Жорий йилнинг 3-8 ноябрь кунлари Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодий тадқиқотлар институти бошқаруви раиси, Озарбайжон делегацияси раҳбари Шаҳин Садигов бошчилигидаги делегация мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Бўлажак ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўрганиш мақсадида делегациянинг Ўзбекистон Республикасининг ТИВ, Транспорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалик вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги, шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти вакиллари билан учрашувлари ўтказилди.
Ушбу учрашувлар Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевлар томонидан жорий йилнинг август ойида Озарбайжон Республикаси етакчисининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида қўйилган мақсадларни амалга оширишда муҳим қадам бўлади. Хусусан, Олий давлатлараро кенгаш мажлиси доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга ахборот-таҳлилий кўмаклашувнинг муҳимлиги таъкидланди.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг асосий вазирликлари вакиллари билан ўтказилган учрашувлар иқтисодиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва технологик соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари ва имкониятларини аниқлашга кўмаклашди. Эришилган келишувлар шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Izoh qoldirish