Ўзбекистон ташқи савдо фаолиятининг 2019 йил якунлари эълон қилинди

Ўзбекистон ташқи савдо фаолиятининг 2019 йил якунлари эълон қилинди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон ташқи савдо фаолиятининг 2019 йил якунларини эълон қилди.

Қайд этилишича, 2019 йил якунида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 42,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 млрд долларга ўсди (ўсиш суръати – 26,2 фоиз).

Хусусан, маҳаллий товарлар ва хизматларнинг хорижий мамлакатларга экспорти 2018 йилга нисбатан 3,9 млрд долларга ёки 15 фоизга ўсди ва 17,9 млрд долларни ташкил этди.

Экспортнинг асосий улуши қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлардан тайёрланган маҳсулотлар - 5,1 млрд доллар (умумий экспортдаги улуши 28,5 фоиз), хизматлар - 3,6 млрд доллар (19,9 фоиз), энергия ташувчилар - 2,5 млрд доллар (14,1 фоиз), тўқимачилик маҳсулотлари - 1,6 млрд доллар (9,1 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари - 1,5 млрд доллар (8,5 фоиз), рангли металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар - 951,3 млн доллар (5,3 фоиз), кимёвий маҳсулотлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар - 876,9 млн доллар (4,9 фоиз), қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар - 349,6 млн доллар (2 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.

2019 йил давомида 2,700та янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилиниб, улар ҳисобига 1 млрд доллардан ортиқ қўшимча экспорт амалга оширилди. Бундан ташқари, 42та мамлакатлар бозорларига 206та янги турдаги маҳсулотлар экспорти ўзлаштирилди.

Республика импорт кўрсаткичи ҳисобот даврида 4,8 млрд долларга ўсиб, 24,3 млрд долларга етди, бу эса 2018 йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.

Импорт таркибини асосан асбоб-ускуналар - 5,6 млрд доллар (жами импортдаги улуши 23,1 фоиз), транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар - 2,6 млрд доллар (10,8 фоиз), хизматлар - 2,4. млрд доллар (10 фоиз), қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар - 2,2 млрд доллар (9,1 фоиз), электр жиҳозлари - 1,3 млрд доллар (5,5 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари - 1,2 млрд доллар (5,2 фоиз), энергия ташувчилар - 928,1 млн доллар (3,8 фоиз), фармацевтика маҳсулотлари - 926,8 млн доллар (3,8 фоиз), ёғоч ва ундан тайёрланган маҳсулотлар - 903,7 млн доллар (3,7 фоиз), кимёвий маҳсулотлар - 843,5 млн доллар (3,5 фоиз), пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар - 811,7 млн доллар (3,3 фоиз) ва бошқалар ташкил қилади.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари сони ҳисобот даврида 178тани ташкил этди. Айни пайтда Хитой (7,6 млрд доллар ёки 18,1 фоиз), Россия (6,6 млрд доллар ёки 15,7 фоиз), Қозоғистон (3,3 млрд доллар ёки 8 фоиз), Корея Республикаси (2,7 млрд доллар ёки 6,5 фоиз), Туркия (2,5 млрд доллар ёки 6 фоиз), Германия (980 млн доллар ёки 2,3 фоиз), Қирғизистон (829 млн доллар ёки 2 фоиз), Афғонистон (618 млн доллар ёки 1,5 фоиз) ва АҚШ (596 млн доллар ёки 1,4 фоиз) товар айланмаси бўйича етакчилар ҳисобланади.

2019 йил январ-декабр ойларида МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми 12,2 млрд долларни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпроқ. Россия (МДҲ мамлакатлари билан умумий савдонинг 54 фоиз), Қозоғистон (27 фоиз), Қирғизистон (6,7 фоиз), Туркманистон (4,4 фоиз) асосий савдо шериклар ҳисобланади.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан ташқи савдо ҳажми сезиларли даражада ўсиб, 5,8 млрд долларни ташкил этди (2018 йилга нисбатан 25 фоизга ўсди), бунда экспорт қарийб 3,2 млрд долларни ва импорт 2,6 млрд долларни ташкил этди.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20та йирик ҳамкор давлатлар орасида 5та мамлакат - Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон, Эрон ва Франция билан ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар