Январь ойида Ўзбекистоннинг чакана савдо товар айланмаси 12,5 трлн сўмни ташкил этди

Январь ойида Ўзбекистоннинг чакана савдо товар айланмаси 12,5 трлн сўмни ташкил этди

2020 йил январь ойининг якунлари бўйича Ўзбекистоннинг чакана савдо товар айланмаси 12,5 трлн. сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 4,4 фоизга ўсди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистондаги йирик корхоналарнинг товар айланмаси 1,8 трлн. сўмни (ўсиш суръати 4,6 фоиз), кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 10,6 трлн. сўмни (ўсиш суръати 4,3 фоиз), шундан уюшмаган савдо товар айланмаси 904,4 млрд. сўмни (2019 йил январь ойига нисбатан 3,4 фоизга камайган) ташкил этди.

Республика чакана савдо товар айланмасида энг юқори улуш Тошкент шаҳрида - 22,9 фоиз билан 2,8 трлн. сўм. Республика чакана савдо товар айланмасида энг қуйи улушни Сирдарё вилояти 1,8 фоиз билан 225,5 млрд. сўмни ташкил этди.

Республика чакана савдо товар айланмасида деярли барча вилоятларда ўсиш суръатлари кузатилиб, асосан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига (85,5 фоиз) тўғри келди. Йирик корхоналар савдо айланмаси улушида (14,5 фоиз) корхоналар улгуржи савдога ўтиб кетаётганлиги сабабли ўтган ойга нисбатан кескин камайиш кузатилди.

2019 йилнинг январь ойига нисбатан республиканинг барча ҳудудларида чакана савдо товар айланмасининг ўсиш суръатлари кузатилиб, нисбатан юқори ўсиш суръатлари Жиззах (9,3 фоиз), Самарқанд (7,4 фоиз), Наманган (5,8 фоиз), Фарғона (5,3 фоиз) вилоятларида ва Тошкент (5,0 фоиз) шаҳрида қайд этилди.

Чакана савдо товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг товар айланмаси ҳажми 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 4,6 фоизга ўсди ва 1,8 трлн. сўмни ташкил қилди. Бу эса умумий савдо ҳажмининг 14,5 фоиз улушига тўғри келади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо товар айланмаси ҳажми статистик ҳисоб-китобларга кўра, 10,6 трлн. сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг январь ойига нисбатан 4,3 фоизга ўсди. Республика миқёсида ушбу секторнинг жами чакана савдо товар айланмасидаги улуши 85,5 фоизни ташкил этди.

Таҳлилий натижаларга кўра, чакана савдо товар айланмасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши бўйича Қашқадарё (96,8 фоиз), Сирдарё (95,0 фоиз), Тошкент (90,4 фоиз), Навоий (88,8 фоиз) ва Наманган (87,9 фоиз) вилоятлари етакчилик қилмоқда. Чакана товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг улуши 15,7 фоизни ташкил этиб, энг катта улуш Тошкент шаҳрида (29,7 фоиз), Хоразм (23,3 фоиз) ва Бухоро вилоятларида (14,8 фоиз) кузатилди.

2020 йил январь ойлари ҳолатига ўртача аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси 372,6 минг сўм (2019 йил январь ойига нисбатан 2,4 фоизга ўсди) ва республиканинг барча ҳудудларида аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси кўрсаткичларида ўсиш суръатлари кузатилди.

Ушбу кўрсаткични ҳудудлар кесимида солиштирилганда энг юқориси Тошкент шаҳри (1,1 млн сўм), Тошкент (460,9 минг сўм) ва Навоий (423,6 минг сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Республика бўйича 2020 йилнинг январь ойида уюшмаган савдо товар айланмаси 904,4 млрд. сўмни ташкил этиб, 2019 йил январь ойига нисбатан 3,4 фоизга камайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар