Жаҳон ва минтақавий иқтисодиётдаги ўзгаришлар

Жаҳон ва минтақавий иқтисодиётдаги ўзгаришлар

Роботлаштириш ишлаб чиқаришнинг ривожланган мамлакатлардан ривожланаётган давлатларга кўчирилишини қисқартириши мумкин

(Жаҳон банки, 2026 йил сентябрь)

Роботлаштириш корхоналарнинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжини камайтиради ва саноат ишлаб чиқаришининг мамлакатлар ўртасида жойлашувига таъсир кўрсатиши мумкин. Мазкур хулоса 77 та мамлакат маълумотлари асосида ўтказилган тадқиқотда келтирилган.

Роботлар унумдорлигининг ошиши ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради ва корхоналарнинг ишчи кучига боғлиқлигини пасайтиради.

Иш ҳақи харажатларининг юқорилиги корхоналарни ишлаб чиқаришни арзон ишчи кучига эга мамлакатларга кўчиришга ундайди. Бироқ роботлаштириш ходимларга бўлган эҳтиёжни камайтириб, ушбу тенденцияни сусайтириши мумкин.

Шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатларда роботларни жорий этиш меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва иқтисодий ўсишни жадаллаштириш имконини беради.

Тадқиқотчилар роботлаштириш аҳоли қаришининг иқтисодий оқибатларини ва савдо чекловларининг салбий таъсирини ҳам юмшатишини аниқлаган.

Масалан, БМТ прогнозларига кўра, Хитойда 2035 йилга бориб ишчи кучининг қисқариши шароитида роботлар унумдорлигининг 2 баравар ошиши ЯИМ йўқотишларини 5,6 фоиздан 4,9 фоизгача камайтириши мумкин.

46 та ривожланган мамлакат бўйича ўртача ҳисобда ЯИМ йўқотишлари 2,3 фоиздан 1,9 фоизгача қисқаради.

Ишчи кучи сони ўсиб бораётган мамлакатларда автоматлаштириш ЯИМнинг қўшимча ўсишини таъминлайди. Масалан, Вьетнамда иқтисодий ўсиш 4,9 фоиздан 5,5 фоизгача ошиши мумкин.

Савдо чекловлари кучайган шароитда автоматлаштириш Хитойда ЯИМнинг 0,6 фоизга қисқаришининг олдини олиб, 0,1 фоизлик ўсишни таъминлаши мумкин.

Вьетнамда ЯИМ қисқариши 1,4 фоиздан 0,8 фоизгача, Туркияда эса 0,6 фоиздан 0,3 фоизгача камаяди.

Ускуналарни алмаштирмасдан шамол турбиналари самарадорлигини оширишнинг янги технологияси

(Массачусетс технология институти (MIT), 2026 йил 28 сентябрь)

Массачусетс технология институти шамол турбиналари ишини оптималлаштириш орқали шамол электр станциялари самарадорлигини оширишга мўлжалланган дастурий модел ишлаб чиқди.

Ушбу усул турбинанинг шамолга нисбатан йўналиши, парракларнинг айланиш тезлиги ва уларнинг ўрнатилиш бурчагини бир вақтнинг ўзида оптималлаштириш имконини беради.

Технология турбиналарни алмаштирмасдан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган. Модель шамолнинг турли йўналишлари ва парраклар созламаларида турбина қанча электр энергияси ишлаб чиқаришини ҳисоблайди.

Ушбу ҳисоб-китоблар асосида бир хил шамол шароитида кўпроқ электр энергияси олиш имконини берувчи энг самарали иш режими танланади.

Натижада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 фоизга ошган, бу электр энергияси нархи 1 МВт·соат учун 50 доллар бўлганда, ҳар бир турбинадан йилига қўшимча 11,1 минг доллар даромад олиш имконини беради.

Технология ҳозирда саноатда қўллашга тайёрлаш босқичида. Дастурий таъминот очиқ фойдаланиш учун тақдим этилган бўлиб, турбиналарнинг мақбул иш режимларини ҳисоблаш имконини беради.

Технологияни кенг жорий этиш учун уни амалда ишлаётган турбиналарда синовдан ўтказиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ошишини тасдиқлаш зарур.

Ҳиндистонда ресурсларни тежовчи деҳқончилик технологияларини жорий этиш натижалари

Ҳиндистонда узум, анор ва шакарқамиш етиштиришда сув ва бошқа ресурслардан тежамкор фойдаланиш мақсадида 150 та фермер хўжалигига тупроқ намлиги датчиклари ва метеостанциялар ўрнатилди.

Тизим фермерларнинг мобил телефонларига суғориш, ўғитлаш ва пестицидлар билан ишлов бериш бўйича тавсиялар юборади.

Фермерларга аввалги ҳар 2–3 кунда белгиланган жадвал асосида суғориш ўрнига, тупроқ ҳолатидан келиб чиқиб, ҳар 4–7 кунда суғориш тавсия этилди.

Натижада сув сарфи ўртача 27 фоизга, кимёвий ўғитлардан фойдаланиш 12,4 фоизга, пестицидлар билан ишлов бериш сони эса 34 фоизга қисқарди.

Буюк Британияда давлат харидларининг ижтимоий самарасини баҳолаш тизими

Буюк Британияда 2027 йил 1 январдан давлат харидларининг ижтимоий нафини баҳолаш талаблари кучайтирилади.

Баҳолашда янги иш ўринларини яратиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан юқори иш ҳақи белгилаш, ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, стажировка ҳамда ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ҳисобга олинади.

Бунда ёшлар ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган аҳоли қатламларига алоҳида эътибор қаратилади.

Тендер таклифларини 100 баллик тизим асосида баҳолашда ижтимоий наф, жумладан, иш ўринлари яратиш ва ходимларни ўқитиш учун қуйидаги баллар ажратилади:

  • Йирик шартномалар (6,6 млн доллардан бошлаб) бўйича 20 баллгача (аввалги 10 балл ўрнига);

  • Ўрта ҳажмдаги шартномалар (1,3 млн доллардан 6,6 млн долларгача) бўйича 10 баллгача.

Қолган баллар нарх, сифат ва бошқа мезонлар ўртасида тақсимланади.

Йирик шартномалар бўйича камида битта ижтимоий самара кўрсаткичини белгилаш талаб этилади.

Етказиб берувчиларнинг ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариши назорат қилинади, натижалар бўйича ҳисоботлар эса йилига камида бир марта эълон қилинади.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar