Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан автомобил бозорида савдолар ўзгариши мунтазам таҳлил қилиб келинмоқда.
2022 йил январь ойида 113,2 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди, ва ўтган йилнинг январига нисбатан 126,4 фоизга, 2020 йил январь ойига нисбатан эса 138,4 фоизга кўпайди. Шу билан бирга 2021 йилнинг декабрига нисбатан ўсиш суръати 96,5 фоизни ташкил этди.
Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг кескин даражада ўсишини 2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳамда олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божини базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида белгиланиши билан изоҳлашмоқда.
Ўзбекистонга автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва/ёки вақтинчалик олиб киришда тўланадиган йиғим 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга асосан бекор қилинди.
1-расм. Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатдан ўтган автомобиллар сонини ўзгариши индекси
Қайд этиш лозимки, 2022 йил январгача фуқаролар иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилларни олди-сотди шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказишда ортиқча харажатларга йўл қўймаслик учун “умумий ишончнома” расмийлаштиришни афзал кўрар эдилар. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар натижасида аввал “умумий ишончнома” бўйича автомашина сотиб олган фуқаролар автотранспортни ўз номига расмийлаштира бошлади.
Жорий йилнинг январь ойида бирламчи бозордан сотиб олинган автомобиллар сони 27,9 мингтани ташкил этган. Йил бошидан буён автомобиллар савдоси 2021 йил декабрь ойига нисбатан 2,7 фоизга ошди.
Бозорнинг ўсиши асосан фойдаланилган автомобилларни сотиш ва сотиб олиш ҳисобига таъминланди. Иккиламчи бозорда харид қилинган автомобиллар сони 85,3 мингтага (ўсиш 180,2 фоиз) етди.
2 расм. 2021-2022 йилда бирламчи ва иккиламчи бозорларда сотилган автомобиллар
З
Янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони Самарқанд (95,6 фоиз), Сурхондарё (89,4 фоиз), Навоий (75,4 фоиз) ва Фарғона (60,5 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада ошган бўлса, Тошкент шаҳрида (-44,7 фоиз) ва Тошкент вилоятида (-0,9 фоиз) камайиш кузатилди.
Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар олди-сотди шартномалари сони 1,9 мингтани ташкил этиб, 2021 йил декабрь ойига нисбатан 41 фоизга камайди (2021 йил январь ойига нисбатан ўсиш – 71 фоиз).
3-расм. 2021-2022 йил январь-ноябрь ойларида ички бозорда сотилган янги енгил автомобиллар
Иккиламчи бозордан сотиб олинган автотранспорт воситаларини расмийлаштиришлар сони энг кўп бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри – 13,6 минг (2021 йил декабрда – 2,1 минг), Самарқанд – 9,7 минг (3,7 минг), Фарғона – 9 минг (2,9 минг), Наманган – 8,1 минг (2,7 минг), ва Андижон – 7,2 минг (2,3 минг) вилоятлари бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев кеча Ўзбекистонда машинасозлик саноатини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди, ва мазкур йиғилиш асносида ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, ҳукуматга импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқишга топшириқ берилди. Ушбу чора автомобилларни сотиб олиш учун ички талабни қондиришга ёрдам бериши керак.
Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
тел: (78) 150 02 02 (410)
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамаотчилик билан ишлаш бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш