Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгаришлари доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда.
2022 йил апрель ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 23,4 мингтани ташкил этди, бу жорий йилнинг март ойига нисбатан (20,3 минг) 15,1%га кўп. Ўтган йилнинг мос даврига (20,8 минг) нисбатан ўсиш 12,6%ни ташкил этди.
1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши
Ҳудудлар кесимида энг юқори йиллик ўсиш суръатлари Хоразм (39 фоиз), Сурхондарё (32 фоиз), Наманган (29 фоиз), Жиззах (27 фоиз), Самарқанд (25 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Сирдарё (2,6 фоиз) ва Тошкент (2,2 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (3,8 фоиз) нисбатан пастроқ ўсиш суръатлари кузатилди.
Жиззах (4,6 фоиз) ва Навоий (5,1 фоиз) вилоятларида юридик шахслар томонидан сотиб олинган кўчмас мулклар сони улушининг нисбатан юқорилиги мазкур ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти учун кўчмас мулк объектлари муҳим эканлигидан далолат беради.
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўчмас мулк олди-сотдиси
Ҳудудлар бўйича жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича энг кўп шартномалар Тошкент шаҳри (6,9 минг), Тошкент (2,5 минг) ва Фарғона (2,1 минг) вилоятларида кузатилди.
Шу билан бирга, юридик шахслар аксарият кўчмас мулкни Тошкент (79), Навоий (60) ва Жиззах (27) вилоятларида сотиб олишган.
2-расм. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони
Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўзгариши
Таҳлил натижаларига кўра, апрель ойида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари март ойига нисбатан 2,1 фоизга ўсди (мартда 1,9 фоиз камайиш).
Нархларда энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах (6,5 фоиз), Андижон (5,3 фоиз), Тошкент (5,1 фоиз) ва Сирдарё (5 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Сурхондарё (-1,7 фоиз), Наманган (-1,4 фоиз) ва Хоразм (-1,2 фоиз) вилоятларида нархлар пасайган.
3-расм. Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв.м. учун АҚШ доллари)
Тошкент шаҳрида ўтган ойга нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,3 фоизга ўсди. Уй-жой нархларининг ўсиши барча туманларда қайд этилган бўлиб, энг юқори ўсиш Бектемир (3,5 фоиз), Миробод (2,6 фоиз) ва Юнусободда (2,4 фоиз) кузатилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳри бўйича апрель ойида ўртача ижара нархи 8,6 долларни (1 кв метр учун) ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,4 фоизга ўсган (мартда 9,1% ўсиш). Туманлар кесимида юқори ижара нархлари Шайхонтоҳур (11,7 доллар), Миробод (10,8 доллар) ва Яккасаройда (10,6 доллар) қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ижара нархлари Сергели (5,6 доллар), Бектемир (6,2 доллар) ва Учтепа (6,7 доллар) кузатилди
*Пойтахтда ижара нархларининг қандай ўзгараётгани, Ўзбекистонда уй сотиб олиш учун ўртача қанча муддат талаб этилиши ва қайси ҳудудларда кўпроқ вақт керак бўлиши, қайси шаҳарларда бу кўрсаткич нисбатан пастлиги билан “Иқтисодий шарҳ” журналининг 4-сонида танишишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш