2021 йилда Ўзбекистонга мигрантлар пул ўтказмалари ҳажми 7,6 млрд долларни ташкил этиши кутилмоқда

2021 йилда Ўзбекистонга мигрантлар пул ўтказмалари ҳажми 7,6 млрд долларни ташкил этиши кутилмоқда

2021 йилда паст ва ўрта даромадли мамлакатлар меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари 7,3 фоизга ошади. Бу ҳақда Жаҳон банки ҳисоботида келтирилган.

2021 йилда паст ва ўрта даромадли мамлакатлар меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари 7,3 фоизга ошиб, 589 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жаҳон банкининг Миграция ва ривожланиш масалалари бўйича эълон қилинган ҳисоботида берилган ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган чуқур глобал рецессияга қарамасдан 2020 йилда пул ўтказмалари оқимининг барқарорлиги деярли сақланиб, атиги 1,7 фоизга қисқарган бўлса, кейинги ўсиш суръатининг тикланиши кутилганидан ҳам жадалроқ бўлди.

«Мигрантларнинг пул ўтказмалари оқими COVID-19 инқирози даврида иқтисодий қийинчиликка дучор бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳукуматнинг пул ёрдами дастурларига жуда яхши қўшимча бўлди. Уй хўжаликларининг молиявий танглигини енгиллаштириш учун пул ўтказмаларини жўнатишга қулайроқ муҳит яратиш - пандемиядан кейинги глобал иқтисодиётни қайта тиклаш бўйича ҳукумат сиёсатининг асосий устунларидан бири бўлиши керак», деди Жаҳон банкининг Ижтимоий ҳимоя ва бандлик бўйича глобал амалиёт департаменти директори Михал Рутковски.

Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари ҳажми 2020 йилда 8,6 фоизга камайган бўлса, Европа иттифоқидаги иқтисодий тикланиш ҳамда нефть ва газ нархларининг кескин ошиши ҳисобига 2021 йилда унинг ҳажми 5,3 фоизга ўсиб, 67 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. 2022 йилда пул ўтказмалари ҳажми 3,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Пул ўтказмалари ҳозирда ушбу минтақада ташқи молиялаштиришнинг энг катта манбаи ҳисобланади. Қирғизистон ва Тожикистонга пул ўтказмаларининг ҳажми ЯИМнинг 25 фоиздан ортиғини ташкил қилади.

2021 йилда Ўзбекистонга меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми қарийб 7,6 миллиард АҚШ долларини ёки мамлакат ЯИМнинг 11,6 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.

200 АҚШ долларини бу минтақага ўтказишнинг ўртача нархи 2021 йилнинг биринчи чорагида бироз кўтарилиб, ўтган йилги 6,5 фоиздан 6,6 фоизга етди. Бу кўп жиҳатдан Туркия-Болгария коридоридаги пул ўтказмалари нархининг кескин ошганини акс эттиради. Дунёдаги энг арзон жўнатувчилардан бири бўлган Россияда пул ўтказмалари нархи 1,8 фоиздан 1 фоизга тушди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар