Ўзбекистон-Япония: ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

Ўзбекистон-Япония: ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов Япониянинг “Mitsubishi Corporation” компанияси раҳбарияти аъзоси Ясаюки Асакура билан учрашди. Вазирликда бўлиб ўтган учрашув ҳақида матбуот хизмати маълум қилди. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилди. Томонлар “Mitsubishi Corporation” компаниясида ишлаб чиқарилган охирги авлодга мансуб буғ-газ қурилмалари (БГҚ) ўрнатилган Тўрақўрғон ИЭС қурилиши ва Навоий ИЭСни модернизация қилиш лойиҳалари доирасидаги ҳамкорлик муваффақиятли тарзда амалга оширилганини таъкидлади. Қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг электр энергетикаси соҳасидаги ушбу лойиҳалари Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) молиявий кўмагида амалга оширилди. Ташрифда Навоий ИЭСда қуввати камида 600 МВт бўлган учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш лойиҳасини молиялаштириш учун кредит шартномаси имзолаш, шунингдек, “Навоий ИЭС”да 4 та БГҚ қурилмасини ўрнатиш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда “Mitsubishi Corporation” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган жами олтита БГҚ қурилмаси ўрнатилгани эътиборга олинган ҳолда, уларга хизмат кўрсатувчи сервис марказини ташкил этиш имконияти учрашувда муҳокама қилинди. Япония томони БГҚ учун эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштиришга ҳам қизиқиш билдирди. Мулоқот давомида “Mitsubishi Corporation” компаниясининг Сирдарё ИЭСда учинчи ва тўртинчи буғ-газ қурилмаси қурилиши бўйича танловда иштирок этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилади. Шунингдек, унда “Mitsubishi Corporation” компаниясининг “Навоийзот“ АЖда янги барпо этилаётган аммиак ва карбамид комплексида хизмат кўрсатишни ташкил этишда иштироки имкониятлари хусусида ҳам сўз борди.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар