Жорий йил 17-июнъ куни Қозоғистон Республикасининг пойтахти Остона шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой Халқ Республикалари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтадиган иккинчи “Марказий Осиё–Хитой” саммити доирасида муҳим ҳужжат — божхона органларида хавфларни бошқариш тизими бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув Меморандуми имзоланиши кутилмоқда.
Ушбу ҳужжат минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, божхона назорати соҳасида стратегик шерикликни ривожлантириш ҳамда хавфсиз ва соддалаштирилган савдо тизимини шакллантиришни мақсад қилган.
Мазкур келишувда хавфли товарлар, транспорт воситалари ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари тўғрисида ахборот алмашинуви механизмни жорий этиш, шунингдек, контрабанда ва божхона қонунчилигини бузиш ҳолатларига қарши курашиш соҳасида яқин ҳамкорлик, келгусида ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, меморандум божхона органлари ходимлари учун ўқув-семинарлар ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва илғор тажриба алмашиш бўйича режаларни ҳам ўз ичига олади. Бу эса, нафақат божхона тизимининг профессионал даражасини оширади, балки минтақа давлатлари ўртасидаги ишончни янада кучайтиради.
Меморандум халқаро ва минтақавий майдонларда ягона ва келишилган позициялар ишлаб чиқиш, истиқболда божхона сиёсатининг уйғунлашувини таъминлашга хизмат қилади. Бу орқали эса божхона соҳасида ягона стандартлар
ва ёндашувлар жорий этилиши мумкин бўлади.
Мазкур ҳамкорлик ҳужжати тадбиркорлик субъектлари учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, соҳада бюрократик тўсиқларни камайтириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, ТИФ жараёнларини тезлаштириш ҳамда ҳалол тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Меморандум савдо инфратузилмасининг ишончли ва тез ишлашига хизмат қилади. Жумладан, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, Андижон орқали ўтувчи автомобиль йўллари каби стратегик йўналишларда назоратнинг рақамлаштирилиши транспорт оқимларини тезлаштиради. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг экспорт-импорт салоҳияти кенгаяди.
Мисол учун, келгусида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган (2023-йилда бу кўрсаткич 13,7 млрд доллар бўлган).
Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари ва Хитой билан олиб бораётган божхона фаолияти статистик таҳлилига эътибор қаратиладиган бўлса, хусусан 2024-йил давомида импорт операциялари бўйича божхона расмийлаштируви турли “йўлаклар” асосида амалга оширилган.
Жумладан, импортда 78% товарлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган бўлиб, шундан “яшил” йўлак орқали 13%, “сариқ” йўлак орқали 65% ва “қизил” йўлак орқали 22% ни ташкил қилган. Бу, ўз навбатида, божхона тизимининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда хавфларни баҳолаш тизимини самарали жорий қилганини англатади.
Бу кўрсаткичлар экспортда янада юқори даражага, жумладан 2024-йил давомида Ўзбекистон Республикасидан Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойга экспорт қилинган товарларнинг 96% соддалаштириш тартибда расмийлаштирилган бўлиб, шундан 66% “яшил”, 30% “сариқ” ва 4% “қизил” йўлаклар ташкил этган.
Мазкур натижалар, айниқса, “яшил” йўлак орқали ўтган товарлар улушининг ортиши, божхона тизимидаги ислоҳотлар ва хавфни бошқаришга асосланган ёндашувларнинг амалий натижасидир. Бундай тизим ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириш ва уларнинг божхона жараёнларида ортиқча юклардан холи бўлишини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтиганда, имзоланиши кутилayotgan Меморандум Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга, божхона соҳасида мувофиқликни таъминлашга ва минтақавий интеграцияни кучайтиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу ҳужжат Ўзбекистон божхона тизимининг ислоҳотларга очиқлигини, халқаро стандартларга мос равишда янгиланалаётганини яққол кўрсатади.
Келгусида мазкур ҳамкорлик минтақадаги божхона инфратузилмасини рақамлаштириш, сунъий интеллект ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш орқали янада янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда. Бу эса глобал савдо тизимида Марказий Осиёни стратегик марказ сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Божхона Институти бош инспектори,
Нурбек Раҳматуллаев
Изоҳ қолдириш