Хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистонга авиарейслар сони етишмаяпти

Хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистонга авиарейслар сони етишмаяпти

19 февраль куни Тошкент шаҳрида Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum (UAALF-2020) халқаро авиация форуми иш бошлади.

Форумни ташкилаштиришда БАА компанияси ҳам иштирок этган

I Халқаро авиация форуми Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, Uzbekistan Airports АЖ ҳамда БААнинг Fair Exhibition Organizers компанияси томонидан ташкиллаштирилган.

Кўплаб давлатлардан иштирокчилар қатнашмоқда

UAALF 2020 халқаро форумида Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия, Кувайт, Миср, Россия, Хитой, Жанубий Корея каби кўплаб давлатлардан 60дан зиёд экспонент, 300 делегат ва 1200 мутахассис, жумладан хорижий давлатларнинг транспорт вазирликлари раҳбарлари, фуқаро авиацияси ва аэропортлар бошқаруви вакиллари, етакчи халқаро ва хорижий авиакомпаниялар, аэропортлар, авиация ҳамда транспорт соҳасидаги компанияларнинг юқори лавозимли расмийлари иштирок этмоқда.

Форумга 130га яқин халқаро ташкилот таклиф этилган

19-20 февраль кунлари ўтказиладиган икки кунлик тадбирга дунёнинг 130га яқин халқаро ташкилоти жалб қилинган, хусусан, Boing ва Jetcraft (АҚШ), Air Charter Service (Буюк Британия), Bombardier Business jets (Канада), TLD (Ҳиндистон), Luftansa Consulting (Германия), EGIS (Франция), ATR (Испания), Kuwait Airways (Кувайт), Air Arabia ва BGT Events (БАА), Gulf Air (Баҳрайн), Korean Air ва Asiana Airlines (Жанубий Корея), Azerbaijan Airlines (Озарбойжон), Aeroflot ва IrAero (Россия), Al Masriya (Миср), Zagros Airlines (Эрон), Pegasus Airlines ва Turkish Airlines (Туркия), Mitsubishi Corporation, Air Astana (Қозоғистон) ва бошқалар шулар жумласидан.

Форумда сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимов Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш бўйича авиарейслар етишмаётганини ҳақида гапирди.

"Ҳозирда хорижий сайёҳлар оқимига хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистонга авиарейслар сони жуда кам ва улар етишмаяпти. Агар қўшимча рейслар бўлса, сайёҳлар сони янада кўпаяди.

Шу муносабат билан президент томонидан авиациядаги барча бўшлиқларни бартараф этиш, очиқ осмон режимини жорий этиш, аэропортларни, ерусти ускуналарни ва навигация тизимини замонавий талабларга мувофиқ равишда реконструкция қилиш, бу масалада бизга ёрдам бера оладиган хорижий авиакомпаниялар ҳамда шерикларни жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шуни ёдда тутиш керакки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик давлатдир ва яқин келажакда қитъалараро авиақатновларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳим хавфсиз транзит маркази сифатида "Авиация ҳаби"га айланиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилик даражасида ерусти хизматлари, авиация хизматларига имтиёзлар, субсидиялар ва чегирмалар тақдим этмоқда.

Ўзбекистон дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан нарх рақобатбардошлигини сезиларли даражада яхшилади. Ҳозирги вақтда мамлакатда авиация бизнесига инвестициялар жалб этишга қаратилган бир қатор янги имтиёзлар ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу форум ўтказилишининг сабабларидан бири - сизнинг ёрдамингизга эҳтиёж, яъни, бизнинг мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, авиация транспорти, мультимодал ташувларни ривожлантириш, турли транспорт турларини ягона занжирга бирлаштириш билан боғлиқ вазиятни ўз кўзингиз билан кўришингиздир", деди А.Абдухакимов.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar