Ўзбекистон ва Марказий Осиё тўқимачилик ва тикувчилик саноати

Ўзбекистон ва Марказий Осиё тўқимачилик ва тикувчилик саноати

2026 йил I ярим йиллигида тармоқ ривожи ташқи бозордаги қарама-қарши тенденциялар шароитида кечди. Бир томондан, жаҳон тўқимачилик савдоси тиклана бошлади. Иккинчи томондан, кийим-кечакка истеъмол талаби нисбатан паст даражада сақланиб, нарх бўйича рақобат кучайди.

Шу шароитда Ўзбекистон минтақанинг етакчи тўқимачилик ва тикувчилик маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Мамлакатда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўсиб, тайёр маҳсулот экспорти юқори суръатларда кенгаймоқда. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида эса тармоқ ихтисослашуви фарқланиб, айрим мамлакатларда тикувчилик ва реэкспорт савдоси, бошқаларида эса асосан пахта хомашёсини қайта ишлаш ва экспорт қилиш устунлик қилмоқда.

Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик саноати

2026 йил I ярим йиллигида тўқимачилик ва кийим-кечак ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 7,4%га ўсиб, 73,4 трлн сўмга (6,1 млрд долл.) етди. Жумладан, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10,1%га ўсиб, 54,4 трлн сўмни (4,5 млрд долл.) ташкил этди. Кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми 19 трлн сўмга (1,6 млрд долл.) етди, бироқ кўриб чиқилаётган давр давомида реал ўсиш суръати 0,4%гача секинлашди (I чоракда ўсиш 15%ни ташкил этган). Тикувчилик сегменти амалда эришилган ишлаб чиқариш ҳажмини сақлаб қолди, бироқ ўсиш суръатлари бўйича тўқимачилик сегментидан сезиларли даражада ортда қолмоқда.

Тармоқнинг умумий ишлаб чиқаришида кийим-кечак улуши 2025 йилдаги 30%дан 2026 йил I ярим йиллигида 26%га пасайди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишига қарамай, тармоқнинг мамлакат саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 2025 йил I ярим йиллигидаги 13,7%дан жорий йилнинг мос даврида 11,5%га камайди.

Умуман, ишлаб чиқариш динамикаси тармоқда ўсиш сақланаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, таркибий муаммо ҳам кузатилмоқда: жорий йилда оралиқ тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга нисбатан тезроқ кенгаймоқда.

2026 йил I ярим йиллигида тўқимачилик ва кийим-кечак экспорти 25%га ўсиб, 1,6 млрд долл.га етди (бу ерда ва кейинги мамлакатлар бўйича ТИФ ТНнинг 50–63 товар гуруҳлари ҳисобга олинган). Бу ташқи бозорларга етказиб бериш тармоқ ўсишининг асосий манбаларидан бирига айланганини кўрсатади.

Кийим-кечак экспорти (ТИФ ТН 61–62 гуруҳлари) 32%га ўсиб, 627 млн долл.га етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари 52,6% ва ип-калава 31,1% билан асосий улушни эгаллайди. Трикотаж матолар улуши 9%, газламалар улуши эса 5%ни ташкил этади.

Кийим-кечак экспортининг юқори суръатларда ўсиши ярим йилликнинг энг ижобий натижаларидан бири бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш занжири бўйлаб юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга ўтиб бораётганини англатади. Тайёр кийим-кечак маҳсулоти бирлигининг қиймати ҳамда унда меҳнат, дизайн, қадоқлаш ва маркетинг ҳиссаси одатда ип-калава ёки ишлов берилмаган газламалар экспортига нисбатан юқори бўлади.

Тўқимачилик ва кийим-кечак импорти 11,2%га ўсиб, 394 млн долл.га етди. Шу билан бирга, кийим-кечак импорти 27%га ошиб, 66 млн долл.ни ташкил этди. Импортнинг кенгайиши ички истеъмол бозорининг ўсиши, шунингдек, ривожланаётган тўқимачилик ва трикотаж саноати учун хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларга талабнинг ортиши билан боғлиқ.

Тўқимачилик ва кийим-кечак ташқи савдосининг ижобий сальдоси ўтган йилги 959 млн долл.дан 1,2 млрд долл.га етди ва қарийб 30%га ошди. Экспорт импортдан 4,15 баробар юқори бўлди, 2025 йил I ярим йиллигида бу кўрсаткич 3,71 баробарни ташкил этган. Натижада тармоқ мамлакатга валюта тушумларини таъминловчи йирик манбалардан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади.

Марказий Осиё мамлакатларида тўқимачилик ва тикувчилик саноати

Марказий Осиёда тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотларининг энг йирик истеъмол бозори бўлган Қозоғистонда 2026 йилда ишлаб чиқариш ҳажми фаол ўсиб, импорт қисқармоқда.

2026 йил I ярим йиллигида тўқимачилик ва кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми 207 млн долл.га етди. Бунда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,5 баробарга ошиб, 126 млн долл.ни, кийим-кечак ишлаб чиқариш эса 30%га ўсиб, 80 млн долл.ни ташкил этди.

Ишлаб чиқариш ўсишини ташқи талаб ҳам қўллаб-қувватламоқда. 2026 йил январь–май ойларида тўқимачилик ва кийим-кечак экспорти 38%га ўсиб, 174 млн долл.га етди. Шу билан бирга, кийим-кечак экспорти 17,5%га камайиб, 34 млн долл.ни ташкил этди.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши билан бир вақтда Қозоғистон тўқимачилик ва кийим-кечак импортини сезиларли қисқартирмоқда. Январь–май ойларида импорт 26%га камайиб, 895 млн долл.ни, жумладан, кийим-кечак импорти 34%га қисқариб, 460 млн долл.ни ташкил этди. Импортнинг камайиши ички ишлаб чиқариш ҳисобига маҳсулотларнинг ўрни қопланаётгани, шунингдек, қўшни мамлакатларга йўналтирилган транзит ва реэкспорт оқимлари ҳажмининг қисқариши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай оқимлар расмий ташқи савдо статистикасида акс этган бўлиши эҳтимол.

Қирғизистонда тикувчилик саноати 2026 йил I ярим йиллигида сезиларли қийинчиликларга дуч келди. Тармоқнинг етакчи йўналиши бўлган кийим-кечак ишлаб чиқариш 2,4%га қисқариб, 112 млн долл.ни ташкил этди, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса қарийб 30%га камайди. Натижада секторнинг саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 3,2%дан 2,6%га тушди.

Ишлаб чиқаришдаги пасайиш экспорт кўрсаткичларида ҳам акс этди. 2026 йил январь–май ойларида тўқимачилик ва кийим-кечак экспорти 3,5%га қисқариб, 57 млн долл.ни, жумладан, кийим-кечак экспорти 2%га камайиб, 40 млн долл.ни ташкил этди.

Импорт қарийб икки баробар, яъни 47%га қисқариб, 197 млн долл.га тушди. Жумладан, кийим-кечак импорти 20%га камайиб, 46 млн долл.ни ташкил этди.

Тожикистонда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,5%га, кийим-кечак ишлаб чиқариш 3,9%га ўсди. Тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотларининг жами ишлаб чиқариш ҳажми 122 млн долл.га етди, унинг қарийб 80%и тўқимачилик маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 23%га ўсиб, 121 млн долл.га етди. Экспортнинг асосий қисми, яъни 61%и пахта толаси ҳиссасига тўғри келди. Пахта толаси экспорти 35%га ўсиб, 74 млн долл.ни ташкил этди.

Тўқимачилик маҳсулотлари импорти қарийб 1,5 баробарга ошиб, 111 млн долл.га етди. Ташқи савдонинг ижобий сальдоси 23,3 млн долл.дан 10,5 млн долл.га қисқарди. Импортнинг ўсиши ички талабнинг кенгайиши ҳамда кейинчалик қайта ишлаш учун хомашё ва материаллар харидининг ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Туркманистонда расмий ОАВ хабарларига кўра, Тўқимачилик саноати вазирлиги тизимида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмининг ўсиш суръати 6,3%ни ташкил этди.

Ташқи бозорлардаги вазият ва Марказий Осиё бозори

2026 йил I ярим йиллигида жаҳон тўқимачилик ва кийим-кечак бозорларида вазият турлича кечди. Савдо ва ишлаб чиқариш фаоллиги тикланиб борган бўлса-да, тайёр кийим-кечакка талаб нисбатан пастлигича қолди, нарх рақобати ва ишлаб чиқарувчилар харажатлари ошди. Йирик экспортчи мамлакатларда динамика сезиларли фарқ қилди.

2026 йил январь–июнь ойларида Хитой тўқимачилик саноатида яратилган қўшилган қиймат 3,3%га ошди. Ишлаб чиқаришда мўътадил ижобий динамика сақланди, бироқ ўсиш суръати Хитой йирик саноатининг умумий ўсишидан паст бўлди. Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак экспорти 1,3%га ўсиб, 145 млрд долл.га етди, шу билан бирга, кийим-кечак экспорти 1,2%га қисқариб, 69,8 млрд долл.ни ташкил этди.

Туркияда тармоқда мураккаб вазият сақланиб қолмоқда. Май ойида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,6%га ўсган бўлса, кийим-кечак ишлаб чиқариш 12,5%га қисқарди. 2026 йил январь–июнь ойларида тўқимачилик ва кийим-кечак экспорти 1,9%га камайиб, 14,7 млрд долл.ни ташкил этди. Жумладан, кийим-кечак экспорти 1,8%га қисқариб, 7,8 млрд долл.га тушди.

Вьетнамда ишлаб чиқариш юқори ўсиш суръатларини намоён этмоқда. 2026 йил январь–июнь ойларида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10%га, кийим-кечак ишлаб чиқариш 5,5%га, тери ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 104,0%га ўсди. Экспорт ўсиши нисбатан паст бўлиб, 0,9%ни ташкил этди ва унинг ҳажми 18,9 млрд долл.га етди.

МДҲ ҳудудида енгил саноат маҳсулотларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлган Россияда тармоқ ишлаб чиқариши 3,2%га қисқарди. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилги ҳажмни деярли сақлаб қолиб, 0,3%га ўсди, кийим-кечак ишлаб чиқариш эса 6,3%га камайди. Июнь ойида кўрсаткичлар ярим йиллик ўртача натижаларидан яхшироқ бўлди: 2025 йил июнига нисбатан тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,2%га, кийим-кечак ишлаб чиқариш 4,4%га ўсди.

Ушбу жараёнлар Марказий Осиё бозори ва минтақадаги корхоналар фаолиятига бевосита таъсир кўрсатиб, уларнинг маҳсулотларига талаб, импорт хомашё ва материаллари қиймати ҳамда рақобат шароитларини белгилаб берди. Хусусан, Хитойнинг Марказий Осиёга тўқимачилик ва кийим-кечак экспорти 25%га қисқариб, 4,9 млрд долл.ни ташкил этди. Жумладан, кийим-кечак етказиб бериш 35%га камайиб, 2,9 млрд долл.га тушди.

Туркиянинг Марказий Осиёга экспортида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Минтақага етказиб бериш 20%га қисқариб, 444 млн долл.ни ташкил этди. Қозоғистон ва Қирғизистонга тўқимачилик ва кийим-кечак экспорти сезиларли камайган бўлса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга экспорт ҳажми ошди.

Умуман, Марказий Осиё бозорига йирик тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари етказиб берувчилар экспортининг кескин қисқариши минтақадаги транзит ва реэкспорт оқимлари ҳажмининг камайиши билан ҳам изоҳланиши мумкин.

Хулоса

2026 йил I ярим йиллигида Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик саноати умуман ижобий натижаларни қайд этди. Кўрсаткичлар экспорт салоҳияти мустаҳкамланаётганини ҳамда хомашё экспортидан қайта ишланган маҳсулотлар етказиб беришга ўтиш давом этаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, кийим-кечак ишлаб чиқариш ўсиши деярли тўхтаган бир пайтда, тўқимачилик сегменти кенгайишда давом этди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, экспортни янада ошириш имкониятлари тикувчилик корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари ва меҳнат унумдорлиги билан чекланиши мумкин.

Минтақавий миқёсда Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича энг йирик ва мувозанатли ишлаб чиқарувчи бўлиб қолмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистонда импортга, Тожикистонда эса пахта хомашёси ва бирламчи қайта ишлаш маҳсулотлари экспортига юқори боғлиқлик сақланмоқда. Бу минтақавий кооперацияни кенгайтириш, хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ қўшилган қиймат занжирларини минтақа ичида йўлга қўйиш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларининг минтақавий бозордаги мавқеини босқичма-босқич мустаҳкамлаш учун имконият яратади.

Руслан Абатуров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar