2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши

2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши

Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари тезлашмоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ички маҳсулот 6,4%га ўсди (2023 йилнинг шу даврида – 6,2%).

Йилнинг 1-ярмида асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланган мамлакатлар иқтисодиётида ижобий динамика кузатилди. Қозоғистонда ЯИМ 3,3%га, Қирғизистонда 8,1%га ўсди. Хитой иқтимодиёти кўриб чиқилаётган даврда 5%га ўсди. Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида Россияда ЯИМ 5%га ўсди.

Инфляция. Йилнинг биринчи ярмида нархлар ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 5,2%га ошди. Инфляциянинг тезлашиши кузатилмоқда - 2023 йил июнь ойи охирига келиб истеъмол нархлари индекси 3,5%га ошди. Йиллик кўрсаткичларда ҳам инфляциянинг 10,6%гача тезлашиши кузатилмоқда (2023 йил июнь ойи охирига келиб – 9%). Шу билан бирга, йил бошидан буён озиқ–овқат нархлари 1,3%га пасайди (2023 йил июнь ойида - 4,1%га ўсган). Ноозиқ–овқат маҳсулотларининг нархи ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 3,3%га ошди (2023 йил июнь ойида - 3,1%). Йиғма истеъмол нархлари индексига асосий таъсир энергия тарифларининг ошиши фонида хизматлар нархларининг 21,1%га (2023 йил июнь – 2,9%) ошиши бўлди. Шундай қилиб, 6 ой ичида электр энергияси, газ ва бошқа ёқилғи нархи 66%га ошди.

Йил бошидан буён дастлабки уч ой ичида мисли кўрилмаган инвестиция фаоллиги (ўсиш 75%) бироз секинлашди, аммо юқорилигича қолмоқда. Январь-июнь ойларида асосий капиталга инвестициялар ҳажми 37%га ошди. Марказлаштирилган инвестициялар ҳажми 21 фоизга ошди. Марказлаштирилмаган инвестициялар 39 фоизга ўсди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 47 фоизга ўсиши кузатилмоқда. Шунингдек, корхоналар ҳисобидан инвестициялар ҳажми 4,3 фоизга, аҳоли маблағлари 3,9 фоизга ўсди, аммо банклар ҳисобидан 27 фоизга камайди.

Умуман олганда, ярим йиллик якунлари бўйича марказлаштирилган инвестициялар улуши 10,7%гача камайган бўлса, марказлаштирилмаган инвестициялар улуши мос равишда 89,3%гача ошган.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши кузатилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 3,8%га ўсди (2023 йил январь-июнь ойларида ҳам 3,8%). Ўсимликчилик ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,8%га, ўрмончилик хўжалиги 2,8%га, балиқчилик 4,6%га ошди.

Йилнинг биринчи ярмида саноат ишлаб чиқариши 7,8%га ўсди (2023 йил январь-июнь ойларида 5,6%). Тармоқлар бўйича ишлаб чиқариш саноати 9,4%га (2023 йил январь-июнь ойларида 6,3%), тоғ-кон саноати 0,5%га ўсди. Электр энергетикаси, газ тармоғи, газ етказиб бериш ва совутиш тизимларида ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 4,3 фоизгача (2023 йил январь-июнь ойларида – 9,9%), сув таъминоти ва чиқиндиларни утилизация қилиш 0,3%гача (2023 йил январь-июнь ойларида – 3,6%) секинлашди.

Биринчи ярим йилликда қурилиш соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми жадал суръатлар билан ўсди - 2023 йил январь-июнь ойидаги 5,6%га нисбатан 10,1%.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 12,9%га (ўтган йилнинг шу даврида – 12,3%) ўсди. Хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича энг катта ўсиш ахборот ва алоқа соҳасида 20%га, молиявий хизматлар 20%га, таълим 22%га, кўмас мулк хизматларида 13%га, соғлиқни сақлаш 11%га кузатилди. Чакана товар айланмаси 8,4%га (2023 йил 1-ярим йиллигида 6,9%га) ошди.

Транспорт соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 6,5%га, юк айланмаси 4%га, йўловчилар айланмаси 5,3%га ошди.

Ташқи савдо ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан секинлашди. Шундай қилиб, ташқи савдо айланмаси 8,5%га ўсиб, 32 миллиард долларни ташкил этди (2023 йил январь-июнь ойларида ўсиш 20%ни ташкил этди). Экспорт 5,5%га (2023 йил январь-июнь ойларида – 25%) ўсиб, 13 миллиард долларни, импорт – 10,6%га ўсиб, (2023 йил январь-июнь ойларида – 17%) 18,8 миллиард долларни ташкил этди.

2024 йилнинг январь-июнь ойларида ёқилғи-энергетика материаллари экспорти 40%га, кимё маҳсулотлари 33%га, хизматлар 26%га, хомашё маҳсулотлари 8%га ўсди. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 2,3%га, саноат маҳсулотлари 3%га, турли тайёр маҳсулотлар экспорти эса 13%га камайди.

Кўриб чиқилаётган даврда ёқилғи-энергетика материаллари импорти 66%га, хизматлар 57%га, тайёр маҳсулотлар 7,4%га, машина ва транспорт ускуналари 5,6%га, саноат товарлари 2,1%га ошди.

***

Умуман олганда, жорий йилнинг биринчи ярми Ўзбекистон иқтисодиёти учун қулай бўлди. Тадбиркорлик ва инвестицион фаоллик жадал динамикага эришиш имконини берди.

Руслан Абатуров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar