Жорий йилнинг II чорагида мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг жадал тикланиши, ялпи талабнинг кутилганидан кўра тезроқ суръатларда ўсиши давом этди ва аксарият тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етди. Хусусан, 2021 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизни ташкил этди.
Бу ҳақда Марказий банкнинг 2021 йил II чорак учун эълон қилинган пул-кредит сиёсати шарҳида келтирилган.
Иқтисодиётнинг саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсиш суръатларининг (мос равишда 8,5 ва 18,3 фоиз) пандемиягача бўлган давр кўрсаткичларигача етганлиги кузатилган бўлса, қишлоқ хўжалиги (1,8 фоиз) ва қурилиш ишлари (0,1 фоиз) соҳаларида 2020 йилда юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолинганлиги ҳисобига жорий йилги кўрсаткичларда сезиларли ўсиш кузатилмади, мазкур кўрсаткичларнинг II ярим йилликда яхшиланиши кутилмоқда.
Биринчи ярим йилликда асосий капиталга йўналтирилган марказлашмаган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошди. Тижорат банклари кредитлари, қарз маблағлари ҳамда хорижий кредит линиялари инвестицион талаб ўсишининг асосий драйвери бўлиб хизмат қилди. Пандемия билан боғлиқ чеклов чораларининг жорий этилиши ҳисобига 2020 йилнинг I чорагидан бошлаб иқтисодиётда ЯИМнинг манфий тафовути шакллана бошлаган ҳамда II чоракда ўзининг энг чуқур нуқтасига етган эди. Охирги 4 чоракда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб ўсишининг босқичма-босқич жадаллашиб бориши ҳисобига ишлаб чиқаришнинг манфий тафовути қисқариб борди. 2021 йилнинг II ярим йиллигида иқтисодий фаолликнинг жорий суръатлари сақланиб қолган шароитда ишлаб чиқариш манфий тафовутининг аста-секин қисқариб бориб, йил сўнгигача ёпилиши прогноз қилинмоқда.
2021 йил I ярим йиллиги якунлари бўйича макроиқтисодий натижалар, ташқи ва ички иқтисодий шароитлардаги кутилаётган тенденциялардан келиб чиқиб Марказий банк томонидан ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари қайта кўриб чиқилди. Янгиланган прогнозларга кўра, 2021 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажмининг реал ўсиши биринчи чорак якунлари бўйича прогноз қилинган дастлабки (4,5-5,5 фоиз) кўрсаткичлардан 1,0-1,3 фоиз бандга юқори бўлиб, 5,8-6,8 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.
Бунда, 2021 йилда ҳам иқтисодиётни фискал рағбатлантиришнинг давом эттирилиши, 2020 йилнинг IV чораги ва 2021 йил I ярим йиллигида пул-кредит шароитларининг ўзгаришсиз сақланиб қолиши фонида ялпи талабнинг тикланиб бориши, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар натижасида хусусий инвестициялар жалб қилинишининг жадаллашиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда асосий омиллардан бўлади.
Жорий йилда иқтисодиётга ажратиладиган кредит қўйилмалари қолдиғи ўсиш суръатларининг ЯИМнинг номинал ҳажми ўсиши даражасида бўлиши (16-20 фоиз) прогноз қилинмоқда. Айни пайтда, иқтисодиётда даромадлар ва молиявий интизомнинг яхшиланиши ҳисобига илгари берилган кредитлар бўйича қайтувчанликнинг ортиши кутилмоқда. Иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари ўсиш суръатларининг ЯИМ номинал ҳажми ўсиши даражасида бўлиши молиявий барқарорлик кўрсаткичларига (иқтисодиётнинг молиявий ресурслар билан таъминланиш даражасига) салбий таъсир кўрсатмайди. Йиллик инфляция даражаси 2021 йилнинг июнь ойи якунлари бўйича 10,9 фоизни ташкил этиб, сўнгги уч ойдан бери базавий прогноз доирасида шаклланди.
2021 йил учун инфляция бўйича прогнозлар 9-10 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Йил сўнгигача инфляция прогнозига пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъий сақланиб қолиши, пул-кредит инструментлари тўпламига киритилаётган ўзгартиришлар, валюта бозорида кузатилаётган барқарор тенденциялар, тегишли вазирлик ва идоралар билан инфляциянинг номонетар омиллари таъсирини пасайтириш бўйича кўрилаётган чораларни жадаллаштириш орқали эришилади. Прогнозларга кўра, якуний истеъмол харажатларининг реал ўсиши 7-8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Хусусан, уй-хўжаликлари истеъмол харажатларининг 7,5-8,5 фоизга ва давлат бошқаруви органлари харажатларининг 7-8 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Истеъмол ҳажмининг реал ҳисобда ўсиши пандемия сабабли кечиктирилган талабнинг юзага чиқиши ҳамда уй хўжаликлари даромадларининг тикланиши билан изоҳланади.
Асосий капиталга инвестициялар ҳажми йил якуни бўйича 13-18 фоизга, хусусан марказлашган инвестициялар ҳажми 24-26 фоизга, марказлашмаган инвестициялар ҳажми эса 10-16 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилинмоқда.
Экспорт ҳажмлари (олтин экспортини ҳисобга олмаганда) ўтган йили пандемия сабабли кескин камайишидан сўнг, ички ва ташқи иқтисодий фаолликнинг тикланиши ҳисобига жорий йилда 20-25 фоиз атрофида, импорт ҳажмларининг эса 12-15 фоизга ўсиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Марказий банк ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларни амалга оширишда дунёда пандемия ва вакцинация билан боғлиқ вазиятнинг шаклланиши, асосий савдо ҳамкорлардаги иқтисодий шароитлар ва тикланиш даражаси, юзага келиши мумкин бўлган ички ва ташқи хатарлар ҳамда ноаниқликларни ҳам инобатга олишга ҳаракат қилди. Айни пайтда, жаҳонда пандемия навбатдаги тўлқинининг кучайиши, коронавирус янги штаммларининг тарқалиши ва бунинг натижасида жойларда маҳаллий чеклов чораларининг кучайтирилиши билан боғлиқ хатар ва ноаниқликлар мавжуд бўлиб, йил якунига қадар иқтисодий фаолликка маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.
Изоҳ қолдириш