Камбағаллик чегарасини аниқлашга ёндашувларда монетар ва номонетар усуллар қўлланилади. Шундай қилиб, 2021 йилнинг май ойи охирида Ўзбекистонда илк бор аҳолининг минимал истеъмол харажатлари (МИХ) қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари эълон қилинди. МИХ бир оила аъзоси учун киши бошига бир ойда 440 000 сўмни, шундан озиқ–овқат харажатлари 69 фоизни ва ноозиқ - овқат харажатлари 31 фоизни ташкил этди. Шундай қилиб, мамлакатда монетар камбағаллигини ўлчашга ҳаракат қилинди.
Кейинги 5 йил давомида бошқа мамлакатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими сезиларли даражада яхшиланади. Қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида камбағалликни ўлчашнинг номонетар усулларини паралел равишда ўрганиш режалаштирилган. Хусусан, ЮНИСЕФ усули- Multidimensional Overlapping Deprivation Analysis (MODA) ва БМТТД усули - кўп ўлчовли камбағаллик Multidimensional Poverty Measure (MPM).
Шу мақсадда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида (Марказ) "Ўзбекистонда кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинар ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси ва ЮНИСЕФ тадқиқот маркази (Инноченти) кўмагида ташкил этилди.
Марказ ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда "Ўзбекистонда болалар ва оналарни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимларини такомиллаштириш" лойиҳасини тайёрлади ва унинг доирасида экспертлар Ўзбекистонда камбағалликни кўп ўлчовли ўлчаш методологиясини ишлаб чиқади. Ишлаб чиқилаётган методология асосида Ўзбекистонда оила фаровонлиги индекси жорий этилади.
Тадбирда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди. ЮНИСЕФ тадқиқот марказининг (Инноченти) халқаро экспертлари Гвизер Рис (Gwyther Rees) ва Алессандро Карраро (Alessandro Carraro) кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш бўйича халқаро тажриба ва энг яхши амалиётлар бўйича маълумот бердилар, Грузия, Қозоғистон ва Черногориядан амалий мисоллар келтирдилар. Семинар иштирокчилари тақдим этилган методларнинг Ўзбекистонда жорий этилишини ҳам муҳокама қилдилар.
Халқаро экспертлар, шунингдек, дунёдаги кўплаб мамлакатлар Болалар фаровонлиги индексини муваффақиятли амалга ошира олмаганлигини таъкидладилар. Бу йўналишда бошланган ишлар эса албатта Ўзбекистонни юқори даражага олиб чиқмоқда.
"Оила ёки боланинг фаровонлиги даражасини ўлчашга қизиқиш 1970 йилларда бошланган. Бу ЯИМ ва мамлакатнинг фаровонлиги ошиши билан боғлиқ. Фаровонлигини ўлчаш учун кўп ўлчовли ёндашув сўнгги ўн йил ичида жорий этилди", - деди Гвизер Рис.
Инсон ёки оиланинг фаровонлиги ҳақида умумий эътироф этилган таърифнинг йўқлиги қайд этилди. Одатда, бу каби тушунча бир неча таркибий қисмлардан иборат: соғлиқни сақлаш, таълим, сифатли озиқ-овқат, уй-жой, бандлик ва бошқа шунга ўхшаш имкониятлар.
Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда камбағалликни ўлчаш ва камайтириш усулларидан кенг фойдаланиш эътиборга лойиқ.
Тадбир иштирокчилари амалий семинар ўтказиш оила ва болалар фаровонлиги соҳасидаги мониторинг воситалари ва сиёсат бўйича халқаро экспертлар билан тажриба ва фикр алмашиш имконияти эканлигини таъкидладилар.
"Олинган маълумотлар, масалан, келажакда бола нафақалари миқдорини аниқлашда турли ёндашувларни моделлаштиришга имкон беради, бу эса уларнинг зарур миқдорини аниқлашга ёрдам беради. Уй-жой шароитларига нисбатан депривацияларни ўлчаш тегишли маҳаллий ижро этувчи органлар томонидан фойдаланиш учун ижтимоий шароитларни яхшилаш сиёсатини ўзгартиришга имкон беради", деди семинар ташкилотчилари.
Семинар кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш ва Оила фаровонлиги индексини ҳисоблаш бўйича миллий методологияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу ўлчовлар Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш ва оилалар фаровонлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш учун фойдали маълумотлар беради.
Марказ иқтисодиётнинг ҳолатини ва унинг истиқболдаги ривожланишини таҳлил қилади, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда ёрдам беради, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий стратегиясини амалга оширишни илмий қўллаб-қувватлайди ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолайди.
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш