Олий таълим муассасаларини дунёнинг етакчи рейтинг агентликларининг 1000 талик рўйхатига киритиш масалалари

Олий таълим муассасаларини дунёнинг етакчи рейтинг агентликларининг 1000 талик рўйхатига киритиш масалалари

Дунё миқёсида олий таълим муассасаларининг рейтинги ва жаҳон миқёсидаги рейтинг агентликлари рўйхатига кирган университетлар, деярли барча мамлакатларда шов-шувга айланиб бормоқда. Олий таълим муассасаларини ТОП-1000 талик рўйхатга киритиш таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади, шунинг учун барча олий таълим муассасалари ўз мақомини глобал даражага олиб чиқиш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Ушбу мақолада ОТМларнинг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинган ҳамда келгусида ТОП-1000 талик рўйхатга кириш учун таклифлар ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилиш, устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Жаҳон банки томонидан тузилган 1998/99 йиллардаги жаҳон тараққиёти тўғрисидаги ҳисоботларга кўра, маълумотларга асосланган иқтисодиётга ўтишда мамлакатларни бошқариш учун тўртта асосий стратегик лойиҳаларни таклиф қилган, яъни тегишли иқтисодий институционал тизим, кучли инсон капитали базаси, динамик ахборот тузилмаси ва самарали миллий инновация тизимидир. Дунё тажрибасидан маълумки, олий таълим муассасалар(ОТМ)ининг ривожланиши, меҳнат бозорига сифатли кадрлар тайёрлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш учун ОТМларнинг рейтингини тузиш ва эълон қилиб бориш асосий омилдир.

ОТМларни ривожлантириш бўйича қарашлар

Олий таълим муассасаларини жаҳоннинг етакчи рейтинг агентликларининг ТОП-1000 талик рўйхатига киритиш масалалари Хитой Халқ Республикасида 1990 йилларнинг бошларида бошланган, Хитойлик олимлар томонидан 2011 ва 985 лойиҳалари ишлаб чиқилган ҳамда ушбу лойиҳалар асосида олий таълим ташкилотлари фаолияти таҳлил қилинган, натижада 9 та ташкилотдан ташкил топган Хитойнинг Айви лигаси номи билан машҳур бўлган С 9 лигаси пайдо бўлган. Ушбу элита гуруҳлари 2003 йилдан 2015 йилгача жахон рейтинглари бўйича Хитой университетларини таққослаб, юқори натижаларга эришишга олиб келди. Бундан ташқари, С9 лигаси ўша даврда АҚШ, Канада, Австралия ва Буюк Британиянинг элита лигалари билан таққосланган. ОТМларни ТОП-1000 талик рўйхатга киритиш бўйича Эллен Хазелкорн (Ellen Hazelkorn) кўплаб илмий тадқиқотлар қилган. Масалан, Жаҳон даражасидаги университетларми ёки жаҳон даражасидаги тизимларми? Рейтинглар ва олий таълим сиёсати танловлари номли мақоласида олий таълим тизимига ёш олимларни жалб қилиш, ўқитиш ва ўрганишнинг боғлиқлиги, тижорат ва билим, битирувчиларнинг қобилияти ва академик самарадорлиги масалаларига тўхталиб ўтган. Бундан ташқари, яна бир олим рейтинг ўлчамлари саналадими мақоласида, рейтинг индикаторларининг яхши ва ёмон томонларини таҳлил қилган. Америкалик олим Карей эса, ОТМларда самарали ўқитиш амалиёти ва қабул танлови ўртасидаги статистик жиҳатлар тўғрисида тўхталиб ўтган. Лекин ОТМларни етакчи рейтинг агентликлари рўйхатига киритиш бўйича масалалар етарлича тадқиқ қилинмаган. Сўнги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланган илмий тадқиқот ишлари С.С.Ғуломов, Қ.Х.Абдурахмонов, Б.Ю.Ходиев, Т.З.Тешабоев, М.Х.Саидов ва бошқалар томонидан бажарилган. Ушбу олимлар асосан, олий таълим тизимида таълим хизматларини ривожлантириш, олий таълим тизимини ахборот-коммуникация технологиялари орқали бошқариш, олий таълим тизимини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берганлар. Бизнинг фикримизча, олий таълим тизимини фақатгина молиявий ёки иқтисодий томондан тадқиқ қилиш орқали ривожлантириб бўлмайди, аксинча ОТМларимизни ТОП-1000 талик рўйхатга кириши учун стратегик илмий янгиликлар ишлаб чиқиш, чора-тадбирлар режаларини тузиш мақсадга мувофиқдир.

ОТМлар рейтингининг ҳозирги ҳолати

Сўнги уч йилдан бери мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг рейтинги эълон қилиниб келинмоқда. Рейтинг тузиш ва уни эълон қилиш, олий таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини яратмоқда. Олий таълим муассасалари рейтинг баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқишда дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари THE, QS ва ARWUларнинг индикаторлари чуқур таҳлил қилиниб, методика ишлаб чиқилган. Олий таълим муассасаларини келгусида ушбу рейтинг агентликлари томонидан эълон қилинадиган ТОП-1000 талик рўйхатига киритиш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан, олий таълим муассасалари илмий фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиш зарур. Масалан, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти. Илмий салоҳият олий таълим муассасалари рейтингини ва етишиб чиқаётган кадрлар сифатини белгилаб берадиган асосий меъзондир. Республикамиз олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти таҳминан 35 фоизга тўғри келади, шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 65 фоиз профессор-ўқитувчилар илмий даражага эга эмас. Қуйида мамлакатимиздаги айрим олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини таҳлил қиламиз.

Ушбу расмда сўнги уч йил мобайнида олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятидаги ўзгаришлар динамикаси тасвирланган. Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Тошкент Молия институтларида сўнги уч йил мобайнида илмий салоҳият кўтарилган бўлса, Ўзбекистон Миллий университетида илмий салоҳиятда қисман пасайиш тенденцияси кузатилган. Жиззах давлат педагогика институти, Жиззах политехника институти ва Қўқон давлат педагогика институтларида 2017 йилда илмий салоҳият 20 фоизга ҳам етмаган, кейинги йилларда Жиззах давлат педагогика институти ва Жиззах политехника институтларида илмий салоҳият 7-10 фоизгача кўтарилган, лекин Қўқон давлат педагогика институтида ушбу кўрсаткич ҳамон пастлигича қолмоқда.

Иккинчидан, хорижий рейтинг агентликларининг муҳим индикаторларидан бири, олий таълим муассасаларида хорижий ўқитувчилар салмоғини ошириш зарур. QS ёки THE рейтинг агентликларининг рўйхатига кирган олий таълим муассасалари тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, хорижий ўқитувчилар салмоғи камида асосий штат бирлигининг 10 фоизини ташкил қилади, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида ушбу кўрсаткич салмоғи 1 фоизга ҳам етмайди. Қуйида миллий олий таълим муассасаларимизга жалб қилинган хорижий ўқитувчилар салмоғини таҳлил қиламиз.

Ушбу диаграммада республикамиз олий таълим муассасаларига 2019 йил давомида ташриф буюрган хорижлик профессор-ўқитувчилар сони тўғрисида маълумот берилган. 2019 йил рейтинг натижаларига кўра, хорижлик профессор-ўқитувчиларни ўқув жараёнига жалб қилиш бўйича Тошкент тиббиёт академияси етакчилик қилган, кейинги ўринларда Ўзбекистон миллий университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Ўзбекистон давлат жахон тиллари университетлари пешқадамлик қилган бўлса, 10-ўринни Тошкент давлат аграр университети эгаллаган. Лекин бу кўрсаткичлар олий таълим муассасаларини дунёнинг етакчи ТОП-1000 талик рўйхатига кириши учун етарли эмас.

Учинчидан, олий таълим муассасаларида хорижий талабалар салмоғини ошириш тавсия этилади, чунки дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари индикаторларида ушбу кўрсаткичга юксак эътибор берилади. Навбатдаги диаграммада сўнги уч йил давомида энг кўп ва энг кам хорижий талабаларни ўқув жараёнига жалб қилган олий таълим муассасалари тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, олий таълим муассасаларида хорижий талабалар салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Дастлабки рейтинг эълон қилиниб келинаётган йилдан бошлаб энг кўп хорижий талабалар Урганч давлат университетида таҳсил олаётганликлари аниқланди. Хорижий талабаларни ўқув жараёнига жалб қилиш бўйича Ўзбекистон давлат жахон тиллари университети, Тошкент давлат педагогика университетлари ҳам юқори натижаларга эришган бўлса-да, ушбу индикатор бўйича Ўзбекистон миллий университети 10-ўриндан жой олган. QS рейтинг агентлигининг шартларидан бири-бу олий таълим муассасаларида камида 10 фоиз хорижлик талабалар таҳсил олишидир. Қуйида хорижий талабалар салмоғи бўйича энг оҳирги ўринларни эгаллаган ОТМлар тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Ушбу маълумотлардан кўриш мумкинки, 2018-2018 йилларда Навоий давлат кончилик институти ва Самарқанд ветеринария тиббиёт институтларида хорижий талабалар бўлмаган. 2019 йилдан бошлаб ушбу ОТМларда ҳам саноқли хорижий талабаларни ўқув жараёнига жалб қилиш жараёнлари жонлана бошлаган.

Тўртинчидан, олий таълим муассасаларида халқаро эътироф этилган нашрлар (Scopus)да мақолалар сонини ошириш лозим. Бунинг учун республикамиздаги журналларни халқаро даражага олиб чиқиш, халқаро нашрлар талабларидан келиб чиқиб мақолалар чоп қилиш зарур. Қуйида сўнги 5 йилда мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари томонидан Scopus базасида нашр қилинган мақолалари тўғрисида маълумот берамиз.

Ушбу статистик маълумотлардан кўриш мумкинки, халқаро нашрлар рўйхатидаги журналларда мақолалар нашр қилишда Ўзбекистон миллий университети етакчилик қилган, масалан 2016 йилда нашлар сони 118 та бўлган бўлса, 2020 йилга келиб мақолалар сони 429 тани ташкил қилди. Самарқанд давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат университети ва Тошкент тиббиёт академияларида ҳам хориж нашрларида мақолалар сони ортиб бормоқда лекин бу рақамлар олий таълим муассасаларимизнинг ТОП-1000 талик рўйхатга кириши учун етарли эмас. Энг ачинарлиси, мамлакатимиздаги кўплаб олий ўқув юртлари Scopus базасида ўзининг платформасини яратмаган. Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, барча олий таълим муассасаларида илмий фаолиятни кучайтириш талаб этилади.

Ҳозирги кунда Elsevier компаниясининг SciVal платформаси орқал олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот натижаларини кўриш мумкин. Масалан, профессор-ўқитувчиларнинг Scopus базасидаги мақолаларига сўнги беш йилда берилган иқтибослар сони, олий таълим муассасларининг халқаро илмий тадқиқот ишларидан даромадлар миқдори ва ҳ.к.

Бешинчидан, олий таълим муассасалари битирувчиларини иш берувчилар томонидан баҳоланишини такомиллаштириш керак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 467-сон қарори билан иш берувчиларнинг фикрлари алоҳида индикатор сифатида киритилган ва бу интернет орқали ўтказилиб келинмоқда. Ўзбекистон миллий университети битирувчиларига иш берувчиларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

  • 13% иш берувчи битирувчиларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаси “қониқарли” деб баҳолади;
  • Битирувчиларнинг келгусида ўсиш имкониятларига 83% иш берувчи ижобий баҳолаган бўлса, 15% иш берувчи “қониқарли” даражада эканлигини қайд этишган;
  • ОТМнинг иш берувчилар билан ҳамкорлик даражасига 73% иш берувчи ижобий баҳолаган бўлса, 20% иш берувчи “қониқарли” даражада эканлигини, 7% иш берувчи эса “пассив” баҳо берган;
  • Сўровномада иштирок этган иш берувчилар келгусида ушбу ОТМ битирувчиларини ишга қабул қилишини 98% билдиришган.

Хулоса ва таклифлар

Хулоса қилиб айтганда, хориж тажрибаларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари келгусида ТОП-1000 талик рўйхатга кириш учун қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:

  1. Етук хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини жорий қилиш. Бу ОТМларга хорижий тажрибани мукаммал ўрганишга, хорижий тажриба асосида инновацияларни жалб қилишга ундайди.
  2. Педагог кадрларнинг белгиланган муддатларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтишларини ташкиллаштириш зарур.
  3. Таълим тизимини ривожлантириш учун SWOT-таҳлил, яъни ОТМларнинг кучли, заиф томонлари, имкониялари ва хавфларини ўз ичига олган таҳлилларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш. Ушбу таҳлил орқали ОТМларнинг муаммолари ва камчиликлар бартараф этилиб борилади ва ўз навбатида бу ҳам келгусида ОТМларни ТОП-1000 талик рўйхатга киритилишига асос бўлади.
  4. Иш берувчилар, экспертлар, талабалар ва битирувчилар томонидан ОТМ фаолиятини баҳолаб бориш механизмини йўлга қўйиш лозим. Хориж тажрибасидан маълумки, Олий таълим муассасалари иш берувчилар, экспертлар томонидан баҳоланиб боради. Бу ўз навбатида, ОТМда таълим сифатини оширилишига, сифатли мутахассис тайёрлашга, сифатли билим беришга олиб келади.
  5. Олий таълим муассасаларига қабулни амалга оширишда, ҳар бир ОТМ ўзининг йўналишидан келиб чиқиб, ОТМга хужжат топшириш талабларини ишлаб чиқиш тартибини йўлга қўйиш. Масалан ривожланган мамлакатларда ОТМга хужжат топшириш учун IELTS. TOEFL, GMAT ва.ҳ каби сертификатлар талаб қилинади. Миллий ОТМларга ҳужжат топшириш учун халқаро даражадаги сертификатлар ёки ОТМнинг йўналишидан келиб чиқиб имтихонлар олишни йўлга қўйиш зарур. Бу ўз навбатида билимли абитуриентларни ўқишга қабул қилиш, келгусида ОТМ обрўсини ошириш, энг яхши илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш имкониятларини яратади.
  6. Ҳар бир олий таълим муассасаларида “Ғояни шакллантиришдан уни тижоратлаштиришга қадар” номли илмий-тадқиқот марказлари очилишини қўллаб—қувватлаш мақсдга мувофиқ. Масалан, ТОП-1000 таликка кирган ОТМлар фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, барча эришган ютуқлари илмий-тадқиқот ишларининг натижалари орқали бўлган. ТОП-1000 таликдаги университетлари, масалан Nagoya Technology universtityнинг бир йилда илмий-тадқиқотдан топган пули 25 млн долларга тенг келади.
  7. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш, икки ёки уч сменали ўқитиш тизимини бекор қилиш зарур. Ўйлаймизки, ушбу таклифларга келгусида амалиётга жорий қилинса, миллий олий таълим муассасаларимиз ТОП-1000 талик ОТМлар қаторидан жой олади.
  8. Педагог ва раҳбар кадрларни ҳамкор хорижий олий таълим муассасаларига имзоланган шартномалар асосида малака оширишга юбориш.

Исмаилов Хусанбой Махаммадқосим ўғли, PhD

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош мутахассиси

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни. Тошкент-2020 йил 23 сентябь, ЎзРҚ-637.
  2. Brown S., Pill R., Brenda S. 500 Tips for Quality Enhancement in Universities and Colleges. London: Kogan Page, 1997. – p. 164.
  3. 3. Radford J., Raaheim K., Williams R., de Vries P. Quantity and Quality in Higher Education. London and Bristol, Pennsylvania: Jessica Kingsley Publishers, 1997.– p. 196.
  4. Fisbein, Ariel va Dena Ringold “Benchmarking thr Governance of Tertiary Education Systems.” Washington DC: The World Bank 2012; Weber, Luc, J.Dudestatdt “Universty Research for Innovatio.” London: Economica 2010.
  5. Т.З.Тешабаев, Олий таълим тизимида инновацион фаолиятни ахборот технологиялари асосида такомиллаштириш йўллари номли мақола. “Иқтисодиёт ва инновацион технологиялар” илмий электрон журнали. № 3, май-июнь, 2018 йил.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar