Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими? Маҳаллий маҳсулотларнинг таннархини пасайтирсак, хориждан ўзлари олиб кетишади, – деди Президент.
Бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш мумкин.
Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади, – деди Президент.
Йиғилишда корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқлаш вазифаси белгиланди.
Izoh qoldirish