Халқаро суғурта бозоридаги асосий тенденциялар: савдони ривожлантириш, сунъий интеллект ва иқлим ўзгаришини юмшатиш ҳақида

Халқаро суғурта бозоридаги асосий тенденциялар:  савдони ривожлантириш, сунъий интеллект ва иқлим ўзгаришини юмшатиш ҳақида

Мутахассисларнинг фикрича, халқаро суғурта хизматлари бозорида айрим жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бунга жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган турбулентлик, “рақамлаштириш” ҳамда иқлим ўзгаришлари сабаб бўлмоқда.

  1. Жаҳон миқёсида суғурта хизматлари бозори йилига ўртача 3% га ўсмоқда, 2008-2018 йилларда суғурта мукофотлари миқдори деярли $3 трлн.дан $4 трлн.га ошган.

Экспертларнинг баҳолашларича, глобал суғурта бозори 2023 йил якунларига кўра, $5,5 млрд. фойда келтирган.

  1. Ҳозирги кунда дунёдаги энг йирик суғурта бозори AҚШ ҳисобланади (2022 й. якунларига кўра, $2,7 трлн. суғурта мукофоти тўланган). Мазкур кўрсаткич бўйича кучли бешликдан Хитой ($696 млрд.), Япония (404 млрд.), Буюк Британия ($399 млрд.) ва Франция ($296,4 млрд.) давлатлари жой олган.

Айни вақтда, минтақалар кесимида Шимолий Aмерика ва Ғарбий Европада суғурта мукофотлари ҳажми мос равишда 4% ва 6%га камайган. Ушбу кўрсаткич бўйича ўсиш динамикаси Хитойда кузатилмоқда — сўнгги 10 й. ичида бошқа мамлакатларга нисбатан деярли 3 баравар ўсган (4% дан 11% гача).

Таъкидлаш керакки, давлатларнинг суғурта бозори умумий ривожланиш тенденцияларига эга бўлса-да, айрим фарқ қилувчи жиҳатлари мавжуд. Жумладан, АҚШда суғурта ташкилотлари давлатга тегишли эмас. Улар асосан 3 та суғурта турини таклиф қилади: а) тижорий; б) хусусий мулк (автомобиль, уй-жой); в) шахсий (ҳаёт ва соғлик, тиббий, нафақа ва ҳ.к.).

Германия суғурта бозорининг ўзига хослиги шундаки, умумий бозорнинг 51 фоизини мулкий суғурталар ташкил қилади. Мамлакат суғурта хизматлари давлат ва хусусий секторга бўлинган.

Давлат суғурта хизматлари асосан ижтимоий таъминотни (ишсизлик ва қарилик нафақалари, тиббиёт ва ҳ.к.) ҳамда хусусий секторга тегишли акциядорлик суғурталарини ўз ичига олади. Аҳамиятлиси, Германияда суғурта ташкилотлари бошқа фаолият билан шуғулланиши таъқиқланган.

РФ суғурта бозорида сўнгги йилларда “рақамлаштириш” жараёни фаоллашмоқда. Жумладан: а) фермерлар учун “Агростраховка.рф” рақамли платформа ишлаб чиқилган; б) суғурта бўйича турли эътирозларни мувофиқлаштириш учун автоматлаштирилган робот фаолияти ишга туширилган; в) 40% суғурта ташкилотлари 10 та маркетплейсда қайд этилган. Бундан ташқари, экспертларнинг баҳолашларича, 2023 й.да мамлакатда киберсуғурта бозори 80% га ортган.

  1. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ ҳодисалар бир томондан, суғурта хизматларига бўлган талабни оширмоқда, бошқа томондан эса, турли табиий фалокатлар, форс-мажор ҳолатларининг ортиши суғурта компаниялар фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, табиий офатлар натижасида аҳолига етказилган моддий зарар ҳажмини аниқлаш билан боғлиқ баҳсли ҳолатлар ортмоқда. Шунингдек, айрим ҳолларда табиий фалокатлар нисбатан тез-тез кузатиладиган ҳудудлардан суғурта компаниялари ўз фаолиятини тўхтатмоқда ва ҳоказо.

Бу ўз навбатида, суғурта тизимини “рақамлаштириш” ҳамда сунъий интеллектни жорий қилишни тақозо этмоқда. Хусусан, суғуртанинг замонавий экотизимини яратиш, хизмат тезлигини оптималлаштириш, маълумотлар таҳлили ва киберфирибгарликдан ҳимоя қилиш ҳамда сунъий интеллектни жорий этиш каби ҳолатларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

  1. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суғурта бозори ижобий ривожланиш тенденцияларини кўрсатмоқда. Буни ўтказилган таҳлиллар асосида қуйидаги йўналишларда кўриш мумкин.

Биринчидан, соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, рақобатбардош суғурта бозорини ривожлантиришга қаратилган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Иккинчидан, суғурта ташкилотлари сони ортиши кузатилди — 2017 й.да Ўзбекистонда 27 та суғурта компанияси фаолият юритган бўлса, 2023 йилга келиб, уларнинг сони 41 тага етди.

2023 йилда суғурта мукофотларининг умумий ҳажми 7,2 трлн. сўмни ташкил этган ва бу ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 67 фоизга ўсган. Бунда ихтиёрий суғурта турларидан келиб тушган суғурта мукофотлари ҳажми 2023 йилда 6713,6 млрд. сўм (93%)ни ташкил қилган.

Суғурта полислари сони эса 1,4 баравар ўсиб, 8,4 млн.тага етди ва шартномалар фойдаланувчилар учун қулай электрон шаклга ўтказилди. 2022 йилда суғурта компаниялари устав капитали 2017 йилдагига нисбатан 5,8 баравар ўсиб, 1,88 трлн. сўмни ташкил қилди. 2022 йилда мижозлар учун суғурта тўловларининг умумий миқдори 2,6 трлн сўмни ташкил қилди ва бу 2017 йилдагига нисбатан 9,6 баравар кўп дегани.

Ҳудудлардаги таркибий тузилмалар сони 2017 йилдагига нисбатан 1,5 баравар ошди ва деярли 2 мингтага етди. Барча ҳудудларда 15,4 минг нафар ходим ва суғурта агентлари учун барқарор иш ўринлари яратилди. Ҳозирда суғурта компаниялари турли йўналишларда 110 дан ортиқ турдаги суғурта маҳсулотларини таклиф қилмоқда.

Учинчидан, соҳада амалга оширилган қатор ислоҳотларга қарамасдан, экспертларнинг фикрича, мамлакат суғурта бозори тўлиқ шаклланиб улгурмаган.

Мутахассисларнинг фикрича, мамлакат суғурта хизматлари бозоридаги қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда: а) суғурта бадаллари ҳажмининг пастлиги; б) аҳоли орасида суғурта хизматларига ишончсизлик билан қараш мавжудлиги; в) “рақамлаштириш” жараёнларининг тугалланмагани; г) янги авлод кадрларини тайёрлашга етарлича эътибор қаратилмаётгани; д) юқори географик концентрациянинг мавжудлиги, яъни суғурта ташкилотларининг аксарияти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган.

Аҳоли жон бошига суғурта мукофотлари жаҳонда ўртача $874 ни ташкил қилади, давлатлар кесимида — Қозоғистонда $92, Беларусда $77, Озарбайжонда $50, Aрманистонда $32, Ўзбекистонда $15,5 ни ташкил этади.

Маълумотларга кўра, айрим суғурта хизматлари мажбурий бўлишига қарамай, иш берувчиларнинг атиги 7,2%, ташувчиларнинг 8,6% хавфли объектларнинг 1,8 фоизи ва қурилиш-монтаж ишларининг 9,2% суғурталанган.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар