Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантиришга старт берилди

Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантиришга старт берилди

Тошкент шаҳридаги “Cloud’s” ресторанида Ўзбекистонда тиббиёт туризми салоҳиятини ривожлантиришга старт берилди. Тадбирни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг "Туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш бошқармаси" бошлиғи Жамшид Газиев очиб берди ҳамда мамлакатимизда туризмнинг ушбу йўналишини ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Ўзбекистон Республикасида тиббиёт туризми соҳасига алоҳида стратегик аҳамият берилмоқда.

Президентнинг 2018 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5590 - Қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси «2019-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида тиббиёт туризмини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги лойиҳасини ишлаб чиқди. Ўзбекистонда туризм ва тиббиёт соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, бу борада чет эллик фуқароларнинг мамлакатимизга кириб келишини кўпайтириш мақсадида “Medtravel Global System” ННТ ташкил қилинган эди.

28 ноябрь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши остида фаолияти Ўзбекистонда тиббиёт туризми салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган “Medtravel Global System” глобал лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳанинг асосий мақсади нафақат давлатимиз ичида, балки унинг ташқарисида ҳам даволаш-курорт ҳудудларига бўлган талабни кўпайтириш орқали халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришдир.

“Medtravel Global System” платформаси соғлиқ, гўзаллик маданияти ва ҳаёт сифати масалаларига эътиборни қаратувчи янги “ANATOMICÁ” журнали ташаббускори ҳисобланади. Журнал аҳоли ўртасида тиббий билимни кенгайтириш ва Ўзбекистондаги тиббий хизматларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида ташкил этилган. Нашр ўзбек ва рус тилларида чоп этилади. Инглиз тилида сўзлашувчи инсонлар учун www.anatomica.uz сайтида журналнинг инглиз тилидаги digital талқини ишлаб чиқилган. Жамоанинг мақсади – кўп миллатли мамлакатимизнинг ҳар бир хонадонигача кириб бориб, ҳақиқий сайёҳлар қўлидан ва кўнглидан жой олишдан иборат.

Журнал “Medtravel Global System” платформасининг бутун дунё бўйича ташриф қоғозига айланиши кутилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар