Президент топшириғи: Оилавий тадбиркорлик қилиш учун кредитлар ажратиш соддалаштирилади

Президент топшириғи: Оилавий тадбиркорлик қилиш учун кредитлар ажратиш соддалаштирилади

3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, карантин чораларини юмшатиш натижасида 17 мингдан зиёд саноат ва 10 мингта қурилиш соҳасидаги корхоналар фаолияти тикланди. Лекин уларнинг кўпида маблағ оқимлари карантингача бўлган даврдагига нисбатан 3 баравар камайиб кетган.

Марказий банкка ҳисоб-варағида пул айланмаси етарли бўлмаган корхоналар муаммоларини аниқлаб, уларга кўмаклашиш бўйича кўрсатма берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида 300 минг аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш, 265 минг нафарини ишга жойлаштириш, жумладан, вазирлик жамғармаси ҳисобидан шахсий томорқаларга 36 миллиард сўм субсидия ажратиш орқали 18 минг камбағал аҳоли бандлигини таъминлаш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурига қўшимча 1 триллион сўм маблағ ажратилди. Умуман айтганда эса, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Президент топшириғига кўра, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш соддалаштирилди.

Ушбу маблағларни самарадорлиги юқори ва кафолатланган иш ўринлари яратадиган кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларига йўналтириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳунармандчилик учун бугунги кунга қадар 190 миллиард сўм ажратилган. Аммо Навоий, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида бу маблағларнинг ўзлаштириш суръати танқид қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар