага олди. Бу ҳақда самолётларни ижарага берган Air Lease Corporation компанияси маълум қилди.
Qanot Sharq Airlines ҳудудий аэропортлардан Туркия, Саудия Арабистони, Россия ва Қозоғистон йўналишлари бўйича парвозларни амалга оширади.
Самолётлар март ойида етказиб берилади. Ушбу самолётлар ўзбек стартап-авиакомпанияси паркидаги илк самолётлар бўлади.
Маълумот учун, Qanot Sharq Airlines Ўзбекистондаги илк хусусий авиакомпания ҳисобланади. Компания 1998 йилда рўйхатдан ўтган бўлиб, 2003 йилдан 2012 йилгача «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Ил-76 самолётларини ижарага олган ва ўз чартер рейсларини амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 5 октябрь куни Сенатнинг бўлиб ўтган мажлисида “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти томонидан ижро этилиши ҳолати кўриб чиқилган эди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси тегишли бошқармалари буйруқлари билан “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти тизимидаги халқаро аэропортлар мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатиш бўйича табиий монополия субъекти сифатида давлат реестрига киритилган.
Изоҳ қолдириш