Пойтахтимизда 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этган “Ўзбекистон Республикасида давлат корхоналарини бошқариш ва хусусийлаштириш: иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи” номли тадбири бўлиб ўтди.
Халқаро форумда дунёнинг турли мамлакатларидан 400 дан ортиқ онлайн ва офлайн иштирокчилар, жумладан, халқаро молия институтлари, инвестиция ва консалтинг компаниялари, тижорат банклари, маҳаллий ва халқаро ишбилармон доира вакиллари иштирок этишди. Форум давомида унга дунёнинг энг йирик оммавий ахборот воситалари “The Economist”, “Financial Times”, “Bloombrerg” ва “Reuters” вакиллари қўшилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазири Жамшид Қўчқаров ҳамда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Aнна Бжерде очиб берди.
Иштирокчилар иқтисодиётни ривожлантиришда давлатнинг ролини камайтиришга қаратилган давлат корхоналарини ўзгартириш ва хусусийлаштириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон эришган ютуқларни муҳокама қилдилар. Ушбу жараён билан боғлиқ мавжуд муаммолар ва имкониятлар танқидий таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирги пайтда Республика бўйлаб 2500 га яқин давлат корхоналари фаолият юритмоқда. Уларнинг сонини қисқартириш иқтисодиётнинг турли соҳаларига қўшимча хусусий сармояларни жалб қилади, ишбилармонлик муҳитини яхшилайди ва Ўзбекистонда хусусий сектор ўсишини тезлаштиради.
— Форум айнан керакли платформага айланди, бу илғор халқаро тажриба ва турли мамлакатларнинг давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва трансформациялаш соҳасидаги мутахассисларнинг фикрлари билан алмашиш имконини берди. Биз ушбу тадбирдан фойдаланиб, халқаро шерикларимиз ва ишбилармон доиралар вакилларини мамлакатимиз иқтисодиётини либераллаштириш ва ислоҳ қилиш бўйича қўйилган вазифаларни амалга оширишда аниқ мақсадлари белгилаб олмоқда, — деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Aкмалхон Ортиқов.
Тадбир давомида халқаро молия институтлари ва ташкилотлари мутахассислари, жумладан, Жаҳон банки гуруҳи, ХВЖ, ОТБ, БМТ, ОЕCД ва Франция тараққиёт агентлиги ўтиш қатнашчилари бўлган бошқа мамлакатларнинг давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва ислоҳ қилишнинг муваффақиятли намуналарини форум иштирокчиларига тақдим этдилар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу турдаги ислоҳотлар кучли ва рақобатбардош хусусий секторни барпо этиш ҳамда янада инклюзив ва динамик иқтисодиёт учун жуда муҳимдир.
Халқаро форум доирасида конструктив фикр алмашиш ва халқаро тажриба таҳлили тадбир иштирокчиларига бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди. Бу эса Ўзбекистонга янада катта ютуқларга эришишига ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш