Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари кўп йиллик тарихга таянади. Бу бевосита ўзбек ва турк халқининг маданий ва диний ўхшашликлари ҳамда муштарак тарихи билан боғлиқ ҳисобланади. Бу маданий яқинлик икки давлат орасида ўзаро савдони ривожлантириш ва иқтисодий алоқаларга замин яратади.
Туркия Ўзбекистон Республикасини мустақил давлат сифатида биринчилардан бўлиб тан олган. 1992 йилнинг апрель ойида Тошкентда Туркия Республикаси элчихонаси ва 1993 йилнинг январь ойида Aнқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси элчихонаси очилган.
Икки давлат ўртасида 1992 йил 4 мартда дипломатик алоқалар ўрнатилиб, муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида 100 дан ортиқ икки томонлама шартнома ва баённомалар имзоланган. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида туркиялик тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига, хусусан, текстиль, улгуржи савдо, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларга сармоя киритилиб келинмоқда.
Ўзбекистон-Туркия савдо ҳамкори сифатида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3363-сонли қарорига асосан стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Савдо-иқтисодий ва қўшма инвестиция лойиҳалари бўйича ҳамкорликни яна-да кучайтириш, бу борада товар айирбошлашни кўпайтириш ҳамда етакчи компаниялар кооперациясини кенгайтириш йўлида муҳим қадамлар ташланди.
Ўзбекистон ва Туркия ташқи савдоси ҳажми таҳлил қилинганда, 2000-2021 йиллар орасида ташқи савдо ҳажми 196 млн. AҚШ доллардан 3,4 млрд. AҚШ долларига етган.
2016 йилда ташқи савдода пасайиш кузатилган бўлса, 2018-2019 йилларда савдо ҳажмида сезиларли ўсиш қайд этилган.
2020 йилда ташқи савдога пандемия салбий таъсири кўрсатган бўлса-да, 2021 йилда бу кўрсаткич (2020 йилга нисбатан) 1,6 баробар ортгани кузатилади.
Ўзбекистон ва Туркия экспорт ва импорт ҳажми, минг AҚШ доллари
Манба: Давлат статистика қўмитаси
Икки давлат орасидаги ташқи савдодаги товарлар таркиби таҳлил қилинганда, 1992-2003 йилларда Туркияга қилинган экспорт таркибида пахта толаси ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, 2004-2021 йилларда мис ва мисдан тайёрланган маҳсулотларнинг юқори улуши кузатилган. Ўзбекистондан Туркияга экспорт таркибида 3-муҳим маҳсулот минерал ёқилғилар, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари ва шу турдаги бошқа материаллар эканлиги қайд этилган.
Туркиядан импорт таркибида эса ёрма, шакар ва шакар маҳсулотлари, гилам, трикотаж кийим ва аксессуарларнинг юқори улуши кузатилади. Шунингдек, 2004 йилдан буён саноат ускуналар ва эҳтиёт қисмлари юқори импорт таркибининг асосий қисмини ташкил этилади.
2021 йилда Туркияга экспорт маҳсулотлари орасида саноат товарлари (1 376,8 млн. АҚШ доллари), кимёвий маҳсулотлар (126,7 млн. АҚШ доллари) ва ноозиқ-овқат хомашё (57,7 млн. АҚШ доллари) юқори улушга эга эканлиги қайд этилди. Хусусан, мис ва мисдан тайёрланган маҳсулотларнинг экспортдаги улуши 46%ни, пахта толаси ва ундан тайёрланган маҳсулотлар 30%ни, рух ва рухдан тайёрланган маҳсулотлар 7,40%ни ҳамда пластмасса маҳсулотлаpи 5%ни ташкил этади.
Импорт маҳсулотлари орасида эса юқори улушга эга бўлган товарлар машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (820,8 млн. АҚШ доллари), кимёвий маҳсулотлар (300,1 млн. АҚШ доллари) ва саноат товарлари (287,2 млн. АҚШ доллари) ҳисобланади. Импорт таркибида саноат ускуналар ва эҳтиёт қисмлари 48%ни, пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлаp 5,4%ни, қора металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар 5%ни ташкил этади.
Туркия билан ташқи савдо ҳажмида юқори улушга эга маҳсулотлар
Манба: Давлат статистика қўмитаси
Сўнгги йилларда Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги 4-йирик ҳамкорига айланди. Ўзаро савдони яна-да ривожлантириш, хусусан, Туркия орқали Европа бозорига экспорт ҳажмини орттириш салоҳияти мавжуд.
Турк инвестициялари
2016-2021 йилларда туркиялик тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 2 291,2 млн. AҚШ долларини ташкил этган. 2016 йилда Туркия томонидан киритилган инвестициялар ҳажми жами хорижий инвестицияларнинг 0,4%ни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 9,3%га, 2021 йилда эса 11,1%га ортган.
Мазкур инвестициялар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, ишлаб чиқариш саноатига киритилган инвестициялар энг катта улушга (65%) эга эканлиги қайд этилган. Қишлоқ хўжалигига ажратилган инвестицияларнинг улуши юқори бўлиб, жами инвестицияларнинг 13%ини ташкил этади. Турар жой ва озиқ-овқат хизматларига ажратилган инвестицияларнинг улуши 9,3%, қурилиш- 6,5%, давлат бошқаруви ҳамда улгуржи ва чакана савдо мос равишда 1,5% ва 1,3%ни ташкил этади. Шунингдек, турк тадбиркорлари томонидан сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни йиғиш соҳасига (1%) ва соғлиқни сақлаш (1%)ни молиялаштиришга инвестиция киритилган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 1882 тани ташкил этган. Туркия капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 306 тага ошган.
Туркия капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналарнинг 765 таси қўшма корхона ва 1117 таси хорижий корхоналар ҳисобланади. 2021 йил давомида Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида 407 та янги корхоналар ташкил этилган.
Йиллар кесимида Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида янги ташкил этилган корхоналар сони:
- 2018 йилда – 364 та
- 2019 йилда – 437 та
- 2020 йилда – 330 та
- 2021 йилда – 407 та
Туризм соҳаси
Сўнгги йилларда Туркия туризм соҳасида етакчи мамлакатга айланди. Туркиянинг туризм бўйича маълумотлари таҳлил қилинганда, пандемиягача бўлган даврда туристлар сони қарийб 52 миллионга етгани кузатилади. 2012-2021 йилларда жон бошига ўртача туризм харажати 650-840 АҚШ доллар атрофидадир. 2019 йилда туризмдан олинадиган даромад 34,5 млрд. АҚШ долларига етгани қайд этилган.
Туркия туризм статистикаси
Йиллар | Туризм даромади (млн. $) | Турист сони (минг киши) | Жон бошига ўртача туризм харажати ($) |
2012 | 29 007 | 36 464 | 795 |
2013 | 32 309 | 39 226 | 824 |
2014 | 34 306 | 41 415 | 828 |
2015 | 31 465 | 41 618 | 756 |
2016 | 22 107 | 31 365 | 705 |
2017 | 26 284 | 38 620 | 681 |
2018 | 29 513 | 45 629 | 647 |
2019 | 34 520 | 51 860 | 666 |
2020 | 12 059 | 15 826 | 762 |
2021 | 24 482 | 29 357 | 834 |
Манба: Туркия статистика қўмитаси
Туркия туризм соҳасида соғлиқ туризми ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Пандемия туфайли ҳаракатчанлик пасайишига қарамай, 2020 йилда Туркияга даволаниш ва соғлиқ хизматлари учун ташриф буюрган туристлар сони 1200 минг нафарни ташкил этган. 2020 йилда соч экиш хизмати бўйича Туркиянинг жами даромади 1,3 млрд. долларни ташкил этган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистондан Туркияга даволаниш мақсадида ташриф буюрувчилар сонида сезиларли ортиш кузатилган. 2014 йилда 1034 нафар Ўзбекистон фуқароси даволаниш мақсадида Туркияга ташриф бўрган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 5333 нафарга ортган.
Ўзбекистондан Туркияга даволаниш мақсадида кетганлар сони, нафар
Манба: Давлат статистика қўмитаси
Ўзбекистонга ташриф буюрган узоқ хорижлик сайёҳлар орасида туркиялик сайёҳлар етакчилик қилиб, 2018 йилда 74,8 минг нафарни ташкил этган. Туркия фуқароларига Ўзбекистонда 30 кунга қадар визасиз режимни жорий этиш натижасида турк сайёҳлари сони ортганлиги кузатилади ва 2019 йилда 108 минг нафарни ташкил этади. Пандемия туфайли авиапарвозларнинг бекор қилиниши икки мамлакат орасида туризм соҳасига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади: Ўзбекистонга ташриф буюрган турк сайёҳлари сони 2020 йилда 21 минг нафар, Туркияга ташриф буюрган ўзбек сайёҳлари сони эса 62,7 минг нафарга қадар камайган.
Таълимда ҳамкорлик
Сўнгги йилларда Туркиялда олий таълимни интернационаллаштириш ва хорижий талабаларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратган. Туркия олий таълим қўмитаси маълумотларига кўра, 2013-2014 ўқув йилида Туркияда таҳсил олаётган хорижий талабалар сони 48 минг нафарни ташкил этса, 2020-2021 ўқув йилида бу кўрсаткич 4,6 баравар ортиб, 224 минг нафарга етган.
Хорижий талабаларни жалб этиш мақсадида Туркия ҳукумати томонидан турли стипендиялар жорий этилган. Гарчи 1960-йиллардан бошлаб давлатлараро икки томонлама шартномалар доирасида хорижий талабалар учун стипендиялар берилган бўлса-да, илк марта Туркиянинг халқаро талабалар сиёсати 1992 йилда тизимлаштирилди. Мазкур тизим “Буюк талаба лойиҳаси” номи остида Ўзбекистон ҳам дохил бир неча туркий мамлакатларда инсон капиталини яна-да ривожлантириш мақсадида Туркия университетларида таҳсил олиш учун мўлжалланган. Туркия стипендиялари, Ҳукумат стипендиялари, Туркия Олий Таълим Қўмитаси стипендияси ва турли жамғарма стипендиялари хорижий талабаларни Туркиянинг 207 та университетида таълим олишларини молиялаштиради.
2020-2021 ўқув йилида Туркия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик сони 2421 нафар ташкил этади. Ўзбекистонлик талабалар учун баъзи университетлар томонидан туркий мамлакатлар учун дастур доирасида таълим ҳаражатларида қулайликлар яратилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик йиғилиши натижалари бўйича қўшма баёнотига асосан Туркия савдо палаталари ва биржалари иттифоқи ҳузуридаги Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиали ташкил этилди.
Туркия меҳнат мигрантларини қабул қилувчи мамлакат сифатида
Туркия 90-йиллардан бошлаб МДҲ мамлакатларидан келаётган меҳнат мигрантлари учун эшигини очди. Географик яқинлик, иш ҳақидаги фарқлар ва меҳнат бозоридаги иш имконлари мазкур мамлакатлардан миграция оқимига сезиларли таъсир кўрсатган. 2022 йил февраль ойи маълумотларига кўра, Туркияда расман яшаб, фаолият юритаётган ўзбекистонликлар сони 75 142 нафарни ташкил этади. 2020 йилда Туркияда расман ишлаётган 4383 нафар ўзбекистонликлар томонидан Ўзбекистонга юборилган пул жўнатмалари 196,4 млн. АҚШ долларни ташкил этган.
Юқоридаги келиб чиққан ҳолда, Туркия тажрибасини амалиётга жорий қилишда қуйидагиларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ:
- Туркия Европа Иттифоқининг Божхона иттифоқига аъзоси сифатида Ўзбекистоннинг мазкур мамлакатларга экспорти учун муқобил йўналишларни ташкил этиш бўйича ёрдам бериши мумкин;
- Туризм секторида етакчи мамлакат сифатида сайёҳларни ўзига жалб қилиб келаётган Туркиянинг туризм хизматлари бўйича тажрибаларини ўзлаштириш, хусусан, Самарқанд ва Бухоро шаҳрининг тарихий комплексларида жаҳон тилларида аудио-гид хизматини жорий қилиш орқали туристларни мазкур обидаларнинг тарихига оид қизиқарли маълумотлар билан таништириш зарур;
- Самарқанднинг Регистон ва Бухоронинг Эски шаҳар қисми автомобилдан ҳоли ҳудуд сифатида туристларнинг яёв юриб, обидаларни яқинроқ ўрганиши учун шароит яратиш ҳамда мазкур ҳудудларда туристик совғалар сотиб олишини рағбатлантириш зарур;
- Ўзбекистонлик гидларни Туркиянинг туристик марказларида, хусусан, Коня, Шонлиурфа каби зиёрат туризми ривожланган шаҳарларида тажриба алмашиш ва малака оширишини йўлга қўйиш орқали юртимиздаги Имом Бухорий, Ат-Термизий, Нақшбандий каби улуғ зотларнинг мақбараларига туристларни жалб этиш ва мазкур ҳудудларда туристик хизматлар турини орттириш зарур;
- Ўзбекистон минтақада даволаш хизматлари сифати ва нархи жиҳатдан устунликка эга бўлиб, Туркиянинг соғлиқ туризмидаги тажрибасини қўллаш орқали ЯИМдаги хизматлар улушини ортади;
- Икки давлат орасида қўшма ўқув дастурлари ташкил этилиши ҳамда талабалар алмашинуви бўйича Туркиянинг Мавлоно дастурига Ўзбекистон олий таълим муассасаларини киритиш зарур;
- Касб-ҳунар таълими бўйича 2 йиллик қўшма дастурларни амалга ошириш ва Маориф Жамғармасининг Ўзбекистонда мактабларинии ташкил этиш зарур;
- Туркияда яшаш ва ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш бўйича бепул хизмат кўрсатувчи консультация марказлари ташкил этиш зарур;
- Мигрантлик мақомидан қатъий назар, Туркияда вақтинчалик фаолият олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларини элчихона ва консулликда рўйхатдан ўтказиш бўйича йўриқномани қайта кўриб чиқиш зарур.
Шоира Нурдинова, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш