Президент Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасида соҳани такомиллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар қилмоқда Президент матбуот хизмати.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. 2019 йил декабрда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниб, тўғридан-тўғри қўлланувчи нормалар жорий этилди.
- Бугунги солиқчилар 3 йил олдинги солиқчилар эмас. Замон ҳам ўзгарди, булар ҳам ўзгарди: 5 йилда биз мутлақо янги солиқ тизимини яратдик. 2020 йилда кўп муҳокамалардан сўнг, биз бугунги Ўзбекистонимизга муносиб бўлган янги Солиқ Кодексини қабул қилдик. 13 тадан 9 тага солиқ турлари камайтирилди. Мулк солиғи 5 %дан 1,5 %га тушди. ҚҚС 20% дан 15% га тушди. 2023 йил 12 % га туширишимиз керак. Бунинг учун кўп иш қилишимиз керак. Одамлар қачон биздан рози бўлади? Солиқ юки камайиб, даромадларимиз ошиб борса, рози бўлади.
Буларнинг натижасида тадбиркорларнинг ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари 4 баравар кўпайди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 6 мингдан 152 мингтага етди.
Тараққиёт стратегиясида бу борадаги ислоҳотларни давом эттириб, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш вазифалари белгиланган.
Давлатимиз раҳбари солиқ идоралари фаолиятини яхшилаш, бунинг учун ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Бунинг натижасида жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилади, «яширин иқтисодиёт» ҳажмини камайтириш учун солиқ тўсиқлари бартараф этилади, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланади.
Давлатимиз раҳбари дунёдаги тез ўзгарувчан, мураккаб вазиятда солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорларга кўмак бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
- Мен бу ерга солиқ тўловчиларнинг вакили бўлиб келдим, - деди Президент. - Бизга ҳозир тушум ошиши асосийси эмас. Биринчи навбатда, тизимни тўғри қилиб, билмаганларга ўргатиб, солиқ юкини камайтириб, тадбиркорларнинг эмин-эркин, ҳалол ишлашини йўлга қўйишимиз керак. Солиқчилар жазоловчи эмас, кўмакчи бўлиши керак.
Айтиб ўтилганидек, айрим ҳолларда тадбиркорлар янги дастур ва талабларни тушунмагани сабабли кўплаб саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Шунинг учун “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида уларга янгича ишлашни ўргатиш, электрон хизматлар қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Агар тадбиркор янгича солиқ ҳисоботини, ўзгаришларни билмаса, унга жазо бериш керак эмас, тўғри йўлни ўргатиш, ишонтириш керак- Шавкат Мирзиёев
"Фақат биз тўғри қиляпмиз, деб юришимиз нотўғри. Нега энди одамлар норози бўляпти деб улардан хафа бўлишимиз керак? Энг катта муаммоингиз - тушунтириб бермаганингиз. Бу нотўғри. Солиқ органидаги барча даражадаги раҳбарлар тадбиркорлар, одамлар билан тез-тез учрашиб, муаммоларини эшитиши, тушунмовчиликларнинг олдини олиши, ижтимоий тармоқларда, ОАВда керакли ахборотни бериши, ўргатиши ва яқин кўмакчиси бўлиши керак", деди давлат раҳбари.
Солиқ тизими давлат корхоналарини трансформация қилишда фаол иштирок этиши, уларга таннархни пасайтириш ва молиявий барқарорлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатиши кераклиги айтилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбари у ерда кадрлар тайёрлаш сифатига эътибор қаратди. Солиқ идоралари ходимларини тизимда жорий қилинаётган янги IT-дастурлар бўйича ўқитиш, шунингдек, хорижда мутахассислар малакасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Президент солиқ идораларини коррупциядан холи тизимга айлантириш ва солиқ тизимида ишлаётган 200 нафар мутахассисни Туркия, Корея ва бошқа давлатларда ўқитиш ҳамда малакасини ошириш бўйича тезроқ рўйхатни шакллантириш ҳақида топшириқ берди.
Изоҳ қолдириш