Ўзбекистон ҳудудида хизмат сафарига чиқиш ва харажатларни қоплаш тартиби қандай?

Ўзбекистон ҳудудида хизмат сафарига чиқиш ва харажатларни қоплаш тартиби қандай?

1. Хизмат сафари ўзи нима?

Хизмат сафари деганда – ходимни ташкилот раҳбарининг фармойиши бўйича, ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга, маълум бир муддатга юборилиши (бориб келиш) тушунилади.

2. Хизмат сафарининг муддати қанча?

Бу ташкилот раҳбари томонидан белгиланади. Хизмат сафари ҳар бир ҳолат учун йўлдаги вақтни ҳисобга олмаганда 40 кундан кўп бўлмаслиги керак.

Монтаж, созлаш ва қурилиш ишларини бажариш учун юбориладиганда эса 12 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Хизмат сафари муддати истисно тариқасида ташкилот раҳбарининг ёзма рухсатномасига асосан узайтирилиши мумкин.

3. Хизмат сафари харажатлари учун олдиндан пул бериладими?

Ходимга хизмат сафарига кетишдан олдин кундалик, йўл харажатлари, турар жойни ижарага олиш харажатлари чегарасида пул кўринишидаги аванс (бўнак) тўланиши керак.

4. Аванс етмай қолса ёки ортиб қолса, нима бўлади?

Бундай ҳолда ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида аванс ҳисоботини тақдим қилади. Шунга асосан етмай қолган пул суммаси тўлаб берилади ёки ортган пул ташкилотга қайтарилади.

5. Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, йўл харажати қай тарзда қоплаб берилади?

Ушбу ҳолатда бюджет ташкилоти ходимларига ҳар бир километр учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)*нинг 0,08 фоизи (1 км учун 178,4 сўм ) миқдорида йўл ҳақи тўланади.

Бошқа ташкилот ходимларига жамоа шартномаси ёки меҳнат шартномасида белгиланган миқдорларда, бироқ ҳар бир километрга БҲМнинг 0,08 фоизидан кам бўлмаган миқдорда йўл ҳақи тўланади.

6. Хизмат сафари давомида меҳмонхоналарнинг люкс-номерларида яшаса ҳам харажатлар қоплаб бериладими?

Ҳа. Ходим хизмат сафари давомида меҳмонхоналарнинг люкс-номерларида яшаса ҳам харажатлар қоплаб берилади. Бунда, бюджет ташкилотларида тўловни амалга ошириш, тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ушбу номер қийматининг 70 фоизигача миқдори бюджет маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

7. Ходимнинг ижарада турганлигини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, харажати қоплаб бериладими?

Бундай ҳолатда ходимга ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20 фоизи миқдорида (44 600 сўм) пул тўланади.

8. Кундалик харажатлар учун қанча миқдорда пул тўланади?

Тошкент шаҳрида, шаҳарлар — вилоятлар марказларида БҲМнинг 0,1 коэффициенти (22 300 сўм) миқдорида, бошқа шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган пунктларда эса БҲМнинг 0,08 коэффициенти (17 840 сўм) миқдорида компенсация тўланади.

9. Бир вилоят доирасидаги туман (шаҳар)ларга хизмат сафарига юборилганда ҳам харажатлар қоплаб бериладими?

Ҳа албатта, ходим ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун раҳбарининг фармойиши билан юборилган бўлса, харажатлар қоплаб берилиши лозим.

10. Хизмат сафарига юборилган ходим касал бўлиб қолса нима бўлади?

Бундай ҳолда хизмат сафарига юборилган ходимга умумий асосларда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик кунлари хизмат сафари муддатига қўшилмайди.

Эслатма: ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўм.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар