Ўзбекистон халқаро облигацияларининг жаҳон молиявий бозорларида жойлаштирилиши: риск ва прогнозлар

Ўзбекистон халқаро облигацияларининг жаҳон молиявий бозорларида жойлаштирилиши: риск ва прогнозлар

Мамлакатимиз иқтисодиётини яқин беш йилда тубдан ислоҳ қилиш ва чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланиб, унинг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришни кўзда тутади. Мазкур йўналиш қуйидаги муҳим вазифаларни ҳал қилишга қаратилган:

- макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш;

- таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш;

- қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш;

- иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш;

- вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ҳамда оптимал фойдаланиш.

Охирги йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида туб ўзгаришлар юз бера бошлади. Бунда иқтисодиётни ривожлантириш, аввало, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оши­ришга қаратилган мутлақо янги босқичга ўтди. Иқтисодий соҳадаги амалга оширилаётган барча ислоҳотлар пировард натижада “Инсон манфаатлари ва фаровонлиги ҳамма нарсадан устун” деган тамойилга асосланди. Бу борада, энг аввало, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъ­минлаш, солиқ-бюджет ислоҳотларини олиб боришга асосий эътибор қаратилди.

Шундай муҳим ислоҳотлардан бири сифатида республикамизда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни келтириш мумкин, бунда айниқса мамлакатнинг 2018 йилда суверен кредит рейтингини олиниши ва бунинг натижасида суверен халқаро облигацияларнинг жаҳон молиявий бозорларида жойлаштириш имкониятини яратилганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

2019 йилнинг февраль ойида дунёнинг энг обрўли биржаларидан ҳисобланган Лондон фонд биржасида Ўзбекистон тарихида биринчи марта евробондлар, яъни еврооблигацияларни бозорга қўйди. Бунда 5 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни 4,75 фоиздан, 10 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни эса 5,375 фоиздан жойлаштирди. Қарз облигацияларини қайтариш муддатлари 2024 йил ва 2029 йиллар белгиланди.

Аввалига купонларнинг диапазони 5,625 - 5,75 фоиз ҳамда 6 фоиз миқдорида белгиланган эди, аммо талабнинг юқорилиги сабабли Ўзбекистон фоиз ставкаларини қайта кўриб чиқиб, уларни 4,75 фоиз ва 5,375 фоизгача туширди. Облигацияларни харид қилишга тахминан 150 институционал инвесторлардан 3,8 миллиард долларлик таклиф келиб тушди. Давлатлар нуқтаи назардан, харид қилинган 5 йиллик ва 10 йиллик облигацияларнинг катта қисми Буюк Британия инвесторлари (тегишинча 39 фоиз ва 32 фоиз), америкалик инвесторлар эса 23 ва 31 фоиз облигацияларни харид қилди. Европалик инвесторлар 32 фоиз ва 27 фоиз, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари инвесторлари эса 6 ва 10 фоизни ташкил қилди. Евробондларнинг аксариятини - 75 % ва 78%ини бошқарув фондлари, 20% ва 16 фоизини суғурта компаниялари ва пенсия фондлари, 5% ва 6% фоизини банклар харид қилди.

Жами жойлаштирилган 1000,0 млн долларлик халқаро облигациялар учун дастлабки беш йилда тўланадиган бир йиллик фоизли харажатлар 56,63 млн долларга тенг, кейинги беш йилда фақат 10 йиллик муддатли халқаро облигациялар бўйича фоизли тўловлар амалга оширилиб, ҳар йиллик миқдори 26,88 млн долларни ташкил этади. 10 йил давомида ушбу халқаро облигациялар бўйича тўланадиган фоизли харажатларнинг умумий миқдори 387,50 млн долларга тенг.

Ушбу тарихий амалга оширилган еврооблигациялар бўйича операциялар натижасида Ўзбекистон томонидан еврооблигациялар бозорида жуда муваффақиятли келишувларга эришилди, инвесторлар томонидан кучли қўллаб-қувватланишлар натижасида нархни қайта кўриб чиқиб, мақбул якуний нархда жойлаштиришга муваффақ бўлинди ва охир оқибатда ушбу натижалар Ўзбекистоннинг давлат компаниялари, корпорациялари ва бошқа молия муассасалари томонидан келажакда еврооблигацияларни чиқариш учун базавий бенчмарк ёки бошқача айтганда андоза, йўналиш бўлиб хизмат қилди. Хусусан бунга мисол қилиб, жорий йилнинг 25 ноябрида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан чиқарилган 300 млн доллар миқдоридаги халқаро облигациялар бўйича Лондон биржасида амалга оширилган савдоларда 150дан ортиқ инвесторлардан 1,2 млрд АҚШ доллари миқдорида буюртмалар келиб тушганлигини ва халқаро облигациялар 5,75 фоиз купон ставкаси билан жойлаштирилганлигини келтириб ўтиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро облигациялар Буюк Британия (30 фоиз), АҚШ (16 фоиз), Европа (40 фоиз) ҳамда Осиё ва Яқин Шарқ (14 фоиз) инвесторлари орасида жойлаштирилди.

Ушбу натижалар хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам ёритилиб, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Лондон Фонд биржасида халқаро облигацияларни чиқарди ва бу билан халқаро капитал бозори иштирокчисига айланди. 300 миллион долларлик еврооблигациялар инвесторларнинг юқори баҳосига сазовор бўлган”лиги эътироф этилди.

Суверен халқаро облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағлардан самарали фойдаланиш мақсадида мазкур маблағларни бозор механизмлари асосида жойлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш жараёнида тижорат банклари учун узоқ муддатли молиявий ресурслар кераклигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги ПҚ-4258-сонли қарорига мувофиқ, суверен халқаро облигацияларининг жойлаштирилишдан тушган маблағларнинг 889,2 миллион АҚШ доллари тижорат банклари орасида аукцион ўтказиш орқали, яъни самарали бозор механизмлари асосида, депозитга жойлаштириш белгиланди. Тижорат банклари орасида ўтказилган аукцион натижасида маблағлар қуйидаги депозитга жойлаштирилди:

Халқаро облигацияларининг жойлаштирилишдан тушган маблағлар энг катта улуш (24,3%) билан ТИФ Миллий банкка депозит қўйилди, энг кичик улуш (1,7%) Микрокредит банкка тегишли бўлган. Ушбу маблағлар тижорат банкларига халқаро облигациялар бўйича бошланғич олинган фоиздан (4,75 % ва 5,375 %) + 0,5 % маржа қўшилиб депозитга қўйилган.

Бундан ташқари, “Агробанк” акциядорлик тижорат банкига 20 миллион АҚШ доллари (5,875 % бўйича) миқдорида лойиҳаларни молиялаштириш учун субординар қарз шаклидаги кредит линияси ҳамда 89,9 миллион АҚШ доллари (39,95 млн доллар 5,75 % бўйича, 49,95 млн доллар 6,375% бўйича) миқдорида Навоий кон-металлургия комбинатининг стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларини молиялаштириш учун ссуда ажратишга йўналтирилди.

Ўзбекистон капитал бозорига депозит шаклида жойлаштирилган ва ссуда сифатида ажратилган жами 999,1 млн долларлик маблағлардан 10 йил давомида жами 428,1 млн доллар фоизли даромад олиниши ва 387,55 млн доллар фоизли харажатлар сарфланиши ҳамда дастлабки беш йилда 5,4 млн доллар, кейинги беш йилда 2,72 млн ҳар йили фоизли фойдага эга бўлиш кўзда тутилган. Умумий хулоса қилганда, 5 ва 10 йиллик муддатларга жойлаштирилган халқаро облигациялар бўйича йиғилиб бориладиган фойда мунтазам ўсиб боради ва бу кўрсаткич 10 йилдан сўнг 40,6 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, суверен халқаро облигацияларининг жойлаштирилишдан тушган маблағларнинг асосий қисми тижорат банклари депозитларига жойлаштирилиши давлат бюджети харажатларини оширмаслиги ва бюджетдан қўшимча харажат қилинмаслиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Тошматов Шухрат Амонович, и.ф.д., профессор
Давлат бошқаруви академияси каферда мудири

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар