Шавкат Мирзиёев: камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади

Шавкат Мирзиёев: камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, камбағал оилалар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Тўрт йил аввал бу борадаги ишлар бошланганида 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмас эди. Шу даврда аҳолимиз 3,7 миллионга кўпайди, камбағаллик чегараси ҳам тегишли равишда 1,5 карра оширилди. Бунга қарамасдан, 3,5 миллион одамни даромадли қилиш ҳисобига 2023 йил якуни билан камбағалликни 11 фоизга пасайтиришга эришилди.

Аввало, ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра оширилиб (466 минг оиладан 2,2 миллионга), ўтган йили бу мақсадларга 12,3 триллион сўм ажратилди. Пенсия ва нафақалар миқдори ҳам 1,5 баравар кўпайтирилди.

Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилгани таъкидланди. Маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 120 триллион сўм ажратилди. Шунингдек, 260 минг гектар ер 800 минг аҳоли, аввало ёшларга деҳқончилик қилиш учун даромад келтирувчи актив сифатида тарқатилди.

Яқинда мамлакатимизда бўлган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори бу нафақат иш ўрни ва даромад, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда жуда тўғри йўл эканини эътироф этди.

Ўтган ойда Камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро конференцияга келган 60 дан ортиқ мамлакат экспертлари Ўзбекистон қисқа муддатда яратган тажрибани юқори баҳолади.

Президент камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар аҳволи ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил эмаслигини кўрсатиб ўтди. Масалан, ўтган олти ойда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразмда камбағаллик 2 фоиздан ортиқ камайган бўлса, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент шаҳрида ўзгариш бўлмаган.

Республиканинг 15 та туманида камбағаллик 20 фоиздан юқори. Булар – Амударё, Беруний, Қонликўл, Нукус, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Гурлан, Янгиариқ, Янгибозор ва Тупроққалъа. Бу туманларда камбағалликни қисқартириш учун уч йилда 1,7 триллион сўмлик арзон кредит ва субсидия берилган бўлсада, ўзгариш бўлмаган.

Аҳолига бўлиб берилган ерлар бўйича 17 та туманда 2-3 мартадан ҳосил олиш ҳисобига камбағаллик 2 карра камайди. Булар – Пахтаобод, Балиқчи, Гурлан, Хонқа, Олтиариқ, Данғара, Конимех, Боёвут, Жомбой, Шофиркон, Ш.Рашидов, Зомин, Шаҳрисабз, Бандихон, Ўртачирчиқ, Бўка, Тахиатош туманлари. Лекин, 14 та туман – Қонликўл, Шуманай, Қоровулбозор, Пешку, Чироқчи, Муборак, Нуробод, Оқолтин, Музработ, Бандихон, Қизириқ, Оҳангарон, Паркент, Тупроққалъада ўзгариш сезилмаяпти. Туман ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига бу борадаги фаолияти сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирилди.

Президент топшириғига кўра, мутасаддилар масалани ичига чуқурроқ кирди, энг оғир маҳалладаги ночор оилаларга бориб, нимага кўпроқ эътибор бериш кераклигини ўрганди. Бу масалада савдо, сервис, тўқимачилик, тиббиёт, овқатланиш, қурилиш, касаначилик, электротехника, транспорт соҳаси тадбиркорлари билан аниқ муҳокамалар ўтказилди.

Ўрганишлар камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Ҳозирда 3-5 миллион сўмгача ойлик бераман деган корхоналарда 250 мингта бўш иш ўрни бор. Лекин, камбағал оилани 35 фоиз ишга лаёқатли аъзоларида билим ва кўникма кам.

Бола парвариши билан банд бўлгани учун ишлаш хоҳиши бўлган аёлларнинг 43 фоизи ишга бора олмаяпти. Камбағал оилаларнинг 83 фоизида катта томорқа бор. Лекин, уларнинг 62 фоизида – сув, 48 фоизида – электр муаммоси бор, яна 50 фоизи марказдаги бозорга боришга қийналмоқда.

Давлатимиз раҳбари камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.

Ҳозирда камбағалликни қисқартириш бўйича кейинги йиллар учун жуда катта “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётгани маълум қилинди. Унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилади.

Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади.

Мутасаддиларга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқиш топширилди. Камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади, ҳар бир вазирликнинг аниқ вазифаси кўрсатилади.

Иқтисодий комплекс – Ж.Қўчқоров тизими оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланса, ижтимоий ҳимоя – М.Оллоёров тизими кимни реестрга киритиш, қайси оилани ундан чиқаришга жавоб бериши белгиланди.

Туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари камбағал оилалар хонадонига кириб, бу ердаги шароитни ўз кўзи билан кўрсагина натижа бўлиши таъкидланди.

“Одамларга қанча ёрдам бермайлик, маҳаллалар шароитини яхшиламасак, камбағаллик қисқармайди”, - деди Президент.

Шу боис, келгуси йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар ажратилади. Бу маблағларнинг 1,2 триллион сўми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга берилади. Яна 2 триллион сўм ҳисобидан энг оғир 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилади.

Бу ишларни амалга ошириш учун вазирлар, ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, бошқарма бошлиқларидан иборат 250 нафар раҳбарга энг оғир 1 мингта маҳалла боғлаб берилади. Шунингдек, вилоятдаги 2 минг ва тумандаги 12 минг нафар раҳбарнинг ҳар бирига 5 тадан шароити энг оғир оила бириктирилади.


Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar