Мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласи муҳокама қилинаётган бир пайтда айримларимиз ўзимизни, бизнингча, бир нарсани унутгандек ҳис этаяпмиз. Унга ўта сиёсий тус бераяпмиз. Ҳадиксираяпмиз. Хавфсираяпмиз. Турли вариантларда, масаланинг сиёсий жиҳатларига ҳаддан зиёд урғу бериб, “Ихтиёримизни ўзгалар қўлига бериб қўйиш эҳтимоли бор”, - қабилидаги фикрларни билдираяпмиз.
Ҳақиқатдан ҳам сиёсат – бу ўта қалтис ҳодиса. У, аслида, ўзига хос –олов. У билан ўйнашиб бўлмайди. Ўйнашсак –куйиб қолишимиз мумкин.
Сиёсатнинг турлари кўп. Улардан бири иқтисодий сиёсатдир. Энди бир эътибор беринг-а? Иқтисодий сиёсатда нима бирламчи? Иқтисодми ёки сиёсат? Ҳатто ёзилишидан ҳам кўриб турганингиздек, унда, шак-шубҳасиз, иқтисод бирламчидир. Бу ушбу вариантда сиёсатнинг “тақдир”ини, аввало, иқтисод ҳал қилади, деганидир. Бундай шароитда масалага бунчалик сиёсий “тўн кийдириш” қанчалик ўринли? У ўзининг мантиқий асосига эгами?...
Бунинг устига, масаланинг қуйидаги жиҳатига ҳам бир эътибор берайлик-чи, унда қандай манзаранинг гувоҳи бўлар эканмиз, яъни ЕОИИни тузишнинг мақсадлари нималардан иборат? Мана улар: а) аъзо-давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш; б) Иттифоқ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш; в) глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация, кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш (2014 йил 29 майда Остона шаҳрида имзоланган “Евроосиё иқтисодий итттифоқи ҳақида”ги Шартноманинг 4-моддаси).
Энди ана шу уч гуруҳга бирлаштирилган мақсадларни сўзма-сўз ёки ҳижжалаб ўқиб, ўзимизнинг “қалб призма”миздан ўтказайлик-чи, улардан ниманинг ҳиди келаётган экан? Иқтисоднингми ёки сиёсатнинг? Соғлом фикрлайдиган ҳар бир фуқаро бу ерда, аввало, иқтисоднинг ҳидидан баҳраманд бўлади, шундай эмасми?!
Шундай бўлишига қарамасдан, иқтисоднинг негизида бизнинг кўзимиз кўролмайдиган ёки ақлимиз идрок этишга ожиз бўлган сиёсат яширинмаганмикан? Борингки, шундай ҳам бўлсин, дейлик. Лекин у, барибир, сиёсат эмас-да! Нари борса, у иқтисодий сиёсатдир. Зеро, иқтисодий сиёсат билан cиёсат ўртасида баробарлик белгисини қўйиб бўлмайди.
Яна бир масалага, яъни иқтисодлашган сиёсат ва сиёсатлашган иқтисодга аниқлик киритайлик. Уларнинг иккаласи ҳам бирми ёки бошқа-бошқа нарсаларми? Айримларнинг назарида, уларнинг иккаласи ҳам – бир хил. Гўё “икки ўн беш – бир ўттиз”дек. Аслида-чи? Аслида эса – улар ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор. ЕОИИ доирасида сиёсатлашган иқтисод фаолият кўрсатмайди, балки иқтисодлашган сиёсат амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун ҳам унинг сиёсий хавфи айримлар ўйлаганчалик эмас.
Шундай экан, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласини бунчалик сиёсийлаштиришга не ҳожат?!
Тоҳир МАЛИКОВ
иқтисодий фанлар доктори, профессор
Изоҳ қолдириш