Ўзбекистонга 15 кишилик хитойлик шифокорлар гуруҳи етиб келди

Ўзбекистонга 15 кишилик хитойлик шифокорлар гуруҳи етиб келди

Хитойлик шифокорлар ва тиббиёт мутахассисларидан иборат 15 кишилик гуруҳ мамлакатимизга ташриф буюрди. Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик самараси ўлароқ амалга оширилди. Хитойлик мутахассислар мамлакатимизда COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда юртимиз тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади.

Таъкидлаш жоизки, Мазкур тиббий гуруҳ Хитойнинг Наньчан шаҳридан (Цзянси провинциясининг маъмурий маркази) келишган бўлиб, ушбу провинция Хубэй провинцияси билан чегарадош (коронавирус тарқалишининг эпидемик маркази) ва тузалиб кетган беморлар сони бўйича Хитойда биринчи ўринда туради.

Тиббий гуруҳ таркибига вирусолог, эпидемиолог, пульмонолог, терапевт, жарроҳ ва юқумли касалликлар бўйича мутахассислар киради. Улар орасида жорий йилнинг январь-февраль ойларида Хитойда коронавирусга қарши миллий кураш доирасида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун тўғридан-тўғри COVID-19нинг тарқалиш марказига – Ухан шаҳрига ва Хубэй провинциясининг бошқа шаҳарларига юборилган етакчи клиникаларнинг тажрибали шифокорлари ҳам бор.

Айни пайтда хитойлик шифокорлар билан бирга, Хитой Халқ Республикаси ҳукумати номидан зарур тиббий буюмлар ва дори-дармонлар воситаларидан иборат гуманитар ёрдам ҳам олиб келинди.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar