Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдинги йиллардаги ўсиш кўрсаткичлари, шунингдек, дунёдаги жорий инқирозли вазият, маҳаллий бозорда кутилаётган тенденциялар ички истеъмол бозорлари нархлари индексига ўз таъсирини ўтказмоқда.
Ҳисоботга кўра, 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида (ўтган йил декабрь ойига нисбатан) Республика бўйича ўртача инфляция кўрсаткичи 12,3%, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 15,6%, ноозиқ-овқат маҳсулоти 10,7%, хизматлар кўрсатиш 8,3%ни ташкил этди.
Жумладан, ушбу даврда Бухоро вилояти бўйича ўртача инфляция кўрсаткичи 11,9%ни (республика кўрсаткичи 12,3%га нисбатан 0,4 пунктга кам), шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 14,6% (республика кўрсаткичи 15,6%га нисбатан 1,0 пунктга кам), ноозиқ-овқат маҳсулотлари 10,9% (республика кўрсаткичи 10,7% ёки 0,2 фоизга кўп) ҳамда хизматлар кўрсатиш 8,6% (республика кўрсаткичи 8,3% ёки 0,3 пунктга кўп)ни ташкил этди.
Бунда, энг юқори ўсиш ресторанлар ва меҳмонхоналар хизматлари 22,1%га, дам олиш, спорт ва маданият хизматлари 19,7%га, маиший товарлар ва хизматлар, ижтимоий ва турли товарлар ҳамда бошқа хизматлар 18,1%га, озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар 14,4%га, соғлиқни сақлаш хизматлари 13,2%га ҳамда уй рузғор асбоблари, маиший техника ва турар жойларга кундалик хизматлар кўрсатиш 12,6%га ошган.
Шу билан бирга, ўтган даврда Бухоро вилоятида айрим озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошган. Жумладан:
- пиёз – 96,3% (республикада ўртача 97,8%)га;
- буханка нони – 58,3% (республикада - 54,8%)га;
- шакар – 49,5% (республикада – 43,6%)га;
- буғдой уни – 44,6% (республикада – 44,5%)га;
- тухум (10 донаси) – 28,8% (республикада – 28,3%)га;
- барча навдаги гуруч – 21,3% (республикада – 24%)га;
- сабзи – 20,2% (республикада – 22,7%)га.
Ўз навбатида, ушбу даврда ўтган йилнинг декабрига нисбатан картошка нархи 10,8%га арзонлашганлиги кузатилмоқда.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида 2022 йилнинг декабрь ойида ўтган ноябрь ойга нисбатан истеъмол нархлари индекси 1,2%га, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8%га ва хизматлар 1,4%га ўсиши кўзатилган. Бунда, пиёз нархи 9,8%га, тухум (10 донаси) 5,2%га, сабзи 5%га, картошка 3%га, барча турдаги гуручлар 1,9%га ва буханка нони 1,7%га юқори ўсиш даражаси кузатилган бўлса, товуқ гўшти (бутун) 1,2%га, кунгабоқар ёғи (1 литр) 0,6%га, шакар ва пахта ёғи (1 литр) нархлари мос равишда 0,4%га арзонлашган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, туман ва шаҳар ҳокимликлари аҳоли эҳтиёжлари учун етишмайдиган асосий турдаги истеъмол товарларини захирасини яратиш ва муқобил бозорлардан импорт қилиш (хусусий секторни жалб қилган ҳолда) орқали ички бозорни кафолатли таъминлаш ҳамда инфляция ушлаб туриш ва нарх-навони барқарор бўлишини таъминлаш юзасидан зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Izoh qoldirish